‘Президентлик сайлови бўлиб ўтган деб ҳисоблансин’

Сурат манбаси, BBC World Service
Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси эълон қилишича, Тошкент вақти билан эрталабки соат 10 гача етарли сондаги сайловчилар овоз бериб бўлганлар ва бу Ўзбекистонда президентлик сайлови бўлиб ўтди, деб ҳисоблашга асос бўлади.
Сайлов комиссияси хабарига кўра, мамлакат фуқароларининг 20 миллион 798 минг 52 нафари овоз бериш ҳуқуқига эга шахслар сифатида рўйхатга олинган.
Ва соат 10 гача ана шу сайловчиларнинг 36,55 фоизи овоз беришда иштирок этган.
“Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови ҳақида”ги қонуннинг 35-бандига биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтган деб ҳисобланади", дейилади Сайлов комиссияси тарқатган хабарда.
Сайлов масъулларига кўра, 29 март куни Тошкент вақти билан эрталабки соат 6 дан барча сайлов участкалари очилган.
Овоз бериш кечки соат 8 гача давом этиши мўлжалланган.
Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссиясига кўра, президентлик сайловини ўтказиш учун 14 сайлов округининг 9058 сайлов участкаси ташкил қилинган.
Президентликка номзодлар сифатида Марказий Сайлов комиссияси Ўзбекистонни 1989 йилдан буён бошқариб келаётган Ислом Каримов, Акмал Саидов, Наримон Умаров ва Ҳотамжон Кетмоновни рўйхатга олган.
Жаноб Каримов номзодини Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Акмал Саидов номзодини “Миллий тикланиш” партияси, Наримон Умаров номзодини “Адолат” социал-демократик партияси, Ҳотамжон Кетмонов номзодини Халқ демократик партияси илгари сурган.
Ўзбек расмийлари президентлик сайловининг эркин, адолатли, шаффоф эканини урғулайдилар.
Бироқ аксар маҳаллий ва хорижий кузатувчилар фикрича, Президент Ислом Каримов қайта сайланмасликка имконият қолдирмаган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












