Хьюман Райтс Уотч: Сиёсий маҳбуслар озод қилиниши керак

Конституция куни муносабати билан Ўзбек расмийлари сиёсий айбловлар қўйилиб қамоққа ташланган ҳар бир кишини озод қилиши лозим, дейилади Хьюман Райтс Уотч ва "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" бирлашмаси эълон қилган баёнотда.

Шунингдек, расмийлар 2014 йилнинг сентябрида ҳаётдан кўз юмган, бўйнига сиёсий айблов қўйилган 37 ёшли Нилуфар Раҳимжонованинг ҳибсдаги ўлими юзасидан самарали тергов ўтказиши шарт, дейилади халқаро ташкилотлар баёнотида.

Ўзбекистон ҳукумати минглаб инсонлар, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари ва мухолифат фаоллари, журналистлар, тақводорлар, санъаткорлар ва бошқа танқидчиларнинг бўйнига сиёсий айбловларни қўйган.

"Ўзбекистон ҳукумати дунёнинг энг узоқ муддат тутқунликда ушлаб турилган айрим сиёсий фаолларини, мустақил журналистларни ва бошқа зўравонликка қўл урмаган намояндаларни қамоққа ташлаган ва қийноқларга солган", дейди Хьюман Райтс Уотчнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлоу. "Ўзбек ҳукумати шу фурсатдан фойдаланиб ўз асос ҳуқуқларини тинч йўл билан изҳор этгани учун нотўғри тутқунга айлантирилган барчани, шунингдек, қамоқ муддатлари ўзбошимчалик билан узайтирилган инсонларни озод этиши лозим".

Ўзбек расмийлари Конституция куни муносабати билан 7 декабда амнистия қилдилар. Бу кейинги бир неча ой мобайнида минглаб маҳкумларга тааллуқлидир. Ўтган йилларда кузатилгани сингари бу йилги авф ҳам жиддий бўлмаган қонунбузарликлар содир этганлар ва аёллар ва ёши 60 дан ошган демографик қатламлар вакилларига тадбиқ этилади. Аммо сиёсий сабаблар билан қамоққа ташланганлар амнистия бандларига тушсалар ҳам камдан-кам қўйиб юбориладилар. Улар ҳатто озод этилганларида ҳам бўйниларида ноқонуний ҳукмлар қолади.

Хьюман Райтс Уотч ўзининг яқинда эълон қилинган ҳисоботида Ўзбек расмийлари "қамоқ қоидаларини бузаётганлари"ни ҳужжатлаштирди. Қамоқ муддатини узайтириш охирги йилларда сиёсий айбловлар билан қамалган 44 инсондан камида 14 нафарига қўлланган, шунингдек, диний экстремизмга боғлиқ айбловлар билан маҳкум қилинганларга кенг қўлланиб келади. Қамоқ муддатини узайтиришга арзимас важлар, хусусан, "рухсатсиз" тирноқ олгич сақлагани, дуо ўқигани ва оқ кўйлак кийгани сабаб қилиб кўрсатилади.

"Ноқонуний тутқун этилганлардан Муҳаммад Бекжонов, Акром Йўлдошев, Мурод Жўраев ва Солижон Абдураҳмонов кекса ёки бетоб. Ўзбекистон ҳукумати амнистия дастурини кенг тадбиқ этиши керак, тутқунлар бир кун ҳам панжара ортида қолмасликлари лозим", дейди "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" бирлашмаси президенти Надежда Отаева.

Асоссиз қамоққа ташланганлар орасида ўзларининг сўз эркинлиги ҳуқуқини тинч йўл билан изҳор этган 14 инсон ҳақлари ҳимоячиси бор: Аъзам Фармонов, Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова, Исроилжон Холдоров, Ғайбулло Жалилов, Нураддин Жуманиёзов, Матлуба Камилова, Ғанихон Маматхонов, Чўян Маматқулов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов, Бобомурод Раззоқов, Фахриддин Тиллаев ва Аъзам Турғунов.

Беш нафар журналист: Солижон Абдураҳмонов, Муҳаммад Бекжонов, Ғайрат Михлибоев, Юсуф Рўзимуродов ва Дилмурод Саййид. Тўрт мухолифат фаоли: Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов, Қудратбек Расулов ва Рустам Усмонов. Уч мустақил диний арбоб: Руҳиддин Фахриддинов, Хайрулло Ҳамидов ва Акром Йўлдошев.

Яна олти киши ҳукумат танқидчиси деб кўрилади, жумладан, Ботирбек Эшқўзиев, Баҳром Ибрагимов, Даврон Кабилов, Эркин Мусаев, Даврон Тожиев, Равшанбек Вафоев ва Дилором Абдуқодирова 2005 йил 13 майидаги Андижон қирғини гувоҳи. Шу куни Ўзбекистон ҳукумати қўшинлари юзлаб тинч намойишларни отиб ўлдирган.

Ўзбек ҳукумати зудлик билан сиёсий айбловлар қўйилган тутқунларга нисбатан ноқонуний муомала қилингани даъволарини тергов қилмоғи, сиёсий тутқунлар муддати узайтирилган ёпиқ эшиклар ортидаги маҳкамаларни қайта кўриб чиқмоғи, барча маҳкумларни тиббий муолажа ва халқаро инсон ҳуқуқларида эътироф этилган қариндошлари билан кўришишларини таъминламоғи лозим, деб чақиришган инсон ҳақлари ташкилотлари.

Ташкилотлар 2011 йилда Ўзбек-Тожик чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланиб 10 йилга қамаб юборилган Нилуфар Раҳимжонованинг Тошкент четидаги Зангиота аёллар қамоқхонасидаги ўлимини муфассал текширишга чақирганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002