"Ўзбекистон Конституция кунини қонунбузарликлар билан нишонлайди"

8 декабрда Ўзбекистонда Конституция қабул қилинган кун.
Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Алянси тарқатган баёнотда айтилишича, Ўзбекистонда Қонун шартлари ҳукуматнинг ўзи томонидан доимий равишда бузиб келинади.
Конституциянинг 2- моддасига биноан, "Давлат халқ иродасини акс эттиради ва унинг манфаатлари учун хизмат қилади. Давлат идоралари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар".
Амалда эса, фуқаролар давлат сиёсатидан қониқмайдилар, амалдорларнинг масъулиятсизлиги ва эътиборсизлигидан норозилик билдириб келадилар.
Давлат идоралари ва амалдорлар фақат ўз манфаатларини ҳимоя қилади, дейилади Алянс баёнотида.
Конституциянинг 13- моддасида кўрсатилишича, "Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади".
Аслида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилади, уларнинг оммавий равишда жиноий жавобгарликка тортилиши ва узоқ муддатларга озодликдан маҳрум қилиниши кузатилади.
Шунингдек, Конституцияда тақиқланганига қарамасдан, тергов жараёнида ва қамоқда маҳбусларга муттасил равишда қийноқлар қўлланилади. Бироқ мутасадди идора ходимлари томонидан содир этиладиган бундай жиноятлар жазосиз қолиб кетаверади.
Жумладан, Алянсдаги охирги маълумотларга кўра, 49-колонияда сақланаётган Михаил Қурбонов, 46-сонли қамоқхонадаги Андрей Хван доимий равишда қийноқларга солиб келинмоқда.
Асосий қонуннинг 28- моддасида фуқароларнинг республика ҳудудида эркин ҳаракатланишлари кафолатланади. Бироқ амалда вилоятдан пойтахтга келадиган инсонлар Тошкентда қисқа муддатда рўйхатдан ўтишлари талаб қилинади, акс ҳолда улар ҳибсга олиниши мумкин.
Конституцияга мувофиқ, фуқаролар ўз фикрларини митинглар, йиғилиш ва намойишлар кўринишида билдириш ҳуқуқига эгалар. Лекин Ўзбекистонда одамларга якка ҳолда ҳам пикет ўтказиш имконияти берилмайди.
2014 йилда Аделеида Ким, Елена Урлаева норозилик акцияси ўтказганлари учун ҳибсга олинганлар. Аделаида Кимга маҳкама томонидан жарима солинган.
Конституциянинг 37- моддасида мажбурий меҳнат тақиқланган. Бироқ Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми давлат томонидан ҳар йили пахта теримига мажбуран жалб қилинади.
Давлат жамиятнинг илмий ва техник ривожланишига ғамхўрлик қилиши таъкидланади, аммо олим ва кашфиётчилар тўлиқ назорат остида. Хусусан, Ҳамза туман маҳкамаси олим Санжар Саиджоновни кимёвий ўғитлар ўрнига биомаҳсулот кашф қилганига қарши жиноий иш қўзғатган ва унинг кашфиёти тортиб олинган.
Конституция куни Ўзбекистонда байрам ҳисобланади. Аксарият аҳоли эса қонунда белгиланган ҳуқуқлар фақат қоғозда қолиб кетишини билдиради.
Фарғоналик фаол Неъматжон Содиқовнинг ҳуқуқбонлик фаолияти туфайли нафақат ўзи, балки ўғиллари ҳам жиноий жавобгарликка тортилган.
Ўзбекистонда энг ҳуқуқсиз қатлам мардикорларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиб чиққан Фахриддин Тиллаев ва Нуриддин Жуманиёзовлар узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилинган.
Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда сиёсий маҳбуслар йўқлигини айтиб келади. Бироқ Ўзбек қамоқхоналарида ҳукумат сиёсатига қарши бўлгани учун ҳибсга олинган минглаб сиёсий ва диний маҳбуслар мавжуд.
Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов каби ўнлаб сиёсий маҳбуслар қарийб 20 йилдан буён тутқунликда қолмоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002












