"Ўзбекистонда фермерларнинг барчаси давлатдан қарздор"

Anhor.uz пахтани ташқи бозорда сотишдан тушадиган маблағнинг бир қисми энди фермер хўжаликларига берилишини маълум қилган. Малағ фермерларнинг давлат ташкилотлари олдидаги қарздорликни тўлаш учун сарфланиши ёзилган. Би-би-си ушбу мавзуни ўрганиш жараёнида фермерларнинг барчаси қарзга ботганини билди. Ўзбекистон фермерлар кенгашидан масъулнинг айтишича, мамлакатда фаолият юритаётган 73 минг фермер хўжалигининг барчаси давлатдан қарздор.
Ўзбекистон фермерлар кенгашидан исмини оммага ошкор қилишни истамаган мулозимлардан бири Ўзбекистондаги фаолият юритаётган 73 минг ва тугатилиш арафасида турган яна 7 минг фермер хўжалиги қарзга ботганини айтди.
Яъни рўйхатдан ўтган 80 минг фермер хўжалигининг барчаси давлатдан қарздор. Би-би-си билан гаплашган масъул уларнинг нима сабабдан қарзга ботгани ҳақида телефон орқали маълумот беролмаслигини айтди. Унга кўра бошқа ташкилотлар каби фермерларнинг ҳам қарзга ботиши нормал ҳолат.
Фермерлар кенгашидан масъулнинг айтишича, анҳор.узда чиққан янгилик Вазирлар маҳкамасининг бирорта қарори ёки тегишли ҳужжатга асосланмаган. Шу боисдан ушбу хабар борасида бирор фикр билдириш қийин.
Anhor.uz да чиққан хабарда ёзилишича, пахта толасини сотиш бўйича ички ва ҳақиқий нархлар орасидаги мусбат фарқни тўплаш ва ундан фойдаланиш тартибига ўзгаришлар киритилди.
Ушбу миқдор солиққа тортилмайди ва унинг 50% пахта етиштириш билан шуғулланувчи фермер хўжаликларига уларнинг республика Давлат бюджети ёки хизмат кўрсатувчи корхоналар олдидаги кредиторлик қарзини ёпиш учун йўналтирилади.
Давлат мулозимлари фермер хўжаликлари ташкил қилиниш ортидан ер ўз эгасини топганини ва мулкчилик ривожланганини бот-бот таъкидлашади. Бироқ Фермерлар кенгаши масъулининг гапи аксини тасдиқламоқда.
100 гектар ерга эгалик қилувчи фермернинг Би-би-сига айтишича, давлатдан 160 миллион сўм ёки 66 минг доллар қарзи бор. Унинг таъкидлашича, гарчи ҳар йили пахта ва ғалла топшириш бўйича давлат режаси ортиғи билан бажарса ҳам “Ўзнефтмаҳсулот”, “Ўзагромашсервис” каби давлат ташкилотларидан қарздор бўлиб қолмоқда. Фермернинг изоҳлашича, далат пахта ва ғаллани бозор нархидан жуда ҳам паст баҳода сотиб олади ва натижада фермернинг боши қарздан чиқмайди.
Қарздорлик натижасида кўплаб фермерлар хўжалигини ташлаб Россия ва Қозоғистонга қочиб кетишга мажбур бўлган. Қолган фермерларга қочиб кетганларнинг ери ҳам қўшиб берилган.
Фермерларнинг ўзи ва кузатувчилар жуда кўпчилик фермерларнинг қуллардек шароитда ишлашга мажбурлигини таъкидлашади.
Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002












