Ўзбекистонда қарийб 3.5 миллион тонна пахта етиштирилди

Бу йилги пахта кампанияси ҳам репрессив чоралар остида ўтган
Сурат тагсўзи, Бу йилги пахта кампанияси ҳам репрессив чоралар остида ўтган

Президент Ислом Каримов қарийб 3.5 миллион тонна пахта етиштирган деҳқон ва фермерларни табриклаган.

Президентнинг айтишича, об-ҳаво шароитларининг ноқулай келганига қарамай, бу йилги пахта ҳосилининг 90 фоизи юқори сортларга топширилган.

Президент пахтанинг 44 фоизи Ўзбекистоннинг ўзида қайта ишланаётгани ва пахтачиликда агротехниканинг кенг қўлланаётганини айтган.

Жаноб Каримов бу йил ўзбекистонлик деҳқон ва фермерлар пахтадан қўшимча 200 миллиард сўм даромад кўрганликларини айтган.

Унинг сўзларига кўра, пахтачиликдан олинадиган бу йилги даромад ўтган йилгидан 12 фоизга ортган.

Ўзбекистонда пахта топшириш шартнома мажбуриятининг бажарилгани ҳақидаги эълон об-ҳаво кескин совиб кетган кунларга тўғри келган.

Аммо пойтахт Тошкент ва қатор вилоятлардаги қор ва ёмғирга қарамай, пахтага сафарбарлик 1 ноябрга қадар давом этиши ҳақида хабарлар олинган.

'Хирмонда йўқ...'

Президент ўз табригида кўп миллионлик пахта хирмонини юксалтиришга ҳисса қўшган ўн минглаб талаба, ўқитувчи ва шифокорлар ҳақида лом-мим демаган.

Пахта режаси бажарилгани эълон қилинган 24 октябр куни "Эзгулик" инсон ҳақлари жамияти Қашқадарёда ўрта мактаб ўқувчилари пахтага ҳайдалгани ҳақида хабар тарқатган.

Хабарда айтилишича, вилоятнинг Қамаши тумани Баландчайла қишлоғидаги 11-сонли умумтаълим мактабининг 7, 8, 9-синф ўқувчилари маҳаллий ҳокимият ташаббуси билан шу йилнинг 15 октябридан пахта йиғим-теримига жалб қилинган.

"Эзгулик" ка кўра, шунингдек, Қашқадарёнинг Ғузор туманида 6-синф ўқувчилари, Сирдарё вилоятида эса коллежнинг меҳнат ёшига етмаган 1-босқич талабалари пахтага чиқарилган.

Риштонлик журналист ва лицей ўқитувчиси Баҳодир Элибоевнинг Би-би-сига айтишича, шанба куни тумандаги академик лицей талабалари пахтадан қайтарилган, аммо тиббиёт ва бошқа коллежлар талабалари ҳануз пахта далаларида қолишаётир.

"Бизга ажратилган пахтазорда пахта қолмагани учун қайтарилди талабалар, қолганлар ҳали ҳам пахтада", - дейди риштонлик ўқитувчи.

Жиззахда ҳам талабаларнинг ёғингарчилик сабаб пахта далаларидан қайтаётгани хабар қилинмоқда.

Репрессив чоралар

Бу йил Ўзбекистон ҳукумати 18 ёшга етмаган талабаларни пахта йиғим-теримига жалб қилмаган, аммо уларнинг ўрнига ўн минглаб бюджет ходимлари далаларга олиб чиқилган.

Пахта кампанияси маҳаллий ҳокимият ва куч тизимларининг фавқулодда репрессив чоралари остида ўтган.

Би-би-сига етиб келган маълумотларга кўра, пахта теримида сабабсиз қатнашмаган талабаларни ўқув юртларидан ҳайдаш, ота-оналар ва маҳалла яшовчиларидан пул йиғиш ҳоллари кенг тарқалган.

Бу йил ҳатто пойтахтдаги олий ўқув юртлари, жумладан, Миллий Универститет талабалари ҳам узоқ йиллик танаффусдан сўнг пахтага олиб чиқилган.

Би-би-сига гапирган айрим талабалар ўзларига пахта учун ҳақ тўланмагани, қайтага озиқ-овқатдан қарз бўлиб қолганликларини айтишган.

Аввалроқ Тошкентда ўтган пахта ярмаркасида Ўзбекистон ҳукумати 1 миллиард долларлик шартномалар имзолашни режалаётгани айтилган.

Ўзбекистонда экспортнинг асосий бандларидан бўлган пахтани давлат деҳқонлардан арзон нархда сотиб олади ва унинг жаҳон бозорида сотилишини қаттиқ назорат қилади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари мажбурий меҳнат эвазига етиштириладиган ўзбек пахтасидан келадиган даромад ҳокимият доираларига яқин кичик бир гуруҳ томонидан назорат қилинишини айтадилар.