Эскирган бўлка ва ё пишмаган палов орзуси ҳақида пахтакор талабанинг мактуби

Пахта даласига 2014 йили 11 сентябр куни келган эдик.

Эртасига пахта теришга бордик аввалига хаммаси ўз ўрнида эди. Пахтани бўйи белингдан икки қарич паст келади.

Биринчи теримни бир илож қилиб тердик.

Шийпонда домлалар хар куни соат 9 да йиғилиш ўтказиб, ким қанча тергани, кам терганларни разбор қиларди.

Энг кам пахта нормаси 60 кг бўлишини ва нима учун кам терганини сўрар эди...

Агар кам терса пахта тугаши билан студентни семестрда баҳосини паст қўйиб сарсон қилиши, қайта-қайта такрор қилдириб итдай югуртиришини домлалар айтишади.

5- куни пахта шийпонида яна соат 9 да йиғилиш ўтказилди.

Бир йигитни домла нима учун 45 кг тердинг, деб сўкди. Шунда студентлар жонларига теккандан, ҳамма бир тан бўлиб атайин 45 кггача теришга келишиб олишди ва домлаларга оммавий равишда бўйсунмасликни афзал кўришди.

Ҳайит намозидан олдин арафа куни 10 талаба ярим кечаси қочиб кетишди.

Эрталабки разводда домлалар уларга чора кўриш билан пўписа қилишиб, Ҳайит байрамидан кейин келишса улар билан гаплашишларини айтишди.

Ҳайитдан кейин қочиб кетганлар билан гаплшишди ва улардан иккитасини олийгоҳдан ҳайфсан бериб ҳайдаб юборишди.

Ҳозир иккинч терим бошланди, болалар ҳалигача пахта теришмокда. Пахта ҳам жонга текканидан қочиб кетишмоқда. Мана буни "оммавий буйсунмаслик" деса бўлади...

Овқатларга келсак...овқатлар одатдагидек... пахтанинг овқати магазинлардаги муддати ўтган макаронлар...

Талабаларга пахта пули терганига яраша берилади...

Шулардан овқатга ва этакка олиб қолишиб, теримчига ишлаган кунига пахта пулини беришади.

Масалан, мен 5 кун ичида 200 кг терган бўлсам,овқат ва этак пули деб анча олиб қолишди. 34 000 ишлаган пулимдан қўлимга фақат 17 000 беришди.

Булка нонлар ўта сифатсиз келади. Ичи чала пишган ва ё эскирган.

Бирон марта ош қилингани йўқ. Ош учун гуручга пул йўқ дейишди. Тавба, бой давлатмиз дейишади яна... 84 нафар теримчига ош учун пул топишолмайдими? Ҳа, майли, қолганини келаси гал ёзаман, ҳозир яна пахтага!

(Мактуб таҳрирсиз чоп этилмоқда - BBCUZBEK)