UzWebiston: Блоггерлар, бошни яхшилиб қашилаб, сӯнг хабар қӯйинг!

Сурат манбаси, PA

Ӯзбекистонда веб-сайт ва веб-сайт саҳифасининг эгалари, шу жумладан, блоггерларнинг ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни интернетга жойлаштиришдаги масъулияти оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, бундай шахслар ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши талаб қилинади.

Ўзбекистонда блоггерлар фаолиятининг қонун билан тартибга солиниши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида маъқулланган.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда блоггер тушунчасига изоҳ берилган ҳамда ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни эълон қилиш тартиби ҳақида янги меъёрлар ўз аксини топган.

Қонунга кўра, интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий хусусиятга ва бошқа хусусиятга эга ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс блоггер ҳисобланади.

Қонунга мувофиқ блоггерлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш, уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш, давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш, порнографияни тарғиб қилиш тақиқланади.

Kun. uz веб-сайтида берилган хабардан келиб чиқиладиган бӯлса энди оддий блоггерлар ҳам саҳифаларига жойлаётган ҳар бир хабарни аввалига минг бир чиғириқдан ӯтказишлари шарт.

Йӯқса, мамлакат қонунларини бузганликда айбланишлари мумкин.

Таҳлилчиларга кӯра, Ӯзбекистонда босма оммавий ахборот воситалари, телевидение ва радио тӯла назорат остига олинган.

Фақат айрим блоггерлар ҳукуматга ёқмайдиган тӯғри хабарларни ӯз саҳифаларига жойлаштириб келаётган эдилар.

Сенаторлар қабул қилган янги қонун энди Ӯзбекистонда блоггерлик ҳаракатини ҳам чеклашга олиб боради, дейишади кузатувчилар.