Шўро ҳайкаллари хотирами ёки "Хайр, Ленин" деб айтамизми?

Бишкекда сершовқин истироҳат боғи ва тиғиз йўллар оралаб келаверилса, Қирғизистон Миллий музейи орқасидаги майдон сокин хиёбонга ўхшайди.
Ёлғиз йигит Қирғизистон ССРнинг собиқ штаб квартирасининг эскизи устида ишлаяпти, бир гуруҳ ўсмирлар эса расмга тушмоқда. Буларнинг ҳаммаси Владимир Ильич Ульянов боши узра кўриниб туради, унинг ҳайкали хиёбоннинг ўртасида жойлашган. Биз уни дарров таниймиз: бу ерда Ленин бобо турибди.
Собиқ совет коммунист қаҳрамонларининг ҳайкали бизнинг сафаримиз давомида совет даври ҳақидаги хотираларни уйғотади. Ҳар бир собиқ совет республикаси учун улар турли ўтмишга эга. Ёлғиз биргина савол: "Агар СССР бошқа мавжуд эмас экан, уларнинг тақдири қандай бўлиши керак?" Улар хотира сифатида қолиши керакми, ёки биз "Хайр, Ленин" деб айтамизми?
Қирғизистон
Ленин ва унинг ҳайкали Қирғизистонда қолган. "У ўзининг дастлабки жойида Бишкекдаги марказий майдонда 2003 йилгача турди", дейди Йен Клейтор. У Бишкекда 1995 йилдан буён сайёҳлик агентлигида ишлаб келади.
У Қирғизистонга келган пайтидан бошлаб қирғиз тарихини ўрганди ва шаҳар ҳақида ўзининг блогида деярли ҳар кун ёзиб боради.
Ҳукумат Ленинни майдоннинг бошқа томонига, омма назаридан нарироққа кўчирди. Совет Иттифоқининг ғоявий отаси бир пайтлар турган жойни қирғиз халқининг тарихий қаҳрамони от устидаги Манаснинг ҳайкали эгаллади. "Бу қирғиз халқида миллий ғурур туйғуларини кучайтириш ва мустақилликка урғу бериб туриш учун учун қилинди".
Тожикистон
Қўшни Тожикистонда ҳам Ленин бобонинг Хўжанддаги 23 метрлик ҳайкалини олиб ташлашга қарор қилинди. Унинг ўрнини сомонийлар подшоҳи эгаллади. Сомоний сўзини ҳамма жойда учратиш мумкин. Марказий кўчалар, бинолар номлари ва ҳатто Тожик миллий валютасида ҳам сомоний бор. Марказий Осиёдаги энг баланд ҳайкал махсус транспорт ёрдамида шаҳар чеккасидаги тинч боғга- қачонлардир турган фахрли еридан узоқроққа олиб бориб ўрнатилди.
Ўзбекистон
Бироқ буни амалга оширишнинг бошқача йўллари ҳам мавжуд. Яъни Ўзбекистондаги каби. Мустақилликка эришилгач, Президент Ислом Каримов раҳбарлигидаги авторитар тузум Совет Иттифоқини эслатадиган барча нарсаларга қарши рейд бошлади. Ҳайкал ва ёдгорликлар бузиб ташланди, бино ва кўчалар миллий қаҳрамонлар шарафига ўзгартирилди, кирилл алифбоси лотинчага ўтказилди. Қўшни давлатларда бўлгани каби, Ўзбекистон ҳам ўзининг миллий қаҳрамони- Амир Темурни тақдим этди. Ғарб тарихчилари томонидан Темур 10 асрларнинг шафқатсиз ҳукмдор сифатида кўрсатилади. Ўзбекистон ҳукумати эса Темурнинг буюк давлатчиликка асос солгани, буюк ўзбек бўлганига урғу беради.
Яна Бишкек
Бишкекка қайтар экан, блоггер Йен Клейтор кофе ичишга тўхтайди. "Одамлар бу ерда советларни кўп ҳам ёмон кўрмайди. Заводлар юқори даражада ишлаган ва ҳамма учун етарли бўлган. Ҳозир одамлар ўзлари учун қайғуришга мажбур ва бир хиллари шунинг ҳам уддасидан чиқа олмайди", хаёлидан ўтказади у. Бу Клейторнинг фикрича, Бишкекда совет ҳайкалларининг ҳали ҳам туришига сабаблардан бири бўлиши мумкин. Ленин ҳозирги Манас олдида ушоққина бўлиб кўринади. Ленинг Манаснинг ўрнида турганда у қўлини Тян Шан тоғига томон чўзиб турар ва гўё "Бизнинг мустаҳкам иттифоқимизга қаранг", деб айтаётгандек бўларди. Ҳозир эса Манас Бишкекдаги Америка университети томон қараб туради. Клайтор кулади: "Бу кичкина, лекин аминманки, Бишкекда совет тузумига қарши бўлганларнинг ғалабаси дейиш мумкин".












