HRW: Жаҳон банки Ўзбекистонда пахта саноатини дастакламаслиги керак

Ўзбекистондаги пахта соҳаси болалар меҳнати дохил мажбурий сафарбарликка суяниши эса, халқаро доирада танқид қилиб келинади
Сурат тагсўзи, Ўзбекистондаги пахта соҳаси болалар меҳнати дохил мажбурий сафарбарликка суяниши эса, халқаро доирада танқид қилиб келинади

Жаҳон Банки Ўзбекистон пахта саноатига тўғридан-тўғри фойда келтирувчи лойиҳаларини жонлантирмаслиги керак, деб айтган "Пахта кампанияси" (Cotton Campaign) ташкилоти.

Ташкилотнинг таъкидлашича, токи Ўзбекистон ҳукумати пахта мавсумида инсон ҳуқуқлари бузилиши, жумладан болалар мажбурий меҳнатига чек қўйиш йўлида жиддий қадамлар қўймас экан, бу ишга қўл урилмаслиги керак.

Банкнинг директорлар ҳайъати 2014 йилнинг 10 июнидан бошлаб қишлоқ хўжалигига оид янги лойиҳаларни молиялашга доир қарор бериши керак.

Лойиҳалар пахта саноати учун манфаатли бўлади. Ўзбекистондаги пахта соҳаси болалар меҳнати дохил мажбурий сафарбарликка суяниши эса, халқаро доирада танқид қилиб келинади.

"Пахта кампанияси" ташкилоти инсон ҳуқуқлари, меҳнат, сармоя ва бизнес гуруҳлари коалициясидир. Мазкур гуруҳлар Ўзбекистондаги пахта саноатида мажбурий меҳнатга барҳам беришга бел боғлаган.

"Жаҳон Банки Ўзбекистонда ривожланишни молиялашда муҳим ўрни бор. Аммо, мажбурий меҳнатдан фойдаланувчи тузумни қўллаб-қувватламаслиги керак", деб айтган "Пахта кампанияси"га аъзо Ҳюман Райтс Уотч ташкилотидан Жессика Эванс.

"Банк мажбурий меҳнатга қарши муҳим чоралар таклиф қилган. Аммо, Ўзбек ҳукумати ўз таҳдидли пахта тизимини парчалаш йўлида жиддий қадамларни қўймас экан, бу чоралар муваффақиятли бўлмайди".

"Cotton Campaign" ташкилоти чиқарган баёнотда 2013 йилги терим мавсумида Ўзбек ҳукумати болалар ва катталар дохил миллиондан ортиқ фуқаросини жазолаш таҳдиди билан ўта абгор шароитларда пахтага сафарбар қилгани айтилади.

Гарчи, 2013 йил ҳукумат пахта майдонларига ҳайдаладиган 16 ёшдан кичик болалар сонини камайтирган бўлса-да, маҳаллий ҳокимиятлар, милиция ва мактаблар раҳбарлари бош вазирга 16-17 ёшли болалар ва катталарнинг йиғим-теримга йўллангани ҳақида хабар беришган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.