Би-би-сига айтаман: Бешикдан қабргача...порахўрлик

kun.uz

Туғруқхоналарнинг суюнчисини яхши биламиз.

Фарзанд дунёга келганда, ота ҳамшираларга бир-икки сўм қистириб кетса, ҳатто пул сочса ҳам-порахўрликка йўйилмайди.

Гарчи ҳозир туғруқхонагача етиб бориш осонмас.

Ундан кейин боғчага жойлаш, мактаб, олий ўқув юрти-бу даргоҳларда "қўл қуруқмас"лигини ҳамма яхши билади.

Аммо ҳеч ким шошилмайдиган ва жой талашмайдиган қабристонлар-чи?.

Вилоятларни билмадиму, лекин Тошкент шаҳридаги қабристонлар ҳам "бўғзигача" порахўрликка ботиб кетган.

Худди ер устида бўлгани каби, ер ости ҳам табақаларга бўлинган.

Камбағал ўлиб ҳам қутулмаяпти.

Чўккан, ўт босган, лойсувоқ, бирон–бир белгисиз мозорларни кўриб, эзилади киши...

Минор, Юнусобод, Чиғатой, Комолон ва бошқа қабристонларда ҳам айни шу ҳол.

Лекин шаҳона, ўртамиёна қабрлар ҳам бор. Масалан, ҳукуматдаги ҳамма биладиган казолардан бирининг ота–оналари, умуман, авлод-аждодлари қўйилган мозорлар шаҳарни эслатади.

Атрофи алоҳида ўралган. Суратлари қора мармарлар билан ўйилиб, қабрлари бошларига қўйилган. Мозорлари ҳам қора гранит билан ёпилган.

Бу нотенгликка чидолмаган камбағал қашшоқлар бир йили бу шоҳона "шаҳар" чани бузиб кетишган.

Аммо оз вақт ичида "қаср-қабрлар" яна қайтадан, олдингисидан ҳам ҳашаматли қилиб тикланди ва қоровуллар қўйилди. Пул катта-да.

Минор, Чиғатой, Комолон, Юнусобод қабристонларига марҳумларни порасиз қўйиб бўлмайди. Бу қабристонлардаги йўлга яқин бўш жойлари минг доллардан икки минг долларгача.

Масалан, Содиқ бобонинг акаси Олим (1942 йилда туғилган) вафот этганда, роса югуришига тўғри келди ва охири 300 доллар бериб, дафн қилди.

Яна расмий 80 минг сўмини ҳам тўлаган.

2014 йил 14 феврал куни Содиқ бобонинг Зокир исмли (62 ёш) укаси ҳам юрак хуружидан кўз юмди.

Уни Юнусобод қабристонига кўмишди-юз долларга.

Эркин, Баҳриддин, Тоҳир каби кишилар ҳам дунёдан ўтган ўз қариндошларини шу йўл билан дафн этишган.

Йўқса, қабристон бошлиқлари "жой йўқ" боҳонасини рўкач қилишади.

"Мулла жиринг" чўзилгандан кейин эса, жой ҳам дарров топилади.

Бу қандай қабиҳлик?!.

Худодан ҳам қўрқишмайди. Ҳукуматдан ҳам...

Фақат мусулмонлар қабристонлари шундай десангиз, адашасиз. Насронийлар қабристонларида ҳам олди-берди авжига чиққан.

Мана бир мисол-Юнусобод мавзейида яшовчи Анна Евдокимованинг отаси ўлиб қолди.

Уни насронийларнинг Боткина қабристонига олиб боришди. "Бир қарич ҳам бош жой йўқ,- дейди қабристон бошлиғи, Тўйтепада янги қабристон очилган.."

Қанча йўл!.. Анна қарз–қаволага 300 доллар топди... Шундан сўнг Боткинадан жой "қилиб" беришди...

Ўзбекистонда энг "хавфсиз" пора оладиган жой қабристон бўлса, ажабмас.

Хали "коррупция"нинг у ерга бостириб борганини эшитмадик.

Ким билсин, коррупциядагиларнинг ҳам иши тушгани учундир-да!..

Ойдин Очил, Тошкент

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.