Ўзбекистон: 16 нафар милиция ходими пора олгани учун ишдан бўшатилди

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Адҳам Аҳмадбоев пора олишда гумонланган 16 нафар милиция ходимини бирданига ишдан бўшатган.
Ўзбекистонда чоп этиладиган "Новый Век" рўзномасининг Ички ишлар вазирлигидаги манбаъга таяниб хабар беришича, Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг ходимлари сешанба куни пойтахтдаги Туркистон саройида ўтган шахсий таркиб мажлисидан сўнг намойишкорона ишдан бўшатилган.
Нашрнинг номи ошкор этилмаган милиция мулозимидан иқтибос келтиришича, шахсан вазир Аҳмадбоевнинг ўзи ўтказган мажлисда йиғилганларга ИИВ тезкор ходимлари томонидан суратга олинган Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг ҳайдовчилардан пора олаётгани акс этган тасвирлар катта экранда намойиш этилган.
Хабар қилинишича, залда ўтирган порахўр ходимлар мажлис ниҳоясида ишдан бўшатилган.
Порахўр ходимларга нисбатан жиноят иши очилганми, улар жазога тортиладими, йўқми, номаълум.
Пора олишда гумон қилинган Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг ёппасига ва намойишкорона ишдан бўшатилиши айни тизим раҳбарлари билан бевосита мулоқот арафасида юз берган.
Ички ишлар вазирлигининг расмий веб саҳифасидаги эълонда айтилишича, 27 май кунига белгиланган бевосита мулоқотда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг раҳбарлари ва етакчи мутахассислари оддий фуқароларнинг саволларига жавоб берадилар.
Порахўрликка қарши кураш...ми?
ИИВдаги манбаъ янги вазир порахўр ходимларга қарши "кураш бошлагани" ва бу каби тадбирлар мунтазам равишда ўтказилишини айтган.
Ички ишлар вазирлиги порахўр ходимларнинг бўшатилиши борасидаги матбуот хабарларини шарҳламаяпти.
Аммо шаҳар милицияси собиқ мулозимининг Би-би-сига билдиришича, пора олаётганида қўлга туширилган ходимларнинг бу каби намойишкорона бўшатилиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ.
Унинг сўзларига кўра, жаноб Аҳмадбоевдан олдинги вазирлар ҳам вақти-вақти билан порахўрликка қарши шундай "курашишган".
Хусусан, манбаънинг айтишича, 1999 йил февралидаги Тошкент портлашлари ортидан пойтахтдаги Алишер Навоий номли санъат саройида ўтказилган шахсий таркиб йиғилишида собиқ вазир Зокиржон Алматов иш вақтида шахсий юмуш билан юргани яширинча тасвирга туширилган бир неча ходимни ҳамманинг кўз ўнгида ишдан бўшатган.
Бундан икки йил аввал эса бошқа бир собиқ вазир Матлубовнинг шахсан ўзи хизмат машинасида пора олиш ҳодисасига гувоҳ бўлгани ва ходимларни жазолагани ҳақида хабарлар тарқаганди.
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатдаги энг коррупциялашган тизим сифатида билинади.
Ўзбекистон йўлларида Йўл ҳаракати хавфсизлиги (аввалги ДАН-таҳр.) ходимларининг ҳайдовчилардан пора олишлари одатий кўринишга айланган.
Кузатувчилар ички ишлар тизимида порахўрликка қарши жиддий кураш бошланганига шубҳа билан қарайдилар.
Ижтимоий тармоқ сайтларида хабарга муносабат билдирган айрим ўзбекистонликлар бир неча ходимнинг ишдан бўшатилиши бирон нарсани ўзгартиришига шубҳа билдирганлар.
"Уларнинг ўрнига 16 та янги ходимларни олади. Тамом", деб ёзган Фэйсбукдаги "Тошкент ҳайдовчилари" гуруҳи аъзоларидан Farida Charifoullina.
Адҳам Аҳмадбоев Ички ишлар вазири лавозимига ўтган йил декабрида тайинланган эди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002
Агар матнда имло хатосини топсангиз, бизга билдиринг.












