Тошкент милицияси ходими йўловчилар ўлимида гумон қилинмоқда

Йўл ҳодисасига алоқадор милиция ходимларининг кўпда жазосиз қолиши айтилади
Сурат тагсўзи, Йўл ҳодисасига алоқадор милиция ходимларининг кўпда жазосиз қолиши айтилади

23 апрел куни пойтахтнинг Чилонзор туманида икки кишининг ўлимига сабабчи бўлгани айтилаётган патрул-пост хизмати ходими ҳибсга олинган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасидаги манбаъ пойтахт милициясининг патрул-пост хизмати ходими Бахтиёр Толиповга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини тасдиқлади.

Хизмат навбатчисининг Би-би-сига айтишича, 23 апрел куни кеч соатларда уч нафар йўловчини босиб кетган "Нексия" русумли патрул машинасида Толиповнинг бир ўзи бўлган.

Дастлаб Фейсбукдаги "Тошкент ҳайдовчилари" гуруҳи тарқатган маълумотга кўра, 23 апрель куни кечқурун соат 9 лар атрофида милиция ходими бошқарган машина тўсатдан қарши тарафга чиқиб кетиб, уч кишини босиб кетган.

5 яшар Кристина Горбунованинг ҳодиса жойида ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Унинг 33 ёшли тоғаси Дмитрий Курбатов жарроҳлик амалиётидан сўнг шифохонада вафот этган.

Кристинанинг ҳомиладор онаси Людмила Горбанованинг эса шифохонада оғир аҳволда қолаётгани айтилади.

Ҳодиса ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниб, шов-шувга сабаб бўлиши ортидан чоршанба куни Ички Ишлар вазири Адҳам Аҳмадбоев уни текширишни ўз назорати остига олгани хабар қилинган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳодисада жабрланганлар учун маблағ тўплашган.

Узметроном нашри жабрланганларга босим ўтказилгани ҳақида ёзган.

Ҳодиса ҳақида биринчи бўлиб хабар тарқатган Фейсбукдаги "Тошкент ҳайдовчилари" гуруҳи фойдаланувчилари йўл ҳодисасига алоқадор милиция ходимларининг кўпинча жазодан омон қолишларини айтишган.