Ўзбек болалари Қозоғистонда қулликда

Сурат манбаси, none
"Биз тамаки ва пахта далаларида ишлаётган муҳожир болалар ҳақида гапирмоқдамиз" - деди Қозоғистонда қулликни тўхтатишга чақирган БМТнинг қулдорлик бўйича махсус маърузачиси Гулнора Шоҳиниён.
"Қозоғистонга ишлагани келаётган ўзбек ва тожик болаларнинг ота-оналари иш берувчилардан қарздорлиги боис бутун жараён қулдорлик тусини олмоқда" - дейди БМТ маърузачиси - "Улар қарзга ботган, ҳужжатлари олиб қўйилган ва бир неча соатлаб ортиқча ишлашади".
"Бу ҳолатлар эса қуллик меъёрларига мос тушади".
БМТ вакилларига кўра, ушбу қуллик борасида кенг қамровли тадқиқот олиб борилмаган ва айнан қанча одам ва ёш бола Қозоғистонда қулликда қолаётган маълум эмас. Аммо ушбу муаммо мавжуд ва давом этмоқда.
Қозоғистон аҳволни яхшиламоқчи
БМТ вакиллари ушбу масалани ўрганиш ва тадқиқ этиш ўта қийинлигини айтади. Чунки турли сабабларга кўра ота-оналар ва иш берувчилар болаларнинг ҳақиқий аҳволини бошқаларга ошкор этишни исташмайди.
Кузатувчиларга кўра, Қозоғистонга келаётган муҳожирлар одатда энг камбағал табақа вакиллари ва улар ўз ҳақ-ҳуқуқларидан хабардор ҳам эмаслар. Бунинг устига, Қозоғистонда рўйхатдан ўтиш жараёни ўта мураккаб.
"Қозоқ ҳукумати қулликка тенг бу меҳнатни жиноятчилар қўлидан олиб чиқмоқчи ва муҳожирлар ишлашини қонунийлаштирмоқчи" - дейди Гулнора Шоҳиниён.

Сурат манбаси, BBC World Service
"Ҳозир муҳожир ишчилар энг минимал миқдорда солиқ тўлашлари керак. Лекин улар ўта қашшоқлар ва бу солиқ пулини ўз иш берувчиларидан олиб, қарзга ботадилар".
Шу асно Қозоғистон ҳукумати яхши ният билан бошлаган қонуний тадбир одамларни қулликка солиши мумкин.
БМТга кўра, муҳожирларни рўйхатга олишни қулайлаштириш ва кутилмаган тарзда муҳожирлар ишлаётган жойлар ва шароитлар текширилиши лозим. Айни дамда, назоратлар ортидан муҳожир азият чекмаслиги ва ё зарар кўрмаслигини таъминлаш ҳам муҳим.
Яқинда Қозоғистон ҳукумати қабул қилган янги қонунга мувофиқ, муҳожирлар болалари мактабга бориш ва ё тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Бу - ижобий қадам.
Қозоғистон ҳозир қулдек шароитда ишлаётган муҳожирлар аҳволини яхшилаш учун БМТ билан бамаслаҳат йўл тутмоқчи. Остона, шунингдек, қўшни мамлакатлар билан икки тарафлама келишувларни имзоламоқчи.
Лекин мутахассисларга кўра, ҳар қандай қонун, чора ё тадбир аввало муҳожирлар инсон эканини назарда тутиши лозим. Ҳеч бир амал уларни қопқонга тушгандек бир ҳолатга солмаслиги муҳимдир.
Ташқаридан келадиган ишчи кучига эҳтиёжи катта Қозоғистон эса уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш мажбурияти остида ҳамдир.
'Ўзбекистон мулоқот истамайди'
Ҳозир Россия ва Қозоғистонда ишлаётган ва кўп ҳолларда қулликка тушаётган одамлар Ўзбекистон фуқароларидир.
Шундай ҳолатда расмий Тошкентнинг ташқарида ризқини тераётган ўз фуқароларини қанчалик ҳимоя қилишга интилиши катта аҳамиятга эга.

Яқин хориждаги ўзбеклар эса Ўзбекистон элчихоналари ва ё расмий вакиллари уларга ёрдам кўрсатмаслигини, айрим ҳолларда ҳатто одамдек муносабат қилмаслигини айтиб келадилар.
Ўзбек ҳукумати ҳам ўзи иш топиб беролмаганига яраша, четда ишлаб, мамлакатга пул жўнаётган Россия ва ё Қозоғистондаги миллионлаб фуқароларининг аҳволи ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида бирон муҳим қадам қўймади.
"Мен ҳақиқий вазиятни ўрганиш учун Ўзбекистонга боришга жуда кўп ҳаракат қилганман" - дейди БМТ маърузачиси Гулнора Шоҳиниён.
"Аммо ҳар вақт мен учун эшиклар ёпиқ эди. Ўзбек ҳукумати қулдорлик муаммоси ҳақида гаплашиш у ёқда турсин, ҳатто унинг борлигини ҳам тан олмайди".
Бироқ сўнгги халқаро ҳисоб-китобларга кўра, болалар ва катталарни қарийб пул тўламасдан, оғир дала ишларига мажбурлайдиган Ўзбекистон ҳукуматининг амаллари қулдорликка тенгдир.












