Гулнора Каримова Рустам Иноятовнинг президентлик амбицияларига шаъма қилди

Президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова навбатдаги твитларида Республика Миллий Хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятовнинг амбицияларига шаъма қилган.
У Твиттерда шундай деб ёзади:
"Агар махсус хизматларининг биринчи одами хурсанд бўлиш ўрнига, аксинча унинг (Яъни Гулнора Каримованинг-таҳририят) халқ орасидаги обрўйидан қўрқса, демакки УНИНГ шахсий амбицияси ва режалари бор (ғамгин юз белгиси)".
Унинг ушбу твитига жавобан Камил исмли Гулноранинг фолловери: "Сиз нима деб ўйлайсиз? Иноятов Ўзбекистон президенти лавозимини эгаллаш учун курашадими?" - деб сўраган.
Гулнора Каримова унга жавобан "Курашади! У курашни бошлаб юборган! Наҳотки ташқаридан кўринмаëтган бўлса!" - деб ëзади.
Шу билан бирга Гулнора Каримова Иноятовнинг уринишларини "рўёбга чиқмайдиган хомхаëл" деб атаган.
Кейинги кунларда Гулнора Каримова ўзига қарашли теле ва радиоканалларнинг узиб қўйилиши ортидан ижтимоий тармоқда анча фаоллашгани кузатилмоқда.
Унинг кетма-кет твитлари давлат телеканалларининг мазмун-сифатидан тортиб, Сталиннинг ўғли Василий ҳақидаги филмдан олган таъсуротларигача бўлди.
Охирги твитларидан бирида Самарқанддаги СТВ телеканалининг ёпиб қўйилиши ҳақида фикр билдирди.
У ўзбек тилида ҳам Рустам деган фолловерига мана бундай деб ёзади: "хозирги бўлаётган вокеалар айнан шу савоб ишларимизга каршилик килиб кўрсатяпти". (имло Гулнора Каримовага тегишли).
Бундан олдинроқ Каримова хоним твиттердаги саҳифасида ҳукумат тепасини “дўзахий жой” дея таърифлаган.
“Мен ҳукмдор эмасман! ) Ва ушбу дўзахий жойга талпинаётганим йўқ...”, - деган Каримова ўз мухлисларининг бирига берган жавобида.
“Аёллар, ёшлар ва орзуларига ишониш кераклигини ваъда қилганларимга ишлаш учун уларнинг нима билан яшаётганини кўриш керак. Ана шунда улар сенга ишонишади ва нима қилсанг ҳақиқий ... бўлади”, - дея фикрини давом эттирган у.












