Ўзбекистон: Теримчининг хавфсизлигини ким таъминлайди?

Ўзбекистонда пахта кампанияси забтига оларкан, ўқувчи ва талабалар орасида илк қурбонлар бўлаётгани ҳақида ҳам хабарлар чиқмоқда.
Хусусан, жанубий Қашқадарё вилоятида коллеждан пахтага олиб чиқилган бир қизни ток уриб ўлдирган.
Шу вилоятда яна талабалар орасидаги пичоқбозлик натижасида бир йигит вафот этган.
Бухорода эса, ёш болали оналари ҳам пахта даласига олиб чиқилгани учун, онасини кутиб ётган бир болакай пахта остида қолиб кетиб, оламдан ўтган.
Ўзбекистонда пахта мавсуми лицей ўқувчиларидан тортиб, катта ёшли одамларнинг текин пахта териб беришга мажбурланиши билан давом этмоқда.
Бепул меҳнат устига, кўпинча одамлар ўз ёнларидан овқат, иш кийими ва транспорт харажатларини ҳам кўтарадилар.
Лекин расмийлар хавфсизлик чораларини қанчалик таъминлашмоқда?
Қашқадарёдан фаол Нодир Аҳатовнинг сўзларига қаралса, теримчиларга муайян шарт-шароитлар яратиш учун маҳаллий масъуллар томонидан ҳар йили пахта йиғим-терими арафасида маълум чораларга қўл урилади.
Шийпонларда комплекс равишда таъмирлаш ишлари ўтказилади, электр симлари ҳам текширилади.
Йиғимга сафарбар этилган коллеж ўқувчилари эса, пахта мавсуми бошидан охиригача милиция ходимлари томонидан қўриқланади.
Аммо қашқадарёлик фаол Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида милиция ходимларининг болаларга нисбатан муносабати ўзини ҳайратга солганини яширмайди.
"Милиция ходимлари болани қўриқлаши керак. Лекин улар болани худди маҳбусни қўриқчи қўриқлагандек қўриқлашади. Болага ҳар хил жисмоний чора кўради".
Фаолнинг айтишича, ҳар кунги йиғим ортидан, шийпонларда "штаб" ўтказилади.
"Ўқитувчилар кам пахта терган болани жазолашади, уришади. Кейин эса, милиция хонасига олиб боришади".
"Милиция ходимлари кейин унга нисбатан жудаям қаттиқ чора кўришади. Уради, тушунтириш хати ёзиб олади. Милиция хонасига киргандан кейин бола ниҳоятда қўрқиб чиқади. Пахтани эрталабдан кечгача, ўлса ўладики, ўша пахтани теради", - дейди у.
"Ўзим гувоҳ бўлганман"
Қашқадарёлик фаол бу каби ҳолатларга ўзлари шу яқин йиллар ичида олиб борган мониторинглар чоғида гувоҳ бўлганини алоҳида таъкидлайди.
Унинг биз билан суҳбатида ишонтиришича, "бу йил ҳам мавжуд вазият заррача бўлсин, ижобий томонга ўзгаргани йўқ".
"Ана ўша сасиган гўштни ейди, ўша моғорлаган буханка нонни, макаронларни едиртиради. Бир миллиметр ҳам яхши томонга ўзгаргани йўқ. Мен бунга кафолат бераман".- дейди у.
Фаолнинг айтишича, аёллар яна болаларимнинг ёрдам пулини кесиб қўймасин, деган хавотирда уларни ҳам етаклаб, пахта теримига чиқишади.
"Аёл фарзанд кўргандан кейин ёрдам пули олиш учун ҳужжат топширади. Айнан ана шу аёлларнинг уйларига маҳалладан боришади-да, "Қани, пахтага чиқинг, чиқмасангиз, боланинг пулини кесиб ташлаймиз", дейишади. Натижада керак бўлгани сабаб ёрдам пули олиб юрган аёл пахтага ўзининг ўрнига одам жўнатиш ёки бола-чақаси билан ўзи чиқишга мажбур бўлади. Чиққандан кейин ҳалигидек фожеалар юз бериб туради".
Суҳбатдошимизнинг ўзи яшайдиган вилоят мисолида айтишича, пахта йиғим-терими кампанияси сабаб, бозорлар умуман ёпиб ташланган.
"Ҳозир фақат кечқурун бозор бўлаяпти. Иш соати тугаб, текширувчилар бозорларнинг ишламаётганига ишонч ҳосил қилишганидан сўнг, кечки соат 5-6 лардан кейин то эрталабгача бозор бўлаяпти. Бу деҳқон бозори ҳам худди шундай, кийим-кечак бозори ҳам худди шундай", - дейди у.
Лекин фаол тўйхоналар ёпилгани ҳақида ҳозирча эшитгани йўқлиги, бу гапларни тасдиқлай олмаслигини билдирди.
Ўтган йил ҳам Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида мактаб ўқувчилари ўрнига лицей, коллеж ва институт талабалари чиқарилганди.
Улар билан бир қаторда давлат хизматчилари - ўқитувчи, ҳамшира, шифокор ва қуролли кучлар аскарлари, хусусий ширкатлар ходимлари пахта йиғимига сафарбар этилишганди.
Мажбурий пахта теримига қатнашишни истамаган ходимлар ишдан бўшатилгани, талабалар ўқишдан ҳайдалиш ҳоллари кўплаб юз бергани, ёки энг камида маош ва нафақалари берилмаслиги билан пўписа қилингани ҳуқуқ фаоллари томонидан айтилганди.
Кескин танқидлар остида қолиб келаётган Ўзбек ҳукумати эса, шу йўл билан пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолларига чек қўйишга ҳам ҳаракат қилмоқда.












