'Биз сизни чақирганимиз йўқ, шунинг учун муаммонгизни ўзингиз ҳал қилинг'

"Нажот" ташкилоти Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг ноқонуний амалларига эътибор қаратган.
Сурат тагсўзи, "Нажот" ташкилоти Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг ноқонуний амалларига эътибор қаратган.

Хоразм вилоятидаги "Нажот" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти хабар тарқатишича, ёз ойларида 1200 хоразмлик Россиядан мажбуран ортга қайтарилган.

Бу ҳақда ҳисобот тарқатган "Нажот" ташкилоти Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг меҳнат муҳожирларига нисбатан ноқонуний амалларига эътибор қаратган.

Охирги уч ойда Россиянинг марказий ҳудудларида бу мамлакатда қонунга зид равишда бўлиб турган меҳнат муҳожирларини тутиш, ватанига қайтариш амалиётлари кучайди.

Бироқ "Нажот" ташкилоти ўз мониторингида Хоразм вилоятига қайтган оддий инсонларнинг бошидан кечган ҳодисаларни қайд этган.

"Россия россияликлар учун", "Йўқол келгиндилар" деган шиорлар остида мигрантларга нисбатан қуллардек муносабат қиладилар. Ўзларининг ишлаб топган пулларини ололмаган кўплаб меҳнат муҳожирлари касодга учраганлар. Оғир меҳнатлари билан топган пулларига сотиб олган товарларини ташлаб қочишга мажбур бўлганлар. Бундай мигрантлар Россия Федерацияси маҳаллий полициясига мурожаат қилганларида, уларга шундай жавоб беришган: "Биз сизни бу ерга чақирганимиз йўқ. Сиз ўзингиз келгансиз, энди ўзингизнинг муаммонгизни ўзингиз ҳал қилинг! Бизнинг бошимизни оғритманг!", дейилади "Нажот" тарқатган ҳисоботда.

Хоразмдаги инсон ҳақлари ташкилоти Россия полицияси охирги пайтда ўзбекистонлик мигрантларни депортация қилиш учун уларга тобора кўп сохта айбловлар қўяётганини урғулаган.

Яшаш учун шароит йўқлиги, квартира қидириш имконсизлигидан муҳожирлар кичкина уйларда кўпчилик бўлиб яшашга мажбурлар.

Ҳокимият босими туфайли охирги пайтларда кўп қаватли уйлардаги коммунал хўжаликлар раҳбарлари муҳожирларни ўзлари яшаб турган квартиралардан мажбуран чиқаришни бошлаган.

"Нажот" бундай ҳодисалар, айниқса, Москва шаҳри ва вилояти, Санкт-Петербург, Рязан, Екатеринбург шаҳарларида, Краснодар ўлкаси ва Қора денгиз соҳилидаги бошқа ҳудудларда кўпайганини айтади.

"Бирор манзилда намозхон мигрантлар яшаётганини маҳаллий аҳолидан билиб олган маҳаллий амалдорлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан бирга бу квартираларга махсус рейдлар уюштирмоқдалар ва наамоз ўқийдиган ўзбекларни ҳибс қилмоқдалар", дея хабар қилади "Нажот" ташкилоти.

Краснодар ўлкаси ва казаклар яшайдиган бошқа ҳудудларда казакларнинг қуролли гуруҳлари меҳнат муҳожирларини ҳақоратлаётганлари, қамчилаётганлари учраяпти.

Хоразм вилоятидаги ташкилот Анапа шаҳрини мисол қилиб келтирган.

Ўзбекистонда меҳнат қилиб топган маош ўз оиласини боқиш учун етарли эмаслиги кўплаб ўзбекистонликларни чет элдан иш топишга мажбур қилган.

Энг кўп ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россия ҳудудидалар.

Норасмий ҳисоб-китобларга кўра, 10 миллион атрофида Ўзбекистон фуқаролари қонуний ва ноқонуний мигрант сифатида бу мамлакат ҳудудида даромад топмоқдалар.

Шунингдек, Жанубий Корея, Қозоғистон ва Туркия ҳам кўплаб ўзбекистонликларни ўзига жалб қилган.