Жамлоқдаги муҳожирларнинг илк гуруҳи ўз ватанларига жўнатилди

Айни пайтда жамлоқда 585 нафар муҳожир бор.
Сурат тагсўзи, Айни пайтда жамлоқда 585 нафар муҳожир бор.
    • Author, Соҳиба Ҳайитбоева
    • Role, Мустақил журналист, Москва

Кеча кечки соат 17 да 31 нафар вьетнамлик ноқонуний муҳожирлар полиция ҳамроҳлигидаги икки автобусда Шереметьево аэропортига кузатилди, дея маълум қилди ИИВ пойтахт бошқармаси матбуот хизмати.

Муҳожирлар махсус бортда эмас, Airbus A330 оддий фуқаролик рейсида жўнатилди. ФМХ паспортлари бўлмаган муҳожирларга чегара назоратида тақдим қилишлари учун ватанга қайтиш учун махсус гувоҳнома берди.

Айни пайтда жамлоқда 585 нафар муҳожир бўлиб, яна 3 нафар муҳожирга депортация учун зарур хужжатлар тайёр.

Лагердаги муҳожирларнинг 10 фоизидагина шахсини тасдиқловчи хужжат бор, дейди ФМХ пойтахт бошқармаси раҳбари Ольга Кириллова.

Раҳбарнинг айтишича, чет элликларнинг ўзлари ҳақида ёлғон маълумот беришлари уларнинг шахсларини аниқлашда бирмунча қийинчиликлар юзага келтирган.

Лагерда шароит яхшилангани йўқ

Муҳожирлар жамлоғида сақланаётган 30 киши тиббий ёрдамга мухтожлик сезган. Саломатлигидан шикоят қилганларнинг 6 таси касалхонага ётқизилган. Маълумотларга кўра, лагерда аллергия, ошқозон-ичак касалликлари кузатилган.

Соғликни сақлаш департаменти ва ИИВ вакиллари маълумотларни рад этган ҳолда, муҳожирлар орасида ҳеч қандай касалликлар йўқлиги, вазият назорат остида эканлигини билдирмоқда.

- Бизга лагерда ёмон овқатлантиришаётгани, пулларини олиб қўйишаётгани, сувнинг сифатсизлиги ҳақида ҳақида тинмай гапиришаяпти. Бу ҳолат қаттиқ текширилмоқда. Бироқ ҳеч бири ҳали тасдиқлангани йўқ, — дея таъкидлади пойтахт ИИБ ўринбосари Вячеслав Козлов. Шунингдек, ноқонуний муҳожирлар лагердан қочишаётгани ҳақидаги маълумотларда ҳам асос йўқлигини билдирди.

Сўнгги хабарларга кўра эса, лагер ёнидан тиббий марказ очилиши режалаштирилмоқда.

Жамлоқдаги юртдошларимиз билан боғланганимизда, муҳожирлар орасида бош, тиш оғриғи ва кўз муаммолари ҳам учраётганини билдиришди. Шу билан бирга жамлоқ ичида полиция ходимларининг муносабатлари бироз ўзгаргани, муҳожирларни уриш, пулларини олиб қўйиш тўхтаганини айтишди. Бироқ ҳанузгача “турма режими”ми сақланиб турилибди.

“Улар бизга керак эмас”

Айни пайтда хукумат Гольяноводаги лагерни кўчириш тараддудида. Муҳожирлар Подмосковьедаги бўш ётган болалар лагерларига кўчирилиши эҳтимоли бор.

Пойтахт полицияси муҳожирларни жойлаштириш учун янги 3 жойни кўриб чиқди. Бироқ муҳожирлар кўплиги учун жой етишмаслиги боис лагерлар маъқул кўрилмади.

Пойтахт ИИБ ўринбосари Вячеслав Козловнинг билдиришича, депортация пунктлари учун умумий миқдорда 2000 кишилик жой талаб этилади.

Козлов айни пайтда жамлоққа ҳеч ким олиб келинмаётганини таъкидлаб, “умуман олганда биз бундан қутилмоқчимиз, улар бизга керак эмас” деди.

Хукумат эса ҳалигача бу лагерларнинг юридик мақомини расмийлаштирганича йўқ. Раҳбар ўринбосари жамлоқни “вақтинчалик шаҳарча” деб атади. ФМХ ҳам “РФ ҳудудидан чиқариб юборилиши учун фуқароларни вақтинчалик жойлаштириш ва хужжатлаштириш пункти” деб ҳисобламоқда.

Муҳожирлар хавотир ва қўрқувда

Бутун Россия бўйлаб ноқонуний муҳожирларни қўлга олиш рейдлари ўтказилиб, ҳар куни юзлаб чет эллик фуқаролар полиция бўлимларига олиб кетилмоқда.

Улар орасида қонуний хужжатга эга муҳожирлар ҳам бор.

- Кўчада кўринган муҳожирларни тутиб олиб кетишаяпти, - дейди Екатеринбургда ишлаётган Бахрулло. Ҳужжатлари жойида бўлса ҳам бармоқ излари оламиз, деб икки кунлаб полиция бўлимида ушлаб ўтиришибди. Бир дўстимни 12 август куни Ўзбекистонга авиабилети бор, қўйиб юборишмаяпти.

Москва вилоятининг Раменск туманида ишлаётган Абдумажид Абдураҳмонов эса ўзи ишлаётган омборда текширув бўлиб 64 нафар кишини полиция бўлимига олиб кетишганини, қонуний ҳужжати борларни ҳам ушлаб туришганини айтди.

Бу каби воқеалардан Россияда ишлаётган муҳожирлар бўлиб ўтаётган текширувлардан қўрқув ва саросимага тушиб қолганлар.

- Калуга шаҳрига келганимга энди 1 ой бўлди. 7 август куни ҳайит намозидан сўнг ОМОН чилар босди. Ҳаммани депортация қилармиш, дейишганди. Қўрққанимиздан зўрға ўрмонга қочиб қутилдик, - дейди Жаҳонгир.

Калугада ишлаётган Дина Мирзаева ҳам ўзи ишлаётган бозорда текширув бошлангани, ҳужжатлари жойида эмаслиги боис қайтадан тахтлаш учун Украина чегарасига чиқиб келганини айтди.

Шунингдек, кўпчилик юртдошларимиз раҳбарлари текширувлар босилгунча ишга чиқмай туришларини буюришганини билдиришаяпти. Сабаби, ишчиларига сохта хужжат тайёрлаб берган ҳам, сохта ҳужжатлигини била туриб ишга қабул қилган ҳам иш берувчиларнинг ўзидир.

Айни пайтда Россияда ишлаётган ҳамюртларимизнинг жуда кўпчилиги Ўзбекистонга қайтиб кетмаслик учун қиммат бўса ҳам қонуний хужжат тахтлашга киришишди.