Янгийўллик шифокорлар мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари ҳимоячилари альянсининг хабар беришича, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги шаҳар касалхонаси шифокорлари икки ойдан бери мажбурий тарзда пахта далаларига олиб чиқилмоқдалар.
Хабарга биноан, ҳар куни шифокорлар ва ўқитувчилар пахта ўташга оммавий тарзда юборилишади.
29 май куни Би-би-си билан гаплашган "Тез ёрдам" ходимларидан бири, "мана уч соатдан бери далада солярка кутиб турибмиз, шундоқ жонимизга тегди", деб айтди.
Инсон Ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева бундай ҳолатлар бутун Ўзбекистон бўйича содир этилади, деди.
Елена Урлаева: Тиббиёт ходимларини ғўзани ўтоқ қилишга олиб чиқишлар икки ойдан бери давом этмоқда. Яъни апрел бошидан ҳозирги кунгача. Ва бу нафақат Янгийўл райони ёки дейлик Тошкент вилоятида содир бўлаяпти, менимча бундай тадбирлар бутун Ўзбекистон бўйлаб йўлга қўйилган. Мисол учун Мирзо Улуғбек ҳудудий тиббиёт мажмуасининг бош шифокори апрел ойида Жиззах вилоятининг Арнасой туманига кетиб, у ерга олиб чиқилган шифокорларнинг ўтоқ амалларини назорат қилувчи штабни бошқаряпти.
Би-би-си: Бироқ илгари ўтмишда пахтани ўташга шифокорларни олиб чиқишмаган, уларни фақат пахта теримига олиб чиқишарди, нима сабабдан ҳозирги кунда уларга эҳтиёж ошган, деб ўйлайсиз?
Елена Урлаева: Туғри, чунки ўтмишда бу ишларни мактаб ўқувчилари, болалар бажарганлар. Ҳозирда эса мактаб ўқувчилари эътибор марказида, уларни далаларга олиб чиқиш мумкин эмас. Шунинг учун тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар, яъни давлат бюджетида бўлган ишчиларнинг ҳаммасини бундай ишларга жалб этишяпти.
Би-би-си: Сизнинг хабарингизда Янгийўл туманидаги шаҳар касалхонасининг "Тез ёрдам" бўлими врачлари ҳақида сўз кетяпти. Улар пахтада бўлган пайтда, тез ёрдамни ким беради?
Елена Урлаева: Биласизми, ҳақиқатдан ҳам, бизнинг ташкилотимизга шикоят қилиб, айнан бу касалхонадан жуда кўп шифокорлар мурожаат қилишяпти. Улар икки ойдан бери пахта далаларида бўлиб, турли хил зироат ишларини бажаришга мажбур этилаяптилар. Бу шифокорлар пахтани ўташи билан ҳаттоки навбатчилигидан кейин шуғулланишга мажбур. Яқин кунларда "Тез ёрдам"нинг фельдшери бизга боғланиб, "сабр-косамиз тўлиб, чидашга куч қолмади", дея биздан ёрдам сўради. Унинг ҳамкорлари жуда чарчаган, улар кундузи жазирама офтобда далаларда, кечқурун касалхонага қайтиб, навбатчиликка чиқишлари керак. Мен ўзим Янгийўлга бориб, шикоят қилган касалхонада шифокорлар, уларнинг қариндошлари, Янгийўл шаҳрининг аҳолиси билан суҳбатлашдим. Албаттаки, мен гаплашганларнинг бари оммавий тарзда далага олиб чиқишлардан ва оммавий эксплуатациядан ғазабланганлар, "Тез ёрдам" хизматида ишлаётган шифокорлар бир кеча-кундуз навбатчилик қилишади, ундай кейин дам олишга жуда кам вақт қолиб, уларни далага ҳайдашади. Фельдшерлар уёқда турсин, жарроҳлар ҳам пахта далаларида.
Би-би-си: Далада шароитлар қандай?
Елена Урлаева: Менга хабар беришларича, шароит жуда ҳам оғир. Шундай кунлар борки, уларга ҳаттоки сув ҳам беришмайди, овқатларини эса, шифокорлар ўзлари билан олиб келишлари керак. Қўлларидаги теша билан эгатларга эгилиб, ўтоқ қилишлари лозим. Улар орасида ҳар хил одамлар бор, кимдир ёш, кимдир кекса ёшда. Жазирама офтоб тагида 24 соатли навбатчиликдан кейин бундай оғир ишларни бажариш ўта қийин.
Би-би-си: Лекин уларга расмийлар пул тўлашадими?
Елена Урлаева: Йўқ, йўқ, улар бу ишларни текинга бажаришади. Касалхонанинг бош шифокорининг сўзларига кўра, давлатга уларнинг ёрдами ўта керак. Ва давлатга пахта териш ва ўташда ёрдам бериш уларнинг катта бурчидир. Мен кеча бундай ҳодисага гувоҳ бўлдим. Мен эрталаб соат 7 яримда етиб келдим ва марказда турган "ПАЗ" русумли автобусга врачлар, ҳамширалар ва бошқа тиббиёт ходимларини роса тиқишган. Улар ўз кетмону-тешалари билан автобус ўринларида учтадан тиқилиб ўтиришипти. Жой етмаганлар эса тикка туришипти. Битта автобуснинг ичига олтмишда одамни жойлаштириб, эшиклари ҳам ёпилмаган - бундай аҳволда улар фермерлик хўжаликлар жойлашган Ташаул посёлкасигача бир соат юришган.
Би-би-си: Фермерлар бунга қандай қарашади? Уларнинг амаллари нимадан иборат?
Елена Урлаева: Фермерлар хозирда энг ҳақсиз одамлар, улар ҳеч нарса қилишолмайди. Тошкент вилояти ҳокими нима деса, унинг буйруқларини бажаришади. Фермерлар шифокорларга қайси дала ўтоқ қилинишини кўрсатиб беришади холос ва эгатлардан ўтиб, уларнинг бажарган ишларини қабул қилиб олишади. Бу уларнинг роли. Албатта бу чидаб бўлмайдиган вазият. У ерда норозилик кайфиятлари кучайиб бормоқда. Туғруқ бўлимини айланиб чиққанимда, ҳомиладор аёллар, даладан кетмонларини кўтариб, чангга ботиб, қайтиб келган шифокорлар уларнинг олдида кийимларини алмаштириб, бизга қарашаяпти", деб гапириб беришди. Яъни, туғруқни ана шундай қабул қилишади, шу жойда янги туғилган гўдакларга қарашади, яъни мутлақо санитария қоидаларига зид шароитда! Одамлар бу шароитдан ҳам норози. Уларда айрим қўрқув бордир, лекин иш ташлашга рози бўлиб туришибди.












