Ўзбекистон: Сурдотаржима сунъий ақл эмас - Видео

Сурат манбаси, Kambag'allikni Qisqartirish va Bandlik vazirligi
Ўзбекистонлик таниқли сурдотаржимон Гулнора Маҳкамова 17 ёшидан бери имо-ишора тили таржимони сифатида фаолият юритади. У эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун бир қанча давлат телеканаллари орқали президент ташрифлари ҳамда кундалик янгиликларни имо-ишора тилида етказиб беради.
Шунингдек, ҳукумат ва халқаро ташкилотлар тадбирларида сурдотаржимонлик қилади, сурдопедагог сифатида бошқаларга имо-ишора тилини ҳам ўргатади.
Алоқадор мавзулар:
Миролим Исажонов Ўзбекистон Карлар жамияти Тошкент шаҳар бўлими раиси Гулнора Маҳкамова билан суҳбатлашди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Би-би-си: Ўзбекистон аҳолисининг кўп қисми имо-ишора тили таржимони касби борлигини билмайди. Аслида сурдотаржимон ким?
Гулнора Маҳкамова: Сурдотаржимон эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларга ахборотни имо-ишора тилида етказиб берувчи мутахассис ҳисобланади. Бу касб эгалари ҳамма жойда керак бўлади. Масалан, телевидение, шифохона, тергов ва суд ишлари, ҳатто экспертиза жараёнларига ҳам бизни олиб боришади. Чунки турли соҳа ходимларининг гапларини эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган одамларга тўлиқ ва хатосиз имо-ишора тилида етказиб берамиз.Сурдотаржимон сунъий интеллект эмас, бизлар ҳам жисмоний ҳаракат қиламиз. Мисол учун, бирор тадбир ёки телевидениедаги эфир ярим соат давом этса, биз ҳам шунча вақт тинмай ҳаракат қиламиз. Ўша жараёнда сўзларни нафақат мияда сақлаб қолишимиз керак, балки бармоқлар орқали мазмунини ифодалаб, етказиб беришимиз ҳам зарур. Шу сабабли буни мураккаб тил деса бўлади, сурдотаржимонлик ноёб ва ҳамма ҳам танламайдиган касб, деб ўйлайман.

Сурат манбаси, .
Би-би-си: Ўзбекистонда сурдотаржимонлар етарли даражадами? Нима учун бу касб оммалашмаган?
Гулнора Маҳкамова: Бизда имо-ишора тилидан таржима қилиш ёки имо-ишора тилида дарс бериш тушунчаси кенг оммалашмаган, шу сабабли талаб кам, деб ўйлайман. Масалан, Тошкент шаҳрида имо-ишора тилини биладиган сурдотаржимонлар йигирма нафарга яқинни ташкил этади. Улар эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг фарзандлари бўлиб, ҳаммаси болалигидан уйидаги муҳитда шу тилни ўрганиб, тажриба орттирган.
Яширмайман, бизнинг маошимиз кам, шу сабабли жамиятнинг пойтахт бўлимида расмий ишлайдиган эркак сурдотаржимон йўқ. Нимага йўқ? Чунки у оила боқиши керак. Биз олаётган ойликка фарзандлари, ота-онасини боқа олмайди, тирикчилик қилолмайди. Шунинг учун заводлар ва бошқа жойларда ишлашга мажбур бўлишади.
Агар тикувчи, қандолатчи, қурувчи ва бошқа касб эгаси бўлиб юрган сурдотаржимонларни яхши маошли ишга таклиф қилишса, уларни соҳамизга фойдаси кўпроқ тегарди.
Ўзбекистонда олий таълим муассасасига ўқишга кираётганларда инглиз ёки бошқа тиллар бўйича тил сертификати бўлса, уларга маълум миқдорда имтиёз берилади. Имо-ишора тили бўйича ҳам сертификат жорий қилинса ва ўқишга киришда имтиёз яратилса, эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг фарзандлари талаба бўлишга қизиқиб, интиларди ёки заиф эшитувчи болалар мактабларида фаолият юритарди, деб ўйлайман. Имкониятлар ва қизиқтиришлар етарли даражада эмас. Имо-ишора тили ҳам чиройли ва фойдали тил, аммо уни оммалаштириш, аҳолини қизиқтириш керак.Би-би-си: Ўзбек жамиятининг эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан муносабатини қандай баҳолайсиз?

Гулнора Маҳкамова: Бизнинг карлар жамияти Тошкент шаҳар бўлимига эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган одамлар тез-тез мурожаат қилишади. Яъни ҳокимият, шифохона, ички ишлар ёки бошқа ташкилотларга ўзи билан бирга бориб, сурдотаржимонлик қилиб беришимизни сўрашади. Бунга ҳеч қачон йўқ дея олмаймиз. Аммо кўп ҳолларда масъул ташкилотлар ходимлари "Бу инсонни бошқа ташкилотга олиб бора қолинг, биз ҳозир ёрдам беролмаймиз", дея рад жавоблари айтишади. Шундай пайтларда жуда қаттиқ хафа бўламан. Улар ҳам биз каби шу жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси-ку, фақат ўз муаммосини ўзи етказиб бера олмайди. Агар улар ҳам бақир-чақир қиладиган одам бўлганида эди, масаласи тезда ҳал бўлиб кетарди.Эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар устидан кулиш ҳолатлари ҳам мени хафа қилади. Кўча-кўйда ёки жамоат жойларида "Бу барибир эшитмайди-ку ёки гапирмайди-ку", дея мазхараловчи, баъзан сўкиниб муомала қиладиганларни кўраман. Жамиятимизда эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан инсоний муносабатлар жуда заиф. Улар эшитмаса ё гапирмаса ҳам сиз ва мен каби инсон, фуқаро сифатида жамиятда тўлиқ яшашга ҳақли ҳисобланади.
Одамлардан илтимос қилиб қолардимки, бирор жойда бундай инсонларни кўриб қолишганида, имо-ишора тилида мулоқот қилишмаса ҳам ҳеч йўқ кулиб, табассум билан ўтиб кетишса, жудаям қувонишади.Би-би-си: Сизни сурдортаржимон сифатида турли даражадаги тадбирлардан ташқари телевидениеда ҳам тез-тез кўриб турамиз. Ойнаи жаҳонда ишлашнинг қандай қийинчиликлари бор?
Гулнора Маҳкамова: Телевидениедаги фаолиятим карантин давридан бошланди, ўшанда битта телеканалда ишлардим. Президентимизнинг 2022 йил октябрь ойидаги 407-сонли қарори қабул қилинганидан сўнг яна бир қанча телеканалларда ҳам ишлаб келаяпман. Давлатимиз раҳбарининг мазкур қароридан жуда ҳам хурсанд бўлдим. Чунки унда давлат телеканалларида ҳафталик эфир вақтининг камида беш фоиз ҳажмдаги кўрсатувлари сурдотаржима ёки яширин субтитрлар билан оммага намойиш этиш белгиланди. Ҳозирги кунда кўплаб телеканаллардаги янгиликлар сурдотаржима билан жонли эфирда тақдим қилиняпти. Бундан албатта, эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар чексиз қувонмоқда.
Телевидениеда ишлашнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор. Аввало, студияда жимлик бўлиши керак. Иш вақтида битта сўзни эшитмай қолсак ёки нимагадир чалғисак, ахборотнинг маъноси ҳам ўзгариб кетади. Шу боис янгиликларни эътибор билан эшитишимиз, эфир вақтида ҳеч нимани ўйламаслигимиз керак, шахсий ҳаёт билан боғлиқ ҳамма нарсани: хурсандчиликни ҳам, ташвишларни ҳам унутиб, бор диққатимизни эфирга қаратишимиз шарт.
Кўп нарса бизнинг ҳиссиётларимизга ҳам боғлиқ. Агар студиядаги иш пайтида шахсий ташвишимни ўйлаб, таржима қилсам, буни экран қаршисидаги эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар дарров сезади. Шунинг учун ҳар бир янгиликни яхши кайфиятда етказиб беришимиз лозим.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















