Ёнимиздаги кўринмас одамлар: Энди кўзга ташланган уч қиз - 100 аёл qizlar dunyo yangiliklar

Modellar

Сурат манбаси, courtesy

Кўпчилигимиз тўрт мучаси соғ ёки бошқалардан фарқ қилмайдиган инсонларни кўришга одатлатганмиз. Қўли ё бошқа бирон узви йўқ, баданида оқ ё қизғиш доғи мавжуд ёхуд Даун синдромига чалинган инсонларни ҳар доим ҳам кўравермаймиз.

Хусусан, узоқ йиллар ногиронлар кўздан панада тутилган ёки алоҳида корхоналарда ишлаган ва шароит йўқлиги боис кўчада жуда кам кўринган минтақа - собиқ Совет давлатларида бу анча одатий ҳолат.

Алоқадор мавзулар:

Жамиятларда кучли салбий қарашлар ва бидъатлар кучлилиги боис ҳаттоки тери ё руҳий касалликка чалинган инсонлар ҳам ажратилади.

Россиядаги Алиум ширкати ногиронлиги бор ёки ўзгача инсонларни моделликка ишга олади.

Уч қизнинг ҳикояси

Юлиянинг бир қўли йўқ. Унинг айтишича, худди шу ҳолат унинг иш топишига тўсқинлик қилган.

"Ўқишни битириб, иш излардим. Корхона раҳбари эса менга қарата, нега бир қўлинг йўқлигини бизга айтмадинг? Бирон номақбул иш қилганмисан, деди" - эслайди Юлия - "Кейин узр, бир қўлинг йўқ экан, ишга ололмаймиз, деб айтди".

Юлия бугун сунъий қўл қўйдирган. Ҳозир моделлик қилмоқда.

Россиядаги Алиум агентлиги бирон ногиронлиги бор ёки ўзгача инсонларни ишга олади.

Даун синдроми билан туғилган Мария ҳам моделлик қилади.

"Ҳар сафар суратга олиш пайти мени ваҳима босарди ва мен бундай қўрқувлар билан курашардим" - дейди Мария.

"Аммо бугун ўзлигимни, қандай инсон эканлигимни дунёга кўрсатмоқчиман" - қўшиб қўяди моделлик қилаётган қиз.

Қизларнинг аксарияти болаликда кўп масхара ва камситишга юз тутишганини, ўзларига турли лақаблар қўйилганини эслашади.

Кўзни очиб, атрофга қаранг

"Биз одамлар ўзларидан бошқача инсонларни ҳам кўриши учун имкон яратдик. Чунки ҳаётда уларни тез-тез учратмайсиз" - дейди Алиум агентлиги вакиласи Наталья.

"Ногиронлиги бор инсонлар ҳам моделлик қилишса, ўзларига ишончлари ортади, ўзларининг бошқача, беқиёс ва ажойиб эканликларини ҳис қилишади".

Юзидаги қизил доғи туфайли иш топа олмаган Тоня бир куни Юлияни учратиб қолади.

Кейин у ҳам Алиумда ишлаш учун ўзини синаб кўради.

Ушбу Алиум ширкатини икки аёл ташкил этишган.

Бундан кўзланган бош мақсад - ногиронлиги ё бирон касаллиги бор инсонлар ҳам жамиятда кўпроқ кўзга ташланишига эришиш.

Бу ерда моделлик қилаётган қизлар ўзлари каби минглаб одамларга маслаҳат беришни истайдилар.

"Менинг маслаҳатим, бу ҳолатга оддий қаранг. Салбий нарсаларни кўнглингизга яқин олманг. Чунки кимдир сизга бирон ёмон гап айтдими, дема у ақлли одам эмас" - дейди Юлия.

Тоня эса инсон ўзидаги ўзгачалик ёки ўзига хосликни яхши мақсадга йўллаши керак, деган фикрда.

"Сиз бошқаларга ўхшамайдиган инсон бўлишингиз мумкин. Лекин ўзлигингизни кўрсатишдан қўрқманг" - дейди Тоня - "Тасаввур қилинг - сиз ҳеч кимга ўхшамайсиз. Бу ажойиб ҳиссиёт-ку".

Россияда ҳам бу каби ишлар кам.

Совет даврида бери ногиронларни муайян бир маҳсулотни ишлаб чиқаришга қаратилган корхоналарда ишлатиш анъанаси мавжуд эди.

Ҳар бир инсоннинг ўзига хос истеъдоди ёки имконият борлигига катта эътибор қаратилмаган.

Совт Иттифоқи тарқалиши ортидан у корхоналарнинг кўпи ёпилиб кетган ёки жуда ёмон аҳволда қолган.

Айни пайтда, аксар собиқ Совет давлатларида ногирон инсонларнинг мустақил ишлашлари ва яшашлари учун ҳамон етарли шарт-шароитлар йўқ.

Хусусан, ногиронлик аравачасида бозор-ўчар қилиш ёки ишга бориш имконсиз.

Аввало, замонавий ўзиюрар аравачалар етишмайди.

Кўчалар ва бинолар эса ногиронлик арафачасида юришга деярли мослаштирилмаган.

Ва асосийси, ногиронлар учун иш топиш осон эмас.

Аммо Алиум мода агентлиги қўл урган ташаббус, кўпчиликда аҳвол яхши тарафга ўзгаради, деган умидни уйғотади.

100 аёл

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek