‘Фирибгарлик турлари ортмоқда’. Сабаб нима ва қандай чоралар кўрмоқ зарур? – адвокат Мукадамов билан суҳбат, видео Ўзбекистон Янгиликлар Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, BBC Uzbek
2020 ва 2021-йиллар давомида Ўзбекистонда рўйхатга олинган фирибгарлик жиноятлари сони йилига каррасига ортиб борган. Бир вақтнинг ўзида, онлайн ва майда маиший фирибгарликлар сони ҳамда турлари ортаётгани айтилади.
Сўнгги етти йил ичида мамлакатда фирибгарлик жиноятига оид қатор шов-шувли ишлар содир бўлди, минглаб инсонлар жабрдийдага айланган.
Алоқадор мавзулар:
"Аҳмадбой", "Human" хусусий бандлик агентлиги, "Straus House", "Авто 60 ой" каби ишлар шулар жумласидан.
Бу каби ишлар маҳаллий матбуотда кенг ёритилгани, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилганига қарамай, сўнгги йилларда фирибгарлик мамлакатда энг авж олган жиноят турларидан бирига айланган.
Расмий статистикага қаралса, 2019 йилда 6,300 дан зиёд фирибгарлик жиноятлари рўйхатга олинган бўлса, 2020 йилда бу рақам қарийб икки баробар ортган - 10,496 та.
2021 йилда каррасидан ҳам ортиқроқ кўрсаткич кузатилган - 24,554 та.
Фақат 2022 йилга келиб, вазият бироз ижобий тус олган - ушбу йил давомида 21 мингга яқин фирибгарлик жиноятлари рўйхатга олинган.
Шунга қарамай, охирги пайтда Ўзбекистонда фирибгарликлар турлари ва кўлами, айниқса, майда маиший фирибгарликлар эврилишга учраётгани айтилади.
Би-би-си бу муаммони ўрганишга киришган адвокат Бобир Мукадамов билан сабаблар, оқибатлар ва чоралар ҳақида суҳбатлашди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Вазият қанчалик жиддий?
Расмий рақамлар вазият анчайин жиддийлашаётганини кўрсатади.
2019 йилдан 2022 йилга қадар ўтган давр мобайнида рўйхатга олинган фирибгарлик жиноятлари сони тўрт баробарга ошган.
Бироқ расмийлар бу йўналишдаги жиноятлар турлари бўйича аниқ рақам ва тафсилотларни ҳали очиқламаган.
Муаммони ўрганишга киришиб, ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида одамларни огоҳликка чақирувчи постлар жойлаб бораётган адвокат Мукадамов рақамлар кескин ўсишини очиқлик сиёсати билан боғлашини айтади.
"Тўғри, фирибгарликлар сони ошган, лекин каррасига, деб ўйламайман. Менимча, шунчаки тўғри статистика тақдим этиб боришни бошлашди, холос".
Шунга қарамай, Мукадамов фирибгарлар қурбонига айланаётган кўплаб инсонлар ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермаслиги ёки шикоят қилинган тақдирда ҳам жиноят ишлари очилмаслиги ҳақида гапиради.

Сурат манбаси, Telegram\Адвокат Мукадамов
"Аҳамият берсангиз, постларимда фуқаролик ҳуқуқий муносабатларига кўра ёки далиллар етарли бўлмагани учун жиноят ишлари очилмайдиган фирибгарлик турлари ҳақида гапириб ўтяпман. Сабаби яққол фирибгарлик аломати бўлган ҳолатда жиноят иши очиш осон. Шунинг учун мен одамларимизни, асосан, ҳаётимизда кўп учрайдиган маиший алдовлардан огоҳлантиряпман".
"Бундай жиноят қурбонига айланган инсон шикоят қилганда ҳам, жиноят аломати топилмади, деган асосда иш қайтарилади ёки фуқаролик судига мурожаат қилиш тавсия қилинади", қўшимча қилади адвокат.
Мукадамов бундай турдаги маиший фирибгарликлар анчайин урчиётгани ҳақида гапиради.
"Масалан, аввалдан мавжуд алдов йўли - уни ўзим "Уддабурон куёв" деб номлаганман. Бунда фирибгар ёлланган "қариндошлар" билан бой оилага совчи қўяди, қиз томондан бериладиган мебелнинг пулини олишга имкон қадар ҳаракат қилади. Ҳаттоки, қизнинг оиласини ишонтириш учун ҳашаматли уйларни ижарага олиб, "куёв"нинг хонадони сифатида кўрсатишади ҳам. Ҳаммасига ишонтириб, пулни олгач шунчаки йўқ бўлиб қолади".
"Бу энди яхшилик билан тугаган ҳолат. Агар фирибгар чуқурлашадиган бўлса, қизни никоҳига олиб, жинсий алоқага ҳам киришади, ҳатто, уни алдаб юрганини очиқ айтади ҳам. Қизнинг шаънига доғ туширмаслик учун ота-оналар, кўп ҳолларда, шикоят қилмайди. Шу сабабдан бундай жиноятлар очилмай ҳам кетади. Аммо биз адвокатларнинг олдига келиб, фирибгарни ариза ёзмасдан жазолаш йўлларини сўрашади. Биз эса уларга фақат ҳуқуқий маслаҳат беришимиз мумкин, холос", давом этади Мукадамов.
Адвокат, шунингдек, интернет орқали фирибгарлик қилиш кўлами ҳам ортаётгани ҳақида гапиради.
"OLX'дан сохта буюртмалар бериш, трейдинг майдончаларида пулни кўпайтириб беришни таклиф қилиш, фирибгарлик йўллари билан олинган пулларни бехабар фуқаролар пластик карталарига ўтказиб, нақдлаштириб олиш каби ҳолатлар кўп учраяпти".
Вазият жиддийлашаётгани сабаби нимада?

Бобир Мукадамов ҳуқуқий ва молиявий саводхонлик етишмаслиги фирибгарлар қурбонлари сони ортаётганининг асосий сабаби бўлаётган бир вақтда, аксар одамлар онгли равишда алдов схемалари муаллифлари билан мулоқотга киришаётганини таъкидлайди.
"Бизда кўпчилик ўзининг нафси ва очкўзлиги туфайли қурбонга айланяпти. Бирдан кўп пул топаман, деб идрок қилган ҳолда фирибгарлар билан алоқага киришишяпти".
Адвокат гапига мисол тариқасида шов-шувга айланган "Аҳмадбой пирамидаси" ишини келтиради.
"Аҳмадбойга пул берган кўпчиликни биламан. Бу "совун пуфаги" эканини яхши билишган, шунга қарамай, унга пул беришган. Огоҳлантирилган пайтларда "дуо қилиб турамиз, пулимизни олгунча тегмай туришсин", дейишган. Лекин иш ўхшамай қолган вақт барибир бориб, унинг устидан ариза ёзишган".
Қандай чоралар қўлламоқ зарур?
Адвокат айни вақтда давлат бу турдаги жиноятлар билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатиб, таҳлил қилиб бораётганини тилга олади.
"Жуда қаттиқ кузатишяпти. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судларнинг йиғилишларида бунга қаттиқ туриш кераклиги ҳақида гапириляпти".
Охирги пайтда кўпайиб бораётган электрон тўлов воситалари ёки масофавий хизмат кўрсатиш тизимларидан фойдаланиб, фирибгарлик, ўғрилик жиноятлари содир этиш учун жазо чоралари 2022 йилда кучайтирилган.
Жазо чоралари кучайтирилганини ижобий баҳолашини билдирган Мукадамов бу етарли эмаслиги ҳақида гапиради.
"Давлат ҳам қараб турмаяпти. Лекин, мен ўйлайманки, ҳаракатлар, кўпинча, олдини олишга эмас, жазолашга қаратиляпти. Жиноят содир этиб бўлинганидан кейингина жазоланяпти".
Мукадамов эҳтимолий қурбонлар сонини камайтириш йўлида фирибгарликка қарши кенг кўламдаги огоҳлик-тарғибот кампаниялари олиб борилиши керак, деб ҳисоблашини айтади.
"Масалан, органлар машҳур блогерларга мурожаат қилса, ўйламайманки, улар тарғибот материалларини ўз каналларида эълон қилишни рад этишади. Давлат шундай усуллардан фойдаланиши керак. Бундан ташқари фақат коррупционерлар эмас, балки фирибгарлар реестрини ҳам ишлаб чиқиш керак. Шундагина одамлар шубҳали одамлар билан муносабатга киришишда ўйлаб иш тутадилар".
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.













