Янгиликлар. Ўзбекистон. Шавкат Мирзиёев: Нега Ўзбекистоннинг ислоҳотчи раҳбари блогерларни қамамоқда? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, BBC Monitoring
- Role, Ўзбекистон
Қатор ҳибсга олишлар хавотир уйғотдими?
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар: kompromatuzb иши бўйича ҳукм
- 15 суткага қамалган блогер: Фаолиятимизни тўхтатиш учун қамашди, лекин тўхтамоқчи эмасман
- Қўқон ИИБда жони узилган 15 яшар Равшанбек - фожиа қандай содир бўлган эди?
- Ўзбекистон: Депутатлар Ички ишлар вазири истеъфоси ва умуман вазирликни тугатишни сўраяпти - нима ўзгаради?
Олимжон Ҳайдаров июль ойида товламачиликда айбланиб Қўқонда ҳибсга олинди.
Мамлакатдаги ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни YouTube каналига олиб чиқиши билан танилган ушбу блогер бир савдо маркази раҳбарларидан муассасадаги хавфсизлик қоидалари бузилишларини фош қилмаслик эвазига пул талаб қилганликда айбланмоқда.
ИИВ вилоят бошқармаси билдиришича, блогер пулни олаётган вақтда қўлга олинган.
Ўзбекистонда блогерларни ҳам, фуқаро журналистларни ҳам блогер деб аташ одат бўлган.
Ҳайдаров агар айбдор деб топилса, 10 йилгача қамалиши мумкин.
Аммо қамалган блогер фақат у эмас.
Абдуқодир Мўминов ҳам товламачиликда айбланиб, 8 феврал куни қамоққа олинган эди. У 4 август куни айбдор деб топилиб, 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Шу йилнинг январида Human.uz нашри таъсисчиси Хуршид Далиев ва нашр Бош муҳаррири Муслим Мирзажонов ва бир қанча журналистлар нашр офисига рейддан сўнг ҳибсга олинган эди.
Ўзбекистоннинг Давлат Хавфсизлик Хизмати нашр ходимлари товламачилик ва шантаж қилишда айбланаётганини билдирган эди. Уларнинг судлари ёпиқ шаклда ўтди.
Хавотирли емирилиш
Танқидчиларга кўра, босим Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотчи сифатидаги обрўсига путур етказган.
Ҳокимиятга келганидан бери у болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни қисқартириш ва иқтисодиётни чет эл сармояси учун очиш борасида сезиларли ютуқларга эришди.
Аммо унинг сўз эркинлигини таъминлаш ҳақидаги ваъдаси шубҳа остида қоляпти.
Мирзиёев 2016 йилда ҳокимиятга келган ва унинг сайловолди ташвиқоти ҳам асосан блогерларга ва ижтимоий тармоқларга таянган эди.
Сайлов кампанияси пайтида унга доимий равишда блогерларнинг катта гуруҳи ҳамроҳлик қилди.

Сурат манбаси, Reuters
Ҳукмронлигининг бошида у жасурроқ ва эркинроқ оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаган эди.
Аммо 66 ёшли раҳбар учинчи президентлик муддатини бошлар экан, қатор ҳибсга олишлар хавотир уйғотади.
Ҳайдаров ва бошқаларни ҳимоя қилиш учун бир қанча ўзбек сиёсий шарҳловчилари, ёзувчилари ва журналистлари муносабат билдирди.
Собиқ депутат ва ижтимоий фаол Расул Кушербаев Ҳайдаровни шахсан билишини ва унга қўйилган айбловларга ишонмаслигини айтди.
"Олимжонга қўйилган жиноий айбловлар ҳуқуқ-тартибот идораларининг фарази, холос. Ҳақиқатда нима бўлганини вақт кўрсатади, яъни ўша вақт келгунча яшасак, ошкоралик сақланиб қолса", дейди Кушербаев.
"Фаоллар сўз эркинлиги ҳуқуқидан фаол фойдаланадиган бундай шахсларга қўйилган турли айбловлардан хавотирда. Сўз ва фикр эркинлигидан фойдаланмай демократия мавжуд бўлолмайди".

Сурат манбаси, .
Совет ўтмишига қайтишми?
Сўнгги бир неча йил ичида фуқаро журналистлар Ўзбекистонда катта роль ўйнамоқда. Улар Президент Мирзиёев ҳукумати рухсат берган чекловларни кенгайтиришга уриниб келмоқда.
Расмийлар очиқ сўзловчи блогерларни кузатган ва бир нечта ижтимоий медиа фаолларини ҳибсга олган бўлса ҳам, бу оммавий ахборот воситалари эркинлигига тўлиқ тазйиқ сифатида қаралмаган, кўплаб фуқарофий журналистлар бу алоҳида ҳолатлар бўлишига умид билдиришда давом этган.
Facebook, YouTube ва Telegram каби ижтимоий медиа платформалари ҳам эркин муҳокама ва танқид қилиш марказларига айланди.
Бу Ҳайдаров каби блогерларга ҳукуматдаги коррупция ва қариндош-уруғчилик каби нозик мавзуларга жамоатчилик эътиборини қаратиш имконини берди. Фуқаро журналистлар фаоллар ва сиёсатшунослар бўлиб, уларнинг кўплаб обуначилари пайдо бўлди.
Аммо сўнгги ҳибсга олишлардан кейин улар ҳокимият ҳақиқатан ҳам сўз эркинлигини чеклаш арафасида эканлигини англаб етган кўринади.
Сўнгги пайтларда фуқаро журналистлар президентнинг ўз ваъдаларини бажармаётгани, иқтисодий ислоҳотларнинг турғунлиги, олигархия ва қариндош-уруғчилик кучайиб бораётгани ҳақида кўпроқ гапирмоқда.
Таниқли сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Ҳайдаровнинг ҳибсга олиниши фуқаролик жамияти учун сўнгги "огоҳлик қўнғироғи" эканини таъкидлаб, ҳибсга олишлар қимматга тушадиган хато эканлигини ва Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатларини барбод қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
"Ҳуқуқий давлатчилик ҳали шаклланмаган, сиёсий плюрализм шаклланмаган мамлакатимизда ҳар қандай блогер ёки журналистга қўйилган айбловни исботлаш осон. Аммо бошқа томондан, дунёда мамлакатларнинг ички ва ташқи обрўси каби омиллар ҳам бор", дейди Раббимов Kun.uz'да чоп этилган мақоласида.
Раббимов фикрича, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизими ўзининг совет ўтмишига қайта бошлаган, хавфсизлик хизматлари ҳозир Совет КГБси каби усуллардан фойдаланмоқда.
"Биз НКВД [Совет Иттифоқи махфий полицияси] ва КГБ одамларни қатағон қилган мамлакатда яшаганимизни эслаймиз... НКВД руҳи тирик. Уни қайта тиклашга уринишлар жуда кучли. Агар бу муассаса тикланса, ҳеч ким аялмайди".
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













