Ўзбекистон: Жанжалда одамлар Чилонзор “капалак”ларини айблашмоқда, аммо ИИББ хабарида бу тилга олинмайди - Янгиликлар

Сурат манбаси, Toshkent IIBB
Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси ўз сайтида пойтахтнинг Чилонзор туманидаги йўлда фуқаролар ўртасида юз берган жанжал бўйича расмий хабар тарқатди.
Аввалроқ Фейсбукнинг "Халқ билан мулоқот" саҳифасида эълон қилинган учта видеода кўплаб аёллар ва эркаклар бир неча ёш аёллар билан жанжаллашаётгани, хусусан уларни бу ҳудуддан кетишларини талаб қилганлари, аёллар ўртасида сочларини юлиш ва муштлашиш, аёллар ва эркаклар орасида муштлашув ва тепишлар, ҳамда кўплаб ҳақорат акс этади.
Алоқадор мавзулар:
Видеоларга эълон қилинган хабарда шундай дейилган:
"Чилонзор Шухратдаги тунги капалаклар маҳаллий аҳолининг ҳам жонидан тўйдирворган кўринади. Бу ҳолатга барҳам берилмаса бўлмайди. Маъсулларимиз бу тунги капалакларни назоратга олишади деган умиддамиз.
П/с Масъуллар чора кўрмагандан кейин халқни ўзи чора кўришга мажбур бўляпти. Тўғрида ўша ерда яшаб ўсиб келаётган ёш авлод айниқса қизларга бу яхши ўрнак бўлмаслиги аниқ. Бевосита ўша ерлик ота оналар фарзандлари тақдирига масъулдурлар."
Тошкентнинг Чилонзор туманидаги Заргарлик ва Қатортол кўчалари кўп йиллардан бери пойтахтдаги фоҳишабозлик нуқталаридан саналиб келади.

Сурат манбаси, Social media
Аммо, ИИББ хабарида фоҳишабозлик ушбу ҳодисага сабаб бўлгани ёки алоқадорлиги ҳақида маълумот йўқ. Унда қуйидагича маълумот берилган:
"Жорий йилнинг 18 июлга ўтар кечаси тахминан соат 00.40 ларда Чилонзор ва Учтепа туманлари ҳудудида жойлашган Заргарлик кўчасида бир нечта фуқаролар ўзаро жанжаллашган. Воқеа жойига етиб келган ИИО ходимлари фуқароларни тинчлантириб, ҳуқуқбузар шахсларни ИИБга олиб борган. Жанжал натижасида бир нафар фуқаро "пешона соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши" жароҳати билан тиббий ёрдам учун мурожаат қилган, сўнг уйига кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда, текширув якуни бўйича айбдор шахслар аниқланиб, уларга нисбатан қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Ўрганишлар жараёнида, шу куни тахминан соат 00.30 ларда ушбу ҳудудда NEХIA ва СOBALT русумли транспорт воситалари ўзаро тўқнашганганлиги сабабли фуқаролар ЙТҲни кўриш учун тўпланганлиги аниқланган. Тўқнашув натижасида ҳеч ким жароҳатланмаган, тўқнашув юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилган."
Видеоларда ЙҲҲБнинг баъзи ходимлари жанжални тўхтатишга уринаётгани кўринади, аммо кимдир ушланиши ё ҳибсга олиниши акс этмаган.
Ижтимоий тармоқда фикр билдираётганлар мазкур ҳодисада милицияни ҳам айблашган:
"Милиция фалаж аҳволда. Фоҳишаларни ҳимоялаб турувчи эркаклар ҳам кўп экан. Бу вазиятга йиллар давомида ҳеч қандай чора кўра олишмайди. Фоҳишалик савдосида ҳам катта пул айланади ва албатта бу пулдан насибадор бўлиб тургандан кейин шунча милиса анқайиб тураверадида."
«Эссиз милиция номи, шулар билан тили бирлиги билиниб турибди, фахш бор ерда иймон виждон булармиди.»
«Бозорда жанжал бўлса аёл ё эркак фарқи йўқ, қўлини қайириб тиқиб опкетишади-ку, буларни нимага опкетишмаяпти?»
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













