Янгиликлар: Ислом Каримов, Шавкат Мирзиёев ёки бугунги Ўзбекистонга қарши даъволар қанчалик асосли? Video O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, RASMIY/HTTP://BUHORIY.COM/BULENT KILIC/GETTY IMAGE
Бағдодда нима гап?
Ироқ пойтахтидан бу яқин йилларда кўрилмаган хабарлар олинмоқда.
Расмий Тошкент жимми?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
Ғайриодатий воқеълик ва кутилмаган хабарлар

Сурат манбаси, HTTP://BUHORIY.COM/
Бағдод қамоқхонасидаги исён қатор постсовет давлатлари номларини янгиликларга олиб чиқди.
Кутилмаган хабарлар ИШИД жангариларининг хотинлари бўлган юзлаб маҳкумаларнинг тақдирига эътибор қаратди.
Ўзбекистон Ислом Каримов бошқаруви даврида энг катта сондаги фуқаролари ИШИД сафларига кирган иккита постсовет давлатидан биттаси бўлган. Марказий Осиёда эса, бу борада етакчи мавқеъни эгаллаган.
ИШИД Яқин Шарқда мавҳ этилмасидан аввал эълон қилинган сўнгги халқаро ҳисоботларда Сурия ва Ироқда жанг қилган ўзбекистонликларнинг сони 1500 нафар экани айтилган.
Улардан қанчасининг Сурия, Ироқ ҳукумат кучлари билан тўқнашувлар ва халқаро коалициянинг ҳарбий амалиётлари чоғида ўлдирилгани, таслим қилингани ёки қўлга олинганига оид ишончли маълумотлари ҳали-ҳануз имконсиз.
Афғонистон ва Яқин Шарқдаги Ўзбек жангарилари ва жангарилиги табиатини яқиндан ўрганган экспертлар эса, уларнинг анчайин оилапараст эканликларига диққат қаратишган.
Аммо шу пайтгача имконли бўлган бирор бир расмий ёки мустақил манбада бу икки минтақада бўлган, қолган ўзбекистонлик хотин-қиз ва болаларнинг сонларига оид аниқ рақамлар кўзга ташланмаган.
Ғарб ҳукуматлари 2019 йилнинг март ойида Яқин Шарқда ИШИД гуруҳи буткул мавҳ этилганини расман эълон қилишган.
Айнан хорижий жангарилар ва улар оила аъзоларининг тақдири ИШИД гуруҳи Яқин Шарқда мавҳ этилиши фонида ўртага чиққан энг асосий саволлардан бири бўлади.
Бағдодда нима гап?

Исён Бағдоднинг қаттиқ тартибдаги "Русафа" қамоқхонасида келиб чиққан.
Хабарларга кўра, 400 юздан ортиқ маҳкума ҳафталаб очлик эълон қилган.
Улар барчасининг ИШИД жангариларининг хотинлари экани айтилади.
Маълум бўлишича, Ироқ суди бу аёлларни узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этган.
Очлик эълон қилган маҳкумалар бегуноҳ эканликларини даъво этишган, ишларини қайта кўриб чиқиш, ўзларини озод этиб, ватанларига қайтаришни талаб қилишган.
Улардан айримлари эса, ҳатто сув ичишдан бош тортишгача боришган.
Би-би-си маълумотларига кўра, "Русафа" қамоқхонасида 600 га яқин маҳкум сақланади.
Уларнинг орасида Россия, Украина, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия, Франция, Германия ва бошқа давлат фуқароларининг ҳам борликлари айтилади.
Маҳкумаларнинг ўз сўзларига таянилса, бу қамоқхонада юзга яқин бола ҳам вояга етаётир.
Би-би-си қамоқхонадаги айримлар билан суҳбатлашишга ҳам муваффақ бўлди, аён бўлишича, маҳкумалар адолатсиз ҳукмлар, чидаб бўлмас шарт-шароитлар ва қўриқчиларнинг калтакларидан шикоятдалар.
Уларнинг таъкидлашларича, ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани боис, сўнгги олти йил ичида қамоқхонада 60 дан ортиқ аёл ва 20 нафар бола ҳаётдан кўз юмган.

Ироқ расмийлари эса, Би-би-сининг қамоқхонадаги очлик акцияси ва ўлимларга оид саволларини бежавоб қолдирди.
Шу билан бирга, Ироқ Адлия вазирлиги "Русафа" маҳкумаларга тиқилиб кетганлигини тан олди.
Вазирликка кўра, бу ерда ҳозир кўзда тутилганидан кўра тўрт баробар кўп одам сақланади.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибининг Би-би-сига маълум қилишича, консуллари очлик эълон қилганларни бориб кўрган, уларни "очлик акциясини тўхтатишга кўндирган".
Аммо Би-би-си суҳбатдошининг айтишича, консул келган, "гапларига қулоқ тутгану кетган", ўзи ва бошқа россиялик маҳкумалар очлик эълон қилишни давом эттиришган.
Унга кўра, ИШИД содир этган жиноятларга қарамай, ўз аҳволларига халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини тортиш учун бу каби норозилик акциясига қўл уришган.
Ўз давлатларини ИШИД чангалидан озод этишаркан, Сурия ва Ироқ ҳукуматлари 2018 йилда собиқ жангариларнинг ўн минглаб хотину бола-чақаларини қўлга олишган.

Сурат манбаси, BULENT KILIC/GETTY IMAGES
Ҳибсга олинишларидан кўп вақт ўтмай, ироқлик масъуллар уларга оммавий равишда ҳукм чиқаришни бошлаган.
Аксариятига 10-20 йилгача, айримларига ҳатто умрбод қамоқ жазолари ҳам берган.
Би-би-си суҳбатдошларининг айтишларича, "суд 10 дақиқагина давом этган".
"Адвокат берилмаган, рус тилини билмайдиган таржимон қўйилган, ўзларининг ИШИДга алоқадорликларини исботлаши мумкин бўлган бирор бир исбот-далил тақдим этилмаган".
Human Rights Watch ва Amnesty International халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотлари ҳам ИШИД билан алоқадор ишларда қонунбузарликлар ва қийноқлар остида олинган "иқрорлар" ҳақида гувоҳлик беришган.
2018 йилда Қочқинлар ишлари бўйича Норвегия кенгаши айрим Ғарб нашрларига Тал-Афардаги жанглардан қочиб, Мосулдаги лагерлардан бошпана топган ва кейинчалик аксарияти Бағдод қамоқхонасида сақланган бир ярим мингга яқин жангарилар хотинлари ва болалари орасида оз сонда бўлса-да, ўзбекистонликлари ҳам борлигини айтган.
Аммо Бағдоддаги бу қамоқхонанинг номини очиқламаганди.
Би-би-си Ўзбек хизмати Бағдоднинг "Русафа"сидаги исён манзарасида Ироқ қамоқхоналарида қолаётган ўзбекистонлик маҳкумаларнинг тақдирларига ойдинлик киритишга ҳаракат қилди. Бу хусусда мавзуни яқиндан ўрганиб, кузатиб келаётган Би-би-сининг Араб хизмати мухбири ва жангари гуруҳлар бўйича эксперти Мурод Батал аш-Шишанийни суҳбатга тортди:
Ўзбекистонлик маҳкумалар?..

Мурод Батал аш-Шишаний: Мен бу хусусда ироқлик мулозим билан гаплашдим. У ўз исмини ошкор қилишни истамади. Бу мулозим менга Бағдоддаги "Русафа" қамоқхонасида бир қанча ўзбекистонлик маҳкумалар борлигини тасдиқлади. Аммо мен билан суҳбатда уларнинг аниқ сонини очиқламади. Бу қамоқхонада ўзбекистонлик болалар бор-йўқлиги ҳақидаги саволим ҳам очиқ қолди. Аммо, тахминимча, улар бор. Мазкур қамоқхонада оналари билан бирга жами юзга яқин бола сақланади. Бу болалардан айримлари шу қамоқхонанинг ўзида туғилишган.
Савол: Ироқ қамоқхоналарида қолаётган ўзбекистонликларнинг аниқ сонига оид бирор бир ишончли рақамлар имконлими?
Мурод Батал аш-Шишаний: Уларнинг аниқ сони маълум эмас. Чунки ироқликлар аввалбошдан бу каби инсонларнинг фуқароликларини ажратишга муваффақ бўлишмаган. Уларнинг орасида қўлларида бирор бир ҳужжати йўқлари ҳам бор. Чунки кўпчилиги Мосул ИШИДдан озод қилинган пайтда қўлга олинишган. Шунинг учун ҳам Ироқ қамоқхоналарида ҳозир аниқ қанча ўзбекистонлик борлигини айтиб бўлмайди. ИШИД билан алоқадорликда ҳукм этилиб, "Русафа" қамоқхонасида сақланаётган маҳкумаларнинг жами сони эса, 400 дан ортиқ. Яна шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, Ироқда ИШИДга боғлиқликда кўрилган хотин-қизларнинг аксарияти "Русафа"да сақланади. Ироқнинг бошқа қамоқхоналарида уларга ўхшаш маҳкумалар деярли йўқ. Аммо Ироқ-Сурия чегарасига яқин "Ал-Ҳол" жамлоғида катта сондаги хорижликлар бор. Бу жамлоқ ҳозир ҳам Суриядаги курд кучлари назорати остида.
Савол: Биргина Ироқ қамоқхоналарида сақланаётган ўзбекистонлик маҳкумалар мисолида оладиган бўлсак, уларнинг тақдири нима бўлади? Ортга, Ўзбекистонга қайтарилишлари эҳтимоли қанчалик?
Мурод Батал аш-Шишоний: "Русафа"даги маҳкумалар ҳозир худди шу нарсани талаб этишаётир. Улардан аксарияти сўнгги икки ҳафта давомида очлик амалиётига қўл уришган. Маҳкамалари адолатсиз ўтказилганини айтишган. Ўз Ватанларига қайтарилишларини сўрашган. Кейин яна қамоқхонадаги шарт-шароитнинг ўта абгорлигидан шикоят этишган. Мен яширинча олиб кирилган телефон ёрдамида худди ўша қамоқхонадаги маҳкумалардан бири билан гаплашдим. У менга қамоқхона ичкарисидаги аҳвол жуда ёмон эканини айтди. Улар бизга юборган видеоларда ҳам бу нарса яққол акс этганди. Қамоқхонада маҳкумалар ҳаддан зиёд. Битта ҳужрада қирқтача маҳкума сақланади. Очлик эълон қилган маҳкумаларнинг даъво қилишларича, қамоқхона маъмурияти улар ҳақида умуман қайғурмаган. Биз бу хусусда Ироқ ҳукуматидагилардан бир эмас, бир неча бор изоҳ олишга уриндик. Аммо бунга муваффақ бўлолмадик.

Сурат манбаси, .
Савол: Шундай экан, маҳкумаларнинг исёни қандай якун топди? Улар қўл урган норозилик акциясининг бирор бир самараси бўлдими?
Мурод Батал аш-Шишаний: Маҳкумалар ўз очлик амалиётларини вақтинчалик тўхтатишган. Қамоқхона бир неча кундан буён тинч. Масъуллар уларни Ватанларига қайтариш учун дипломатик саъй-ҳаракатларни бошлашга ваъда беришган. Аммо талаблари бажарилмаса ва масъуллар берган ваъдаларида туришмаса, маҳкумалар яна очликка қўл уришларини айтиб туришибди.
Савол: "Русафа"да борлиги айтилаётган ўзбекистонлик маҳкумаларнинг тақдирига Ўзбекистон томонининг бирор бир муносабати маълумми? Қамоқхонадаги сиз суҳбатлашишга муваффақ бўлган манба орқали бу ҳақда бирор бир маълумот олишнинг имкони бўлдими?
Мурод Батал аш-Шишаний: Мен қамоқхонадаги россиялик маҳкума билан суҳбатлашдим. У Қабардин-болқорлик. Бу суҳбатдошимдан ҳам қамоқхонада ўзбекистонлик маҳкумалар бор-йўқлиги ҳақида сўраганимда, у ҳам уларнинг борликларини тасдиқлади. Аммо ўзбекистонлик маҳкумаларнинг бевосита ўзлари билан суҳбатлашишга имконимиз бўлмади. Чунки телефон муайян бир киши учун яширинча олиб кирилган. Телефонни бир ҳужрадан бошқасига ўтказишнинг имкони йўқ эди. Шу боис ҳам, ўзбекларнинг ўзлари билан гаплаша олмадик. Аммо биз мулоқотда бўлган аёл мазкур қамоқхонада ўзбек аёллари борлигини тасдиқлади.
Савол: Қамоқхонада борлиги айтилаётган ўзбекистонликларнинг аҳволи, тақдири борасида бирор нарса маълумми?
Мурод Батал аш-Шишаний: Ироқ томони айтаётган гаплар асосан. Ироқ ҳукуматидагиларга кўра, Ўзбекистон илова қолган бошқа давлатларга ҳам ўз фуқароларингизни ортга қайтаринг, деб айтиш учун бирор бир имкониятни бой беришмаган. Аммо, мулозимларнинг сўзларидан маълум бўлишича, бу давлатлардан ҳозирча жавоб бўлмаган, уларнинг бу масалани жиддий олишаётгани кўрилмаган. Ироқ томони улар барчасини ортга қайтаришни хоҳлайди.
Савол: Ироқ ҳукумати сизнингча бу қамоқхона ва ундаги маҳкумалар муаммосини қандай ҳал қилиши мумкин?
Мурод Батал аш-Шишаний: Биз бу хусусда ҳам Ироқ ҳукуматидагилардан бир эмас, бир неча бор изоҳ олишга уриндик. Аммо бунга муваффақ бўлолмадик. Ироқ томони маҳкумалар барчасини ортга қайтариш, улар ҳаммаси қамоқхона муддатларининг қолганини ўз Ватанларида ўташларини истайди. Ироқ ҳукумати аввал ўз ҳудудининг катта қисмини ишғол қилган жиҳодчи гуруҳ қаршисида қолган бўлса, энди бунга ўхшаш муаммога тўқнаш келиб турибди. Ироқ томонига кўра, Ўзбекистон бўладими, Россия ёки бошқа, мазкур давлатлар барчаси ўз фуқароларини ортга қайтаришлари керак.
Сурия, Ироқ ва ўзбекистонликлар

Сурат манбаси, AFP/illyustrativ
Шу пайтгача имконли бўлган хабарларда Сурия лагерларида сақланаётган ва Ироқдаги қамоқхоналарда ўз муддатини ўтаётган хорижлик жангариларнинг сони бир неча мингга қиёс берилган.
Айрим Ғарб нашрлари эса, у ерлардаги вазиятни яқиндан ўрганишга муваффақ бўлган фаолларнинг ҳисоб-китобларига таяниб, бу хорижликлардан бир неча юзтасининг ўзбекистонлик бўлиши мумкинлигини айтишган.
Аммо имконли бўлган бу хабарларда ҳам улардан аниқ қанчасининг ИШИД аъзолари бўлишгани тафсилотлари ноаён қолган.
Ўзбекистон фуқаролари эса, Яқин Шарқда ИШИДдан ташқари яна камида икки жангари гуруҳ сафида жанг қилишган.
Бу гуруҳлардан айримларининг ИШИД Яқин Шарқда мавҳ этилганидан кейин ҳам Суриянинг айрим чекка вилоятларида фаол эканликларига оид хабарлар ҳам олинган.
Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан саноқли йилларнинг ўзида Ўзбекистон Сурия ва Ироқдан улардан 500 дан ортиғини ортга қайтаришга муваффақ бўлган.
Ўзбекистон шахсан президент Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2019 йилдан бошлаб "Меҳр" номи остида ўзининг инсонпарварлик амалиётларини бошлаган.
Худди шу амалиётлар манзарасида Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум муфтийси Яқин Шарқдаги қолган Ўзбекистон фуқаролари сонига ойдинлик киритгандек бўлган.
Муфтий Усмонхон Алимов уларнинг сонини қайриб 3 мингга нисбат берган, барчасини Ўзбекистонга қайтаришлари лозимлигини ҳам таъкидлаганди.
Буёғи-чи?

Сурат манбаси, AFP
Аммо аввалига Туркия ҳукуматининг Суриядаги Курд кучларига қарши йирик ҳарбий амалиёти, бунинг ортидан эса, худди ўша йилнинг декабридан бошланган коронавирус пандемияси Ўзбекистон қатори қолган барча давлатларнинг ҳам Яқин Шарқдан ўз фуқароларини ортга қайтариш амалиётларини деярли йўққа чиқарган.
АҚШ билан иттифоқчиликда Суриядаги ИШИД жангариларини мавҳ этган курд кучлари эса, Туркиянинг ҳарбий амалиётларига қадар дунё давлатлари ҳукуматларига мурожаат билан чиқишган.
Улар бу давлатлардан ўз назоратлари остида бўлган фуқароларини ортга қайтаришларини сўрашган.
Туркиянинг ҳарбий амалиётлари манзарасида бу каби маҳбуслар тутиб турилган лагерларни ортиқ назорат қилишга имконсиз эканликларини маълум қилишганди.
Бу амалиётлар натижасида Суриядаги лагерлардан аниқ қанча кишининг қочгани, улар қанчасининг собиқ ИШИД жангарилари экани ва қочоқларнинг бундан кейинги тақдирлари борасидаги аниқ маълумотлар эса, имконсизлигича қолганди.
Аммо алал-оқибат АҚШ воситачилиги ва Россиянинг аралашуви билан ниҳоя топган ҳарбий амалиётлари манзарасида расмий Анқара бу хусусда ортиқча хавотирларга ўрин йўқлигини айтиб чиққан, вазият ўз назоратлари остида эканини билдирган.
Худди ўша йилнинг декабрь ойида эса, Туркия собиқ ИШИД жангариларини ортга, ўз давлатларига қайтаришга қарор қилган.
Расмий Анқаранинг худди шу қарори манзарасида Туркия президенти дунёнинг 102 давлатидан бўлган 7 мингдан зиёд жангари ватанларига қайтариб бўлинганини ҳам маълум қилган.
Аммо бу хабарларда ҳам уларнинг орасида Ўзбекистон фуқаролари бор-йўқлиги саволи очиқ қолганди.
Расмий Анқара ўзлари ортга қайтарганликларини айтган хорижий жангариларнинг айнан қаерда - Суриядами ёки Туркияда қўлга олинишгани тафсилотларини очиқламаган.
Туркия президенти ўша пайтда турк қамоқхоналарида сақланаётган чет эллик ИШИД жангариларининг сони 2 мингдан ортишини айтган.
Туркия ҳарбий амалиётларининг нишонига айланган Сурия Курд Демократик кучларига қарашли қамоқхоналарда 12 мингдан ортиқ ИШИД аъзосининг сақлангани ишонилган. Улардан камида 4 мингтаси хорижий жангариларга нисбат берилган.
Суриядаги қочқинлар жамлоқларидан бошпана топган ИШИД жангарилари оила аъзоларининг сони эса, қарийб 70000 экани айтилган.
БМТ мавқеи

Сурат манбаси, GIUSEPPE CACACE/AFP/GETTY IMAGES
Бу масалага орада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам эътибор қаратган.
БМТ халқаро қонунчиликка мувофиқ, Сурия ва Ироқнинг ўзида маҳкамага тортилишлари шарт бўлмаган чет эллик фуқаролар учун масъулиятни уларнинг ўз давлатлари зиммасига олиши лозимлигини айтган.
Ўзбекистон ўзининг инсонпарварлик операциялари фонида ҳам, Туркиянинг Суриядаги ҳарбий амалиётлари ёки турк нашрларидаги расмий Анқаранинг хорижий жангариларни ортга қайтариш қарори ҳақидаги хабарлар манзарасида ҳам ўзининг бу борадаги мавқеини расман очиқламаган.
Яқин Шарқда ИШИД сафларида жанг қилган фуқароларини қабул қилиш-қилмаслик масаласида қандай йўл тутажаги борасида бирор бир расмий ёки ошкора баёнот бермаганди.
2021 йилнинг бошида эса, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ўзбекистон илова дунёнинг 60 га яқин давлати ҳукуматларига расман мурожаат билан чиққан, улардан Сурияда қолаётган фуқароларини зудлик билан ортга қайтаришларини сўраганди.
Халқаро ташкилотнинг инсон ҳуқуқлари бўйича ўнлаб экспертлари бунинг сабабини Сурия лагерларидаги улар тутиб турилган шароитларнинг "ноинсоний" экани билан изоҳлаганди.
Халқаро ташкилот экспертларининг мурожаатида айтилишича, "бу лагерларда тутиб турилган минглаб одамлар зўравонлик, эксплуатация, шафқатсизлик ва маҳрумиятларга дучор бўлишмоқда".
"Қочқинлар тутиб турилган шарт-шароит ва уларга нисбатан муносабатни халқаро қонунлар меъёрларида қийноқ, шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муносабатларга тенглаштириш мумкин".
БМТ экспертларининг хулоса қилишларича, мавжуд ҳолат сабаб бу одамлардан айримлари ҳатто ҳаётдан кўз ҳам юмишган.
Халқаро ташкилот бу лагерлардаги шарт-шароитлар борасида узоқ вақтдан буён бонг уриб келади.
Уларнинг бу мурожаатларига ўшанда Ўзбекистоннинг расмий муносабати ноаён қолган.
Расмий Тошкент мавқеи

Сурат манбаси, President.uz
Аммо 2019 йилнинг октябрь ойида ўтказган сўнгги "Меҳр" операцияси фонида расмий Тошкент Яқин Шарқдаги бирор бир фуқароларини "тақдирнинг измига ташлаб қўймасликлари"ни баён қилган.
Ўзбекистон ҳукумати ўзининг инсонпарварлик амалиётлари яна давом этиши, тўхтаб қолмаслигини маълум қилган.
Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Шавкат Мирзиёев қудратга келишидан икки йилча ўтиб афв тўғрисида махсус фармон қабул қилган.
Бу фармон жангари гуруҳларга "адашиб кириб қолган ва пушаймон бўлган фуқароларни афв этиш"ни кўзда тутади.
Унинг қабул қилиниши ортидан қанча сондаги ўзбекистонлик жангарининг ортга қайтгани маълум эмас.
Аммо орада Тошкентдан Ўзбекистон хориждаги қатор фуқаросининг аризасини қондирганига оид расмий хабарлар олинган, уларда бу шахсларнинг жиноий жавобгарликдан озод этилишгани, Ўзбекистонга ва оддий ҳаётга қайтаришга қарор қилингани ёзилган.
Сўз аллақачон ортга қайтарилганларига келганда эса, президент Шавкат Мирзиёев "Конституция кўзда тутса-да", уларга қарши бирор бир чора кўрилмаслигини баён қилган.
Бу инсонларнинг оддий ҳаётга қайтишлари, янгидан мослашиб кетишлари учун лозим барча ёрдам, кўмак ва дастак берилиши айтилган.
Шавкат Мирзиёев маъмуриятининг айни саъй-ҳаракатларига баҳо бераркан, орада айрим сиёсий таҳлилчилар расмий Тошкентнинг Яқин Шарқдаги фуқаролари билан боғлиқ муаммони англаб етганини айтишган.
Давлат уларни қайтариш билан ўзининг истиқболдаги, келажакдаги хавфсизлигини ўйлаб, жиддий иш қилаётганини таъкидлашганди.
Уларга кўра, бу давлатнинг ташқи обрўси, имижи ва халқнинг унга бўлган ишончи учун ҳам ўта муҳим.
"Ҳукумат бу каби жиддий масалада иккиланиш ёки сусткашликка йўл қўймаслиги керак".
Шов-шувли қадам

Сурат манбаси, UZREPORT.NEWS
Жангарилар оилаларининг янги Ўзбекистоннинг президенти томонидан ортга қайтарилаётгани хабари ҳам мамлакат ичкариси ва ҳам мамлакат ташқарисида озмунча диққат-эътиборга сабаб бўлмай қолмаган.
Янги Ўзбекистоннинг илк "Меҳр" инсонпарварлик амалиётига оид хабар эса, ўша пайтда ижтимоий мулоқот тармоқларини том маънода ларзага келтирган.
Ўзбекистон билан боғлиқ яна бир долзарб ва зиддиятли мавзуга айланган.
Берилган баҳо, билдирилган акс-садо ва муносабатлар тамом иккига бўлинган.
Айниқса, қораловчи томоннинг фикрлари ўзининг ўта кескинлиги билан ажралиб турган.
Бу каби қарашлар бир нуқтага жамланганда, уларни Ўзбекистонга қайтаришга ҳожат бўлмагани, бу иш хато эканига оид мазмун-моҳият англашилган.
Халқаро жамоатчиликда эса, ортга қайтарилганларнинг бирор бир босимга учраш-учрамасликлари билан боғлиқ безовталик сезилганди.
Аммо, сиёсий таҳлилчиларга кўра, давлат бу иш билан ўзига бўлган ишончни кўрсатган, легитимлиги жиддий бир даражада ошган.
Дастлабки "Меҳр" инсонпарварлик амалиёти ортидан, Ўзбекистон раҳбарининг шахсан ўзи бу инсонларни Сурияга нима етаклагани саволини кун тартибига ҳам олиб чиққан.
"Уят бўлса ҳам айтиш керак, 156 нафар Сурияга кетганлар нима учун кетган? Кимни излаб кетган?", - деяркан, "Тан олиш керак, биз уларга шароит яратиб бермаганимиз учун кетган!", - дея бунда, таъбир жоиз, "ўз айблари"ни ҳам ишкора эътироф этган.
"Биз ҳаммамиз бу ҳолатни чуқур ўйлашимиз керак", - деганди Ўзбекистон Президенти Мирзиёев.
Бу каби ошкора эътироф эса, мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор кузатилганди.
Би-би-си ўзбекистонлик маҳкумалар ҳам сақланаётганини тасдиқлашга муваффақ бўлган Бағдоднинг " Русафа" қамоқхонасидаги исёнга оид хабарларга расмий Тошкентнинг имкони ҳозирча маълум эмас.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














