Ҳатай ва Ғозиантеп: BBC Ўзбек хизмати ҳужжатли филми қаҳрамонлари ва зилзила - видео, янгиликлар, Туркия, дунё

BBC
    • Author, Гулсеваp Замон
    • Role, BBC.COM/UZBEK
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Антакянинг бугунги манзараси қўрқинчли: зилзила бутунбошли турар-жой ҳудудларини ер билан яксон қилган. Туркия бўйлаб зилзиладан ўлганларнинг қарийб ярми худди шу минтақага тўғри келади. Би-би-си Ўзбек Хизмати 2017 йил Ҳатайдаги аксар ўзбеклар яшовчи Овакент қишлоғидан филм тайёрлаганди.

Биз қишлоқни кезиб, у ерда яшовчи инсонларнинг ўтмишию бугуни билан қизиққандик.

Ўшанда Маҳмуд Ўзтурк ва унинг оиласи бизга ўғилларининг уйланиш тўйини ҳам тасвирга олишга рухсат берганди.

Ўтган 6 йилга яқин вақт ичида қишлоқ бундай бахтиёр онларни кўп яшаганига шубҳа йўқ.

Аммо бугун-чи?

Аммо силкиниш ўтиб кетмади. Бироздан сўнг уйда қий-чув бошланди. Ўғлим, келин ва неваралар туришди. Ҳаммамиз ташқарига отилдик... " дейди Маҳмуд ака.
Сурат тагсўзи, "Аммо силкиниш ўтиб кетмади. Бироздан сўнг уйда қий-чув бошланди. Ўғлим, келин ва неваралар туришди. Ҳаммамиз ташқарига отилдик... " дейди Маҳмуд ака.

Бугун биз кўришган инсонларнинг қайси бирлари ҳаётда, қайси бирлари йўқ... билиш қийин.

Аҳволни билиш учун мен филм қаҳрамонларидан бўлган Маҳмуд ака билан боғландим ва аввалига 6 феврал - офат келган кунни тасвирлаб беришни сўрадим.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Ухлаб ётгандик. Бирдан бошланди зилзила. Янгангиз ҳам "туринг, зилзила бўлаяпти", деб бақириб турарди. Мен ўткинчи тебранишдир деган хаёлда ўрнимдан туришга бироз танбаллик қилдим.

Аммо силкиниш ўтиб кетмади. Бироздан сўнг уйда қий-чув бошланди. Ўғлим, келин ва неваралар туришди. Ҳаммамиз ташқарига отилдик... " дейди Маҳмуд ака.

"Ҳали уйдан чиқиб улгурмасимиздан шкафлар, печлар бўлсин бир-бир ерга ағанади. Уйдан чиқа туриб йиқилиб ҳам тушдик... Ҳечким ҳечнарсани тушуна олмайди. Шундай бир вақт, шундай бир замон. Инсонларнинг руҳияти бузилган. Ернинг ҳаракатию, ҳалиги зилзиланинг берган саси, йиқилган деворлар, йиқилган уйлар, буларнинг овозлари ҳаммаси инсоннинг қулоғида... Инсон соғлом бир қарор беролмайди. Шунинг учун, мардумнинг деганидек, ярим бир қиёматни бошимиздан кечирган кишилар бўлдик..."

"Қишлоқнинг ичида тахминан юзда эллик, юзда олтмиш уйлар йиқилди... Деярли ҳамма уй зарар кўрди. Йиқилган уйларнинг тагида одамларимиз қолди, жонларимиз қолди", дея давом этади Маҳмуд ака.

Овакент, 2017 йил
Сурат тагсўзи, Овакент, 2017 йил

Унинг айтишича, зилзила қишлоқдан 142 одамни ҳалок қилган: "Улардан 72 нафари кичик ёшдаги инсонлар, 70 киши катта ёшлилар, дейилди. Бир келган хабар шу шаклда. Бошқа бир хабар келганки, 75 киши вафот қилган. Биз 75 кишиси тўғри бўлсин, бундан ортиқ бўлмасин, деб дуо қиляпмиз".

"Омон қолганлар ҳам қаттиқ руҳий зарба олишган. Ўша зилзилани бошидан кечирган ҳамма қўрқиб қолган... Шахсан ўзимни салгина тебраниш, мисол учун ёнимга биров келиб ўтириши ҳам яна ер силкинмоқда деган қўрқувни бермоқда", дейди у.

"Лекин, инсонлар бетоннинг тагида қолдилар, бошлари ёрилди, оилаларини бой берди. Энди у одамнинг руҳий ҳолати фарқли... У кишига кўп таъсир қилган", дея қўшимча қилади Маҳмуд ака.

Ғозиантеп: Амир Олимхон хонадони

Саид Абдулсатторхон - Амир Олимхоннинг кенжа фарзанди, 2017 йил, Туркия
Сурат тагсўзи, Саид Абдулсатторхон - Амир Олимхоннинг кенжа фарзанди, 2017 йил, Туркия

2017 йилги сафаримиз яна бир қадимий шаҳар Ғозиантепда давом этганди.

Зилзила туфайли бу шаҳарда ҳам юзлаб бинолар ер билан яксон бўлган, минглаб одамлар вафот этган, ўн минглаб кишилар жароҳат олган. Қарийб 2000 йиллик тарихдан ҳикоя қилувчи, асрлар талотўпларига қарши тик туриб берган Ғозиантеп қалъаси деворлари ҳам бу галги силкинишларга дош беролмаган.

Биз ўшанда яқинроқ тарихнинг жонли гувоҳлари - Бухоронинг сўнгги ҳукумдори Амир Олимхон хонадонининг бугунги авлодлари билан учрашгандик.

Туркия

Мен хонадоннинг зилзиладан кейинги аҳволи билан қизиқдим. Амир Олимхоннинг набираси Зоир Хўжа билан гаплашишга муваффақ бўлдим.

"Жуда қаттиқ зилзила бўлди. Ёмон ҳолларни бошдан кечирдик. Аллоҳ бошқа ҳеч кимнинг бошига солмасин. Уйимиз йиқилмади, аммо зарар кўрди. Амир Олимхон хонадонидан қурбонлар бўлмади, шукр. Ҳаммамиз соғ омонмиз, шукр минг бор", дейди у.

Тарихчи ва фан доктори Нуриддин Ҳатунўғли хонадоннинг невара куёви: "Аллоҳга шукр, жанозалари йўқ, ўлган одам йўқ. Зарар кўрган уйлар бор. Лекин, кўп уйларда яшаш мумкин деган расмий изн берилган".

Мен филмимизнинг бош қаҳрамонларидан бири - Амир Олимхоннинг энг кичик ўғли Саид Абдулсатторхоннинг аҳволи билан қизиқдим.

"У киши уйларидан ҳам чиқмаганлар. Ҳали ҳам ўша жойларида яшаб турибдилар", дейди Нуриддин Ҳотунўғли.

Жабрланган ўзбеклар: Ўзбекистоннинг ёрдами биз учун алоҳида аҳамиятга эга

Зилзилалар ортидан бутун дунё, хусусан, Ўзбекистон ҳам Туркияга ёрдам қўлини узатди.

Ўзбекистон ёрдамга келди
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон ёрдамга келди

Суҳбатдошларим айнан Ўзбекистоннинг кўмаги улар учун алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлашди.

"Овакентга биринчи бўлиб ўзбекистонликлар етиб келишди. Бир жамоа жароҳатланганларга ёрдам бериб турди, бошқаси вайроналар остидан инсонларни тортиб ола бошлади. Бир томондан дала касалхонасини қуриб, жароҳат олганларга ёрдам кўрсата бошладилар. Яна бошқалари оч қолганларга овқат пишириб бериб туришди. Мислсиз бағрикенглик, ширинсўзлик билан инсонларнинг яраларига малҳам бўлишга ҳаракат қилишмоқда. Бор бўлишсин, соғ бўлишсин. Биз Ўзбекистон халқидан ҳам, давлатидан ҳам розимиз. Тинч-омон бўлишсин", дейди Маҳмуд Ўзтурк тўлқинланиб.

Нуриддин Ҳатунўғли эса, бунда рамзий маъно ҳам борлигига урғу беради.

"Тўғри, бу ёрдамлар Туркиянинг ўзидан ҳам етказилар эди, ташлаб қўйилмасди. Лекин Ўзбекистоннинг биринчи бўлиб ўзбеклар яшовчи минтақага етиб келгани, ўзбекларга соҳиб чиққанлари ўзгача бир маънога эга. Бизни ўзгача бир севинтирди. Ўзбекистон ўз ўзбекларига ёрдам қўлини чўзишга қодир бўлгани бизни қувонтирди. Оталаримиз бундай ҳисдан бебаҳра ўтиб кетишган... Бунинг ҳаммаси мустақилликнинг шарофати. Агар мустақил бўлмаса эди, Ўзбекистон бунга қодир бўлмасди".

Суриялик қочқинлар

Ҳатайдаги суриялик қочқинлар бошпана топган Олтинўзи жамлоғи... Биз бир неча чақиримгина узоқдаги жамлоқдан кўриниб турувчи ватанига соғинч билан боққан Закия, у ердаги пиццахонада ишловчи идлиблик Закария билан суҳбатлашгандик.

Зилзиладан сўнг, жамлоқдан хабар ололмадим. Аммо афсуски, биз кўрган одамларнинг ҳаммаси ҳам у ерда эмаслиги эҳтимоли катта. Офат келган пайт баъзилар жамлоқда бўлгандир, айримлар эса, аллақачонлар ўз юртларига қайтиб, уруш туфайли барбод бўлган турмушларини қайта тиклашга уринишгандир...

Силкиниш Сурияни ҳам зир титратгани, бомбардимонлардан зўр-базўр тик қолган бинолар ер билан яксон бўлгани, минглаб инсонларни тош деворлар босиб қолгани ҳақидаги хабарлар эса, балки жамлоқдагилар барчаси соғ-омондир деган умидларни ҳам сўндираётгандай...

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002