Ўзбекистон: Давлат камбағалларга Умрага боришга ёрдам бермоқчи. Нега кўпчилик бундан норози?

muftiy

Сурат манбаси, Videodan kadr

Сурат тагсўзи, Мунозараларга сабаб бўлаётган таклиф президентга 17 февраль куни Бухорода берилган.

Президент Шавкат Мирзиёев кам таъминланганларни давлат томонидан Умра зиёратига юбориш таклифига розилик берди. Бироқ камбағалларни солиқ пуллари ҳисобидан зиёратга юбориш ғояси жиддий танқидга учради. Бунинг бир қанча сабаблари мавжуд.

Президент Мирзиёев 17 февраль куни Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасаси талабалари билан учрашган.

Учрашув чоғида давлат раҳбари муфтий Нуриддин Холиқназаровнинг кам таъминланганлар учун Умрага боришда ёрдам бериш илтимосига ижобий жавоб қайтарган.

Аммо кўплаб фикр билдирувчилар Мирзиёевнинг бу қарорини хуш қарши олмаган.

"Зиёрат туризмидаги давлат монополияси бутунлай бекор қилинса, бораман деган одам Умрага амаллаб бўлса ҳам, бориб келолади", дейди шу соҳада фаолият юритаётган турфирма раҳбари Би-би-си билан суҳбатда.

Алоқадор мавзулар:

"Адолатли танлов қилиб берсангиз"

Президент ва муфтий ўртасида бўлиб ўтган шов-шувга айланган қисқа суҳбат давлат раҳбари фаолиятига қаратилган махсус кўрсатув - "Менимча"да эфирга узатилган.

"Хоҳлаганча ман рухсат беряпман. Карра-карра кўпайди Ҳаж сафарлари. Нима учун? Эътиқод - яна бир марта айтаман - инсоннинг юрагида, кўнглида, бағрида бўлади", деган Президент Мирзиёев учрашувда.

Шундан сўнг у йиғилганларга юзланиб, ўзига бўлган таклифларни эшитишга тайёр эканини билдирган.

"Умрага маблағим етмайди ё Байтуллоҳга борсам, халқимга дуо қиламан, деб турган кам таъминланганлар бор. Шуларга озгина ёрдам бериб юборилса…", дея Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Холиқназаров президентнинг гапига жавобан ўртага таклиф ташлаган.

Ўз ўрнида, президент муфтийдан "адолатли танлов қилиб бериш"ни сўраб, "хоҳлаганча ёрдам бериши"ни таъкидлаган.

Умра зиёрати

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Ўтган йилнинг август ойида президент ва муфтий биргаликда Умра зиёратини адо этган эди.

"Ҳақиқий кам таъминланган… албатта у ижобат бўлади. Шуни адолатли қилиб беринг, спискасини беринг. Керак бўлса, нариги [давлат] раҳбарларига ҳам илтимос қилиб, улардан алоҳида-алоҳида кутиб олишни ҳам ман ташкил қиламан", деган Мирзиёев.

Бироқ президент суҳбат давомида мазкур ташаббусни ҳаётга жорий қилиш учун маблағ қандай манбалардан олинишига ойдинлик киритмаган.

Шунга қарамай, жамоатчилик ўртага ташланган таклиф давлат бюджетига тушувчи "навбатдаги юк", деган тахминга келган.

"Менинг солиқ пулимгая?!"

Президент ва муфтий ўртасида бўлган суҳбат видеопарчаси зумда ижтимоий тармоқни портлатган.

Аксар фикр билдирувчилар кўтарилган ушбу ташаббусни жиддий танқид билан кутиб олган.

Танқидлар орасида, асосан, бюджет пулидан нотўғри фойдаланиш, коррупция, адолатсиз танлов, популизм ва боқимандаликка доир қарашлар изҳор этилган.

Асосий танқидлар бюджет пулини жамоатчилик назоратисиз сарфлашга қаратилган.

"Президент бу ишга маблағ ажратишга фармон берса, у маблағ қаердан ажратилади?! Бюджетдан бўлса, бюджет кўпчиликнинг пули… Ҳамма ҳам бунга розими?! Ўзи ҳаммадан бу ишга пул ажратиш учун розилик олса бўладими? Йўқ. Ҳаммадан розилик олиб бўлмайди. Имкони йўқ. Айнан шу умра-ибодат масаласи бўлганлиги учун ҳам ҳамманинг розилиги зарур бўлади. Чунки кимнидур норози қилиб ёки унга билдирмасдан унинг ҳаққига умрага бориб бўлмайди", дея ёзган Facebook фойдаланувчиси Миркомил Зокиров.

Шунингдек, кўплаб одамлар Умра ўзига тўқлар зиёрати эканини таъкидлаган.

"Умра суннат амал. Халқ тўлаётган солиқдан кам таъминланганларни умрага жўнатинглар демайди. Агар бюджетда шунчалик кўп ортиқча пул бўлса, солиқни, тўловларни камайтиринглар", фикр билдирган бир Twitter фойдаланувчиси.

Блогер Сардор Салим бу ташаббусни "демагогия" дея атаган.

"Камбағалларни давлат ҳисобидан умрага юбориш демагогиясини қўллаганлар бўлдими? Қизиқ, қандай аргументлар келтиришмоқда?".

Таниқли журналист Шуҳрат Шокиржонов давлат бюджети ҳисобидан Умра зиёрати учун "бировга бир тийин ажратилмаслиги кераклиги" ҳақида ёзган.

Мунозаралар орасида президент "халқ пулини истаганча сарфлаш"да танқид қилинган фикрлар ҳам кўзга ташланган.

Умра зиёрати

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Баъзи фикр билдирувчилар Мирзиёевнинг бу қарорини "популизм»" дея атаган.

"Ҳазрати Умар р.а.нинг олдига одам келганда, давлатнинг шағамини ўчириб, ўзиникини ёққанини эшитгансизку. Масала шунда, давлатнинг бюджети очиқ бўлиши керак. Бир одам хоҳлаганча сарфламаслиги керак", дея ёзган яна бир тармоқ фойдаланувчиси.

Шу билан бирга, бу "популистча ташаббус" экани тўғрисида кўплаб изоҳлар қолдирилган.

"Кимдир бу муфтийнинг ўзидан чиққан ташаббус эканига ишондими ўзи? Мени бу суҳбатни ўтказишга қанча тайёргарлик кўришгани кўпроқ қизиқтиряпти", дейилади Twitter'да қолдирилган изоҳлардан бирида.

Журналист Толиб Раҳматов ҳам шундай қарашни ўртага ташлаган.

"…бу таклиф Муфтийнинг ўзидан чиққанига шубҳам бор, унга шундай дейиши шипшитилган бўлиши эҳтимоли катта".

Бундан ташқари жорий этилиши кутилаётган мазкур имтиёз коррупция ва таниш-билишчилик ботқоғига ботиб қолишидан хавотирлар ҳам билдирилган.

"Бунгаям кўрасизлар боқимандалар чиқади, ҳўв кам таъминланганлар учун қурилган уйни иккитадан машинаси борлар ўзидан бечора ясаб сотиб олганлар эга бўлгандек, пули бор, имкони борлар камбағал бўволади...", дея ёзган Facebook фойдаланувчиси Барно Султонова.

"Бунақа нарсаларда албатта коррупция бўлади. Жа муфтийнинг шахсан ўзи турмасаям, пастки қатламда, рўйхат тузишда, масалан", дея ташвишланган Twitter фойдаланувчиларидан бири.

"Аллоҳ хайрларингни берсин!"

Муфтий

Сурат манбаси, Muslim.uz

Сурат тагсўзи, Холиқназаров муфтийликка келиши ортидан Умрага бориш сезиларли эркинлашгани таъкидлаган фиклар ҳам кўзга ташланган.

Бир неча кундан буён тинмаётган танқидларга қарамай, бир қатор фаоллар президент ташаббусини олқишлаган.

Бундай қарашдагиларнинг аксари давлат бюджети шундоқ ҳам назоратсиз совурилаётганини таъкидлаб, нега айнан кам таъминланганларга алоҳида имтиёз берилиши ташаббуси жамоатчиликни бу қадар ларзага солганидан таажжуб билдирган.

"Бюджетдан скрипкачига ажратилган пуллар, 35 йилга совға қилинган газлар, афғонга туҳфа қилинган электр, шахматчига берилган уй ва пуллар, футбол орқали ювилаётган млрдлар, Меҳр фондларига ўхшаш фондлар орқали чет элга жўнатилаётлан триллионлар ҳақида гапиролмайдиганлар камбағалга ажратилиши мумкин бўлган умра пулини ёзишга шошилманглар, Аллоҳ хайрларингизни берсииин", дея ёзган Facebook фаоли Гўзал Назарқосимова.

Таниқли блогер Дима Қаюм ҳам айни мазмундаги фикр ёзиб қолдирган.

"GMга млрд ёрдам ажратилса жим! Олигархни корхонасига имтиёзлар ажратилса жим! Лекин битта камбағал мусулмонни Умрага жўнатайлик деса, бошқа мусулмон тошбўрон қилади интернетда!".

Журналист Элмурод Эрматов танқид қилишдан аввал ташаббусни амалга ошириш механизмларини аниқлаштириб олиш зарурлигини таъкидлаган.

"Ҳамма биладики, умрага кетаётганларнинг маблағини Диний қўмитага умуман алоқаси йўқ. Номзодларни ҳокимият танлайди-ку? Ижтимоий тенглик бўлишини, маблағи йўқлар ҳам умрага боришини таклиф қилибди муфтийимиз. Ҳар ишдан қийиқ ахтарманглар-ей.. Аввал билайлик, умрага юбориш бюджетданми ёки бошқа манбадан. Механизми қандай? Йўқ, дарров тош отинглар".

"Муҳими - халал беришмасин"

Расулжонов сурати

Сурат манбаси, Facebook

Сурат тагсўзи, Расулжоновнинг сўзлашича, Ўзбекистонда Ҳаж-Умра зиёратига нисбатан давлат монополияси ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.

Йиллардан буён зиёрат туризми эркинлашиши учун ҳаракат қилиб келаётган "Vast Travel" турфирмаси раҳбари Мансуржон Расулжонов Би-би-сига қонунчиликдаги тўсиқлар бартараф этилса, шундоқ ҳам кам таъминланганларнинг Умрага бориб келишига имкон пайдо бўлишини айтади.

"Видеода президент рухсат беряпман, карра-карра кўпайяпти, деяпти. Тўғри, карра-карра кўпайяпти, лекин бу ерда кимнингдир рухсат бериши эмас, балки олдинги даврга нисбатан қаршилик бўлмаётгани натижа бермоқда, деса тўғри бўлади".

Расулжоновнинг сўзлашича, Ўзбекистонда Ҳаж-Умра зиёратига нисбатан давлат монополияси ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.

"Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги 364-сонли қарори ҳали ҳам кучида турибди. [Мусулмонлар] идораси ташкиллаштирсин, [Дин ишлари бўйича] қўмита назорат қилсин, [Ўзбекистон] Ҳаво йўллари кўмаклашсин, деган тартиб қандай ёзилган бўлса, шундайлигича турибди".

Зиёрат туризмини ташкиллаштириш билан шуғулланиб келаётган ёш тадбиркорнинг билдиришича, қонуний тўсиқлар мавжуд бўлган, бир пайтда мамлакатдаги турфирмалар кўпроқ одамни зиёратга юбориш "йўлини топган".

"Бунга Саудия томонидан визаларнинг эркинлаштирилгани йўл очиб берди. Бу нарсага бизникилар қаршилик қилмаётгани кўпроқ одам бориши учун ҳозирча етарли бўлиб турибди", сўзлайди Расулжонов.

Шунингдек, у муфтий Холиқназаров илгари сурган ташаббусда давлат ғазнасидан фойдаланиш таклиф қилинган, деб ўйламаслиги, аммо бундай масалага президентни аралаштиришга ҳожат йўқлигини билдиради.

"Агар кам таъминланганларни Умрага жўнатиш дастури ҳақиқатан керак бўлса, унда буни "Вақф" фонди орқали амалга оширса бўлади. Бу ғояга ҳисса қўшмоқчи бўлганлар учун алоҳида ҳисоб-рақам ҳам очиш мумкин. Умуман, бу президентни аралаштирмай ёки улардан илтимос қилмай ташкиллаштирса бўладиган нарса".

Мавзу бўйича хулоса қилган Расулжонов қонунчилик ислоҳ қилинган тақдирда Умра ва Ҳаж зиёратига бориш янада эркинлашиши, нархлар арзонлашиши ортидан давлат аралашувисиз ҳам одамларда ибодатга боришга кўпроқ имконият пайдо бўлишини таъкидлайди.

"Агар 364-сонли қарордаги зиёратчиларни Ўзбекистон Ҳаво йўллари ташиб беради, деган бандлар олиб ташланиб, Ҳаво йўллари Мадина ва Жиддага қанча хоҳласа, шунча рейс қўйса, ўшанда давлат халққа енгиллик қилиб берган бўлади".

"Ҳозирги кунда фаолиятимизга тўсқинлик қилинмаётганини ўзи эркин нафас олиб ишлашимизга етарли бўлиб турибди. Аммо бу масалада Ўзбекистонда қилиниши керак бўлган ишлар ҳали кўп", дейди тадбиркор.

Сўнгги вақтларда Умра зиёратига бораётган ўзбекистонликлар сони сезиларли кўпайган ва бу амалнинг жиддий оммалашаётгани кўзга ташланади.

Бунга ибодатга бориш-келиш харажатлари анчайин қисқаргани ҳам сабаб бўлгани ишонилади.

Айни вақтда, мамлакатдаги турфирмалар ўртача нархи 15 миллион сўмдан бошланувчи Умра турпакетларини таклиф этмоқда.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbekBBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002