Ўзбекистон: Каримов қатағонига учраган илк депутат Шовруқ Рўзимуродов тақдири - Видео O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши аъзоси, Ислом Каримов қатағонига учраган илк депутатлардан бири ҳисобланмиш Шовруқ Рўзимуродов 44 ёшида тергов ҳибсхонасида вафот этган.
Унинг вафотидан 21 йил ўтган бўлсада, Рўзимуродовнинг ўлими сабаблари ҳамон баҳсли, очиқ манбаларда эса у ҳақда деярли маълумот учрамайди.
Оила аъзолари, уни яқиндан билган фаоллар, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Рўзимуродовнинг ҳибсда қийноққа солинганини таъкидлаб келади.
Би-би-си Рўзимуродовнинг оила аъзолари билан унинг аслида ким бўлгани тўғрисида суҳбатлашди:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мазвулар:
Депутат, ҳуқуқбон ва спорт устаси

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Шовруқ Рўзимуродов 1957 йилда Қашқадарёнинг Яккабоғ туманидаги Олақарға қишлоғида дунёга келган.
Уни яқиндан таниганлар ва оила аъзолари Рўзимуродовни болалигидан илм ҳамда спортга меҳр қўйган инсон ўлароқ биладилар.
У ёшлигидан каратэ билан шуғулланган, жисмоний тарбиядан дарс берган, ҳайдовчилик қилган.
"Жуда бақувват, спортга бўлган меҳри кучли инсон эди", эслайди Рўзимуродовнинг синглиси Ойсара Бўриева.
"Ўз ҳақ-ҳуқуқини жуда яхши билар эди. Шунинг учун кўплар акамга мурожаат қилар эди. Тўйлар ҳам акамсиз ўтмас, арз қилган одамларнинг тарафини олиб, ҳоким-амалдорларнинг хонасига тикка кириб бора олар эди", давом этади у.
Бора-бора ҳуқуқи топталган инсонларга ёрдам бериши ортидан Рўзимуродов ён-атрофда ном чиқара бошлайди.
Оғир шароитда яшаётган, ҳуқуқлари бузилаётган қишлоқ одамлари тақдиридан куйинган Рўзимуродов 1980 йиллар охирида Тошкентда "Бирлик" халқ ҳаракати раҳбарлари билан учрашиб, Қашқадарёда ҳаракат фирқасини очиш таклифини билдиради.

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Ҳаракатнинг ўша вақтдаги фаоллари олис ҳудуддан келган бу инсоннинг ҳуқуқларни мукаммал билиши, коррупцияга ботган, ваколати чегарасини билмайдиган амалдорларни очиқ танқид қила олишидан ҳайратга тушганлари ҳақида ёзганлар.
Халқ орасидаги обрў Рўзимуродовни сиёсий фаоллик томон етаклайди.
У 1990 йил бошида одамлар талаби билан Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши депутатлигига ўз номзодини қўяди.
"Сайлов эълон қилинганида, одамлар қўярдан-қўймай акамни депутат бўлишга ундади. Ёдимда, туманимиздан номи чиққан катта одамларнинг ҳам номзоди қўйилган эди, лекин одамлар акамни сайлашди".
"Депутат бўлганидан кейин акам мени халқ сайлади, деб одамларни яна ҳам яхши кўрди, уларнинг дарди билан кўпроқ шуғуллана бошлади", сўзлайди марҳумнинг синглиси.
"Мен Каримовни яхши танийман!"

Сурат манбаси, Screenshot via BBC O'zbek
Бироқ Рўзимуродов депутатлигининг илк кунлари ўша вақтда Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби Ислом Каримов билан қарама-қаршиликдан бошланади.
"1990 йил 24 мартида Олий Кенгашга янги сайланган депутатларнинг биринчи сессияси бўлди. Ўшанда, СССРни қандай ва қай кўринишда сақлаб қолиш масаласи муҳокамаси давом этаётган бўлсада, халқ депутати Аҳмаджон Мухторов Ўзбекистонда президентлик лавозимини жорий этиш таклифини илгари сурди", хотирлайди айни дамда Олий Кенгашнинг яна бир таниқли депутатларидан бири бўлган Жаҳонгир Маматов.
"Президентлик лавозимига Каримовнинг номзоди кўрсатилди. Шунда иккинчи ё учинчи қаторда ўтирган бир йигит шарт ўрнидан туриб, гумбурлаган овоз билан "Агар сизлар бу одамни сайласангиз, умрларингиз охиригача пушаймон қиласизлар, бу одам Ўзбекистонни барбод қилади, мен Қашқадарёда туғилиб яшаганман, бу одам Қашқадарёда обкомнинг биринчи котиби бўлган", деди".
Ойсара Бўриева акаси 1986-1989 йилларда Ўзбекистон Компартияси Қашқадарё вилоят қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган Ислом Каримовни яқиндан танигани ҳақида гапиради.
"Каримов ўзимизда - Қашқадарёда ишлаганда акам кўп одамларнинг муаммолари билан унинг олдига кириб, тикка гапира олган. Кейин Каримов акамнинг депутат бўлишини хоҳламади, лекин уни халқ сайлади".
Ўзбекистоннинг бўлажак президенти билан зиддият, кейинчалик, Рўзимуродовнинг депутатлик мақомидан маҳрум этилиши, бир неча бор қамоққа ташланиши, охир-оқибат, тергов ҳибсхонасида вафот этишига олиб келади.

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Аммо Ислом Каримов ўз мутлақ ҳукмронлигини ўрнатиб улгурмаган бир кезда Рўзимуродов 1990 йил 20 июнда қабул қилинган "Ўзбекистон ССР Мустақиллик декларацияси" устида ишлашга улгуради.
"Ҳали ҳам акамнинг қувончи ичига сиғмай уйга кириб келгани эсимда. "Онажон, ура, энди биз мустақилмиз!" дея суюнар эди. Лекин бу мустақиллик акамнинг ўзига татимади", кўзига ёш олади Бўриева.
Ҳибслар

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Мустақиллик арафасида фаол бўлган инсонлар ва оила аъзолари Ислом Каримовга қарши чиқа олган Рўзимуродовнинг ҳар бир қадами кузатувга олингани, у билан учрашганлар қўрқувга солина бошланганини эслайдилар.
Алал-оқибат, унга нисбатан очилган жиноят иши ортидан 1991 йил май ойида Рўзимуродов депутатлик мақомидан маҳрум этилади ва қамоққа ташланади.
"Ўша вақтдаги тартибга кўра, жиноят иши очилганда Парламентнинг рухсати билангина депутатлик мақоми тўхтатилар эди. Аммо Шовруқни раёсатнинг мажлисида депутатлик мақомидан маҳрум этишди. Ўша пайтда раёсатда Шавкат Мирзиёев, Эркин Воҳидов, Пиримқул Қодиров каби таниқли инсонлар ўтирган эди", хотирлашда давом этади Каримов тузуми таъқиби ортидан Америкага бош олиб кетган Жаҳонгир Маматов.
Қамоқда бир қанча вақт ўтириб чиққан Рўзимуродов одамлар ҳуқуқини ҳимоя қилишда давом этади, деҳқончилик билан шуғулланади.
"Икки гектар ер олиб, сабзавот экди. Спорт билан шуғулланишда давом этди, аммо одамлар дардини эшитишдан, уларга ёрдам беришдан тўхтамади", дейди Ойсара Бўриева.
Рўзимуродов 1990 йиллар ўртасида Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Қашқадарё бўлими раисига айланиб, ҳуқуқбонлик фаолиятини кенгайтиради.
Яқинлари ҳуқуқбонлик фаолияти ортидан Рўзимуродов ва оиласига нисбатан босимлар ортгани, оқибатда, 1998 йил апрелда собиқ депутат иккинчи бор ҳибсга олингани ҳақида гапирадилар.
Уларнинг даъво қилишича, унга нисбатан очилган барча жиноят ишлари уйдирма айбловларга асосланган.
"Ҳали ўлигимдан ҳам қўрқадилар"

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Рўзимуродов 2001 йил 15 июнь куни навбатдаги айблов билан учинчи ва сўнгги бор ҳибсга олинади.
Расмий талқинда Рўзимуродовнинг хонадонидан ўқ-дори ва тақиқланган диний адабиётлар топилгани иддао этилади.
Рўзимуродовнинг қаерда сақланаётгани оиласидан сир тутилади.
"Излашни ўзимизнинг Қаршидан бошладим. Акамни тергов қилган ходим унинг аҳволи яхши эканлигини айтсада, қаердалиги ҳақида оғиз очмади. Янгам билан Тошкентда қидирмаган ташкилотимиз қолмади. УВДга ҳам, Тоштурмага ҳам бордик. Лекин агар яна келсаларинг, сизларни ҳам қамаб қўямиз, деб қувиб солишди", ҳикоя қилади Бўриева.
22 кунлик ноаниқликдан сўнг 2001 йил 7 июль куни кутилмаганда Шовруқ Рўзимуродовнинг жонсиз танаси оиласига қайтарилади.

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Оила аъзолари Тошкентдаги тергов ҳибсхонасида сақланган Рўзимуродовнинг танасида қийноқ излари бўлганини иддао қиладилар.
"Спорт билан бир умр шуғулланган, полвон акам бир бурда бўлиб қолган эди. Ўзининг фарзандлари ҳам танимади. Танасида укол, қийноқ излари яққол кўриниб турар эди. Бу далилларни видеога олиб қўямиз, деганимизда қайнағамнинг Тошкентда ишлайдиган фарзандларига таҳдид қилишганди".
Оила аъзолари халқ эътиборида яшаб келган ҳуқуқбоннинг дафн маросими ҳам босимлар остида ўтганини хотирлайдилар.
"Жанозага бирор қариндошимизни ҳам қўйишмади. Мелисалар қишлоқни ўраб олган эдилар. Шундай бўлса-да, одамлар қўшниларнинг ҳовлисидан ошиб келиб, тобутни кўтаришга ҳаракат қилардилар", ўша ҳолатни тасвирлайди Ойсара Бўриева.
"Акам бир гапни кўп такрорлар эди. "Булар тиригим тугул, ҳали ўлигимдан ҳам қўрқади", дерди. Гапи рост чиқди".
Ўнлаб йиллар давомида кўплаб инсонларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилган, депутат ўлароқ мустақиллик учун курашган, амалдорларга тик боқа олган Рўзимуродовнинг ўлими сабаблари бугунга қадар сирлигича қолмоқда, бу ҳолат юзасидан ҳалигача мустақил тергов ўтказилмаган.
"Каримовнинг буйруғи билан бўлганидан бу иш очилмасдан қолиб кетди. Лекин ҳақиқат барибир бир кун ўртага чиқиши керак", дейди Жаҳонгир Маматов.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














