Ўзбек адабиётида жудолик: Навоийдан ҳайратланиб яшаган олим вафот этди - Adabiyot, O'zbekiston видео

Замондошлари томонидан ўзбек адабиёти ва миллати жонкуяри, деб эътироф этилган Навоийшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Ҳаққул 73 ёшида вафот этди.
Олим ўзи туғилиб ўсган Бухоро вилояти Шофиркон тумани Талижа қишлоғида дафн қилинди.
Би-би-си "миллатга, адабиётга дахлдор масалаларда муросасиз", деб таърифланган Имроҳим Ҳаққул ҳақида ёзувчилар ва замондошларининг хотираларини бир жойга тўплашга ҳаракат қилди.
Бир йил олдин Навойишунос олим билан қилган суҳбатимизни Би-би-си Ўзбек хизматининг YouTube каналида томоша қилинг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Инсонда сотиб бўлмайдиган нарсалар борлигини матонат билан исботлаган шахс
Ёзувчи Назар Эшонқул уч йил олдин Иброҳим Ҳаққул ҳақида ёзган хотирасини айрим қисқартиришлар билан чоп қиляпмиз:
Ўзи мансуб авлод шеърияти ҳамда мумтоз адабиёт ҳақидаги мақолаларини илгари ўқиб юрган бўлсам ҳам Иброҳим Ҳаққул билан биринчи марта 1990 йилда, Ёзувчилар уюшмасида танишганман.
У пайтлари Иброҳим ака навқирон ёшда эди, шунга яраша матбуотда ёки зиёлилар орасида бўлаётган миллатга, адабиётга дахлдор масалаларда муросасиз эди. Иброҳим акани айнан шу ҳолатда, ўз қарашларини бетинг-кўзинг демай ҳимоя қилаётган, фикрларини бошқаларга ҳам сингдиришга уринаётган вазиятда учратганман.
Умуман, олганда, Иброҳим Ҳаққул ўз фикрларини ва қарашларини ошкора билдирадиган, менталитетимизга хос бўлган андишабозликдан бир қарич устунда турадиган 70 йиллар авлодга мансуб. Бу авлод адабиётда ҳам, маънавий-ижтимоий масалаларда ўзларининг қарашларини ва фикрларини журъат ҳамда жасорат билан ҳимоя қилди, ўзларининг хулосаларини маълум маънода ижтимоий фикрларга айлантира олди.
Шахсан мен бу авлоднинг шу фазилатига - журъатига, якдиллигига, қатъитлилигига ҳавас билан қарайман. Улар ўзларининг авлод эканини ана шу якдиллиги билан исботлаб беришди.
Адашмасам Иброҳим акани ўша - биринчи кўрганимда уюшма биносига кириш жойида, шундоқ эшикнинг олдида туриб олганча "Шарқ юлдузи" журнали бўлим мудири, танқидчи Ортиқбой Абдуллаев билан баҳслашиб турарди: газеталарда суратларини кўрганим учун нималарнидир жон куйдириб тушунтираётган кимса Иброҳим Ҳаққул эканини дарров таниган ва бир зум уларнинг баҳсига қулоқ солиб тургандим. Баҳс, журналда чоп этилган И. Мўминов ҳақидаги мақола ҳақида борарди.
Юмшоқ феълли О. Абдуллаев эса менга Иброҳим аканинг тўлиб-тошиб гапираётгани учун ўзининг фикрларини билдиришга ҳам ийманаётгандай, ҳатто ҳижолат бўлаётгандай туюлганди. Ўшанда Иброҳим ака ёвга қарши ҳаёт-мамот жангига кирган аскардай таассурот қолдирганди. Салдан сўнг Иброҳим ака ҳам мен кирган хонага - уюшманинг Тошкент вилояти бўлимига - Аҳмад Аъзамнинг хонасига кириб келди ва кўчадаги баҳс энди ичкарида ҳам давом этди.
Кейинчалик Иброҳим Ҳаққул билан яқин бўлиб кетдик, бозор даврига, бозор тафаккурига хос бўлган алдов ва ёлғонларни, хиёнат ва алчоқликларни, шаънини ва ғурурини сотиб кун кўрганларни, зоҳири хўжа, ботини қулларни, сурати одам, сийрати махлуқларни, хуллас хилма-хил турланишу тусланишларни кўп кўрдик. Ҳамма нарса сотилиши табиий бўлган ана шундай пайтларда Иброҳим ака, мен учун, инсонда сотиб бўлмайдиган нарсалар борлигини матонат билан исботлаган камдан кам кишиларнинг бири сифатида ўзини намоён қилди.
Дастлабки юзма-юз учрашганимиздан бери ўттиз йилча вақт ўтган бўлса-да, Иброҳим Ҳаққул ҳануз адабиётимиз, маънавиятимиз, умуман Инсон ботини ҳақида муросасиз баҳс қилиб келаяпти. Буни ҳурматли олимнинг хоҳ адабиётга, хоҳ маънавий масалаларга дахлдор бўлсин, мақолалари, китоблари, матбуотдаги чиқишларида гувоҳ бўлдик.
Мен бу баҳсларда, ўртага ташланган ва ташланаётган адабий, маънавий муаммолар, айниқса, бутун умрини бағишлаган навоийшунослик борасидаги таҳлиллар, баҳсларда ким ҳақ ёки ноҳақ дея баҳо беришдан йироқман, инчунин, мен навоийшунос эмасман, шу сабабли ҳазрат Иброҳим ака ўртага ташлаб муҳокама қилган баҳсларга ҳакамлик қилиш, фикр билдириш ниятим йўқ, лекин мен бир нарсани аллақачон ўзим учун аниқлаб, хулоса қилиб бўлганман: Иброҳим Ҳаққул хоҳ адабиётшунослик, хоҳ маънавий бўлсин, ҳар қандай масалага адабиёт жонкуяри, миллат фидойиси, энг муҳими, ва асосийси, айни замонда жуда наёб бўлиб бораётган ўз даврининг ШАХСи сифатида муносабат билдиради, қарашларини баён қилади ва жамоатчилик эътиборини қаратади.
Халқининг ўртасида туриб, бирга ёниб бирга куйган зиёли
Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон устози ва қадрдон акаси Иброҳим Ҳаққулнинг ўлими ҳақида эшитиб кўнгли бузилгани ёзган.
Олимни ҳақиқатга чанқоқ, ҳақиқатга содиқ инсон, дея таърифлаган.
""Бу кунлар"имни ёзила бошлаган 2011 йилиёқ биринчилардан бўлиб ўқиган, қимматли маслаҳатларини берган. Оллоҳ раҳматига олсин", деган Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон.
Ёзувчи уч йил бурун Иброҳим Ҳаққул ҳақида тайёрланган китобга ёзган мақоласини баҳам кўрган:
Мамлакатда ёзувчи, шоир, олим кўп, аммо чинакам зиёли кам.
Қўлида қалами бўлса-ю, юрагида зиёси бўлмаса, бунинг устига, феълида уқувсиз, хўйида ичиқора бўлса, бундай "ақлли"дан теваракка асло зиё таралмайди! Аксинча, одамларга фақат зиён келади! Ички маданияти тубанлигидан тўплумни тўғри издан чиқазиб, қинғир изга солиб юбориши ҳам мумкин. Яъни, дуз-тўғри кетаётганни ҳам адаштиради, ёп-ёруғда мўлжални йўқоттиради, теп-текис йўл қолиб ўнқир-чўнқирга бошлайди, ўзи машъала тутолмагани етмаганидек, бошқасининг қўлидаги машъалани ҳам сўндиришга ташаббус қилиб қолади, оламни ахлоқий, маънавий қоронғуликка ботириб ташлайди.
Бунақаларни қандай ҳам зиёли дейсиз! Зиёнлидир у, зиёнли...
Чинакам зиёли миллатининг виждони бўлади. Адашса, тўғри йўлга бошлайди. Тўғри кетаётган бўлса, тезлайди. Хунукни чиройли қилади, чиройлини янада гўзаллаштиради.
Қоронғуликда қолса, кўксидан юрагини суғуриб теваракни ёритади. Халқининг қоқ ўртасида туради. Ёнса, қўшилиб ёнади, куйса, у ҳам куяди. Эл-юрт ғамини ўз ғамидан олдинга қўяди. Юраги халқи юраги билан бир уради.
Иброҳим Ҳаққулни мана шундай чинакам зиёлилардан деб биламан.
Мен Иброҳим акани бир инсон сифатида ҳам, адабиётшунос олим сифатида ҳам ўтган аср 80-йиллари таниганман.
Мақолаларини излаб топиб ўқийдиган муаллифларимдан бири эди. Ҳар бир сўзи, ҳар бир жумласи орқасида ҳақиқий олим одам тургани балқиб билиниб турарди.
Нафас янги эди, назар янги эди! Нафақат чиройли ёзарди, балки виждони ҳақ деб билган мавзуларнигина, виждони буюрганинигина ёзарди.
У паллалар "Ёшлик" жўрналининг Адабий танқид бўлимида ишлардим. СССР осмонида ошкоралик шабадаси эса бошлаган бўлса-да, коммунизмнинг худосизлик мафкураси ҳали расман эгаридан тушмаган, қизил одамлар ҳали-ҳануз қип-қизил ғояларга қулликда яшаётган кунлар эди.
Иброҳим ака устоз Нажмиддин Комилов билан биргаликда мумтоз адабиётимизни асл ўзанига солиб, тасаввуф таълимоти нуқтаи назаридан таҳлил этишга киришди. Биз кейинги авлодга бу бурилиш ниҳоятда тотли ва мароқли эди.
Ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам қуруқ жасаднигина тан оладиган мафкурадан зерикиб, эски руҳимизга қайтишни, Оллоҳни, Қуръонимизни, динимизни соғинган эдик.
Нажмиддин Комилов ҳам, Иброҳим Ҳаққул ҳам гарчи у замонда динни очиқ оқлаб беришмаган бўлса-да, тасаввуфга хос "Мутлақ куч", "Олий Борлиқ", "Олий ҳақиқатлар" каби атамаю иборалар ёрдамида миллатимизга дунёда коммунизм ғоясидан бўлак ҳақиқатлар ҳам борлигини уқтирмоқчи бўлишар эди.
Биз айни шу ўзликка томон бурилишни илғаган ва ютоқиб кузатиб бораётган эдик.
Эсимда, бир йили "Ёшлик"нинг деярли ҳар сонида бир гал раҳматли Нажмиддин аканинг, бир гал Иброҳим аканинг мақолаларини кетма-кет чопга тайёрлаган эдим.
Кейинчалик тасаввуф адабиёти билан шуғулланиш деярли урфга айланди. Шеърият, айниқса, мумтоз адабиёт билан шуғулланган ҳар киши тасаввуфга мурожаат қилишни бурчи деб билди. Лекин таҳлилда теранлик, мавзуни билиш ва ҳис этиш, ёндашувда тўғрилик жиҳатидан барибир ўзбек адабиётида Нажмиддин Комил билан Иброҳим Ҳаққулнинг ўрнини биров ололмади. Чунки қизиқиш бошқа, билиш бошқадир. Севиш бошқа, англаш бошқадир. Кўриш бошқа, ҳис этиш бошқадир. Томоша қилиш бошқа, яшаш бошқадир.
Иброҳим Ҳаққул қутлуғ етмиш ёшга етибди. Оллоҳ насиб этса, ҳамма ҳам кираверади бунақа ёшга. Саксонларга кирар, тўқсонларга кирар, юзларга кирар, лекин тирикликдан кўзланган муҳим нарса ўша етмиш, саксон, тўқсон ёки юз ёшни қандай яшаб ўтишдир. Менимча, Иброҳим ака орқасига бир қараса, келажак авлод олдида юзи қизарадиган бир иш қилмаганини, аксинча, ижодий ва ижтимоий фаолияти билан бошини тик тутиб юришга ҳақли эканини кўради.
Ҳақни ёзди, ҳақни айтди, керак бўлса майдонларга чиқиб халқнинг дардини, орзу-умидларини баралла сўзлади. Ҳатто ошкоралик даврида, юракдаги гапларни эмин-эркин баён этишга имкон берилган даврда ҳам, сиёсат тап этиб ўзгариб эртага бошимга бир бало келиб қолмасин тағин, дея қўрқа-пуса инидан чиқмай ётган жуда кўп "зиёли"дан фарқли ўлароқ, ўрис-совет мустамлакасидан озод бўлиш ҳаракатига очиқ қўшилди. Қўшилдигина эмас, маънавий бошлиқларидан бирига айланди. Чинакам зиёлига хос фазилатини кўрсатди.
Гарчи бугун от устида ва ин бошида кеча ин-инида пусиб ётган "маънавиятчи"лар бўлса ҳам, гарчи Иброҳим Ҳаққул сингари чин ватанпарварлар олам ишларидан бир четга суриб қўйилган, азиз отлари қора ё хира рўйхатларга тиркалган бўлса ҳам, замон бундай қолмайди албатта. Тарих бизга берган сабоғига кўра, асл баҳолар эртага берилади, кеча тўғри бўлганлар эртага муносиб қадрини топади, иншаОллоҳ.
"Закий адабиётшунос, нуктадон олим, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Ҳаққулнинг вафоти ҳақидаги нохуш хабар кўпчиликни қайғуга солди. У киши адабиёт ва миллат жонкуяри, ҳозирги ўзбек маънавий ҳаётининг саноқли чинорларидан бири, бугуннинг донишмандларидан эди. Устоз олимни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин", деб ёзди Беҳзод Фазлиддин.
Иброҳим Ҳаққул 1949 йил 28 мартда Бухоро вилояти Шофиркон тумани Талижа қишлоғида зиёли оиласида туғилган. Ўрта мактабни тугатгач, 1966-1970 йилларда Бухоро давлат педагогика институтида таҳсил олган.
1970-1972 йилларда "Шофиркон ҳақиқати" газетасида бўлим бошлиғи ва муҳаррир вазифаларида ишлаган. Унинг "Навоий ва Мавлоно Ашраф", "Дарё каби ҳамиша уйғоқ..." каби илк адабий мақолалари ушбу газетада босилиб чиққан.
Олим 1972 йилдан умрининг сўнгига қадар ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида фаолият юритди.
Иброҳим Ҳаққул 1976 йили "Ўзбек адабиётида рубоий" мавзусида номзодлик, 1995 йили "Ўзбек тасаввуф шеъриятининг шаклланиши ва тараққиёти" мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.
Дастлаб унинг "Ўзбек адабиётида рубоий" (1981), "Увайсий шеърияти" (1982), "Бадиий сўз шукуҳи" (1987) китоблари нашр этилган бўлса, кейин "Занжирбанд шер қошида" (1989), "Шеърият — руҳий муносабат" (1989), "Абадият фарзандлари" (1990), "Тасаввуф ва шеърият" (1991), "Камол эт касбким..." (1991), "Ғазал соғинчи" (1991) каби 20дан ортиқ китоблари босилиб чиққан.
У рус тилидаги икки жилдлик "История узбекской литературы" китобининг муаллифларидан.
Би-би-си Ўзбек хизмати олимнинг оила-аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради.












