Чегарадаги 'кескин' вазият, расмий Тошкент 'чуқур хавотирда' ва жанговар шайлик - Ўзбекистон, Афғонистон ва минтақа O‘zbekiston, Afg‘oniston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Президентлар

Сурат манбаси, official

Тожикистон томонининг расман билдиришича, Эмомали Раҳмон бир куннинг ўзида Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги ҳозирги вазиятни Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари билан муҳокама этиб олган. Маълум бўлишича, президентлар Афғонистон билан чегарадаги вазиятни "жуда кескин", деб баҳолашган.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлигини текширишни бошлади.

Хабарларга кўра, кеча, 23 июнь куни 53 нафар афғон чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар Афғонистоннинг Шўртепа тумани ҳудудидан Ўзбекистонга ҳам ўтишган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расман маълум қилишича, зарурий суриштирув ва тергов тадбирлари ўтказилганидан сўнг ушбу афғон фуқаролари ватанига қайтарилган.

Аммо бунга нима сабаб бўлгани ва ўзаро чегара вақтинча ёпиқ бўлган бир шароитда уларнинг Ўзбекистонга қандай қилиб қочиб ўтишга муваффақ бўлишгани тафсилотлари маълум эмас.

Маҳаллий қуролли гуруҳлар дейилганда, айнан кимлар назарда тутилгани саволи ҳам баёнотда очиқ қолган.

(Ҳозир толиблар қуршовида экани айтилувчи Шўртепа Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош тумани бўлади - таҳр.)

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бугун Афғонистондаги вазият ҳақида расман баёнот берди.

Ўзбекистон Афғонистондаги, жумладан, чегарадош шимолий вилоятлардаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бораётганлигини билдирди.

Қўшни Афғонистонда зўравонликнинг ортиши чуқур хавотир уйғотмоқда, деди.

Вазирлик ўз баёнотида ихтилофга алоқадор барча томонларни куч ишлатишдан тийилишга ҳамда тинч аҳоли орасида қурбонлар келиб чиқишига йўл қўймасликка чақирди.

"Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилиши, давлат чегарасини бузганларга эса, энг кескин чоралар кўрилиши" билан огоҳлантирди.

Ўзбекистон томони Афғонистон билан анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини асраш, бетарафликни сақлаш ҳамда қўшни мамлакат ички ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини қатъий маълум қилишини баён қилди.

Ўзбекистон ҳукумати биродар афғон халқини ҳар томонлама иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш, жумладан, мамлакатда мустаҳкам ва кенг қамровли тинчлик ўрнатилишига хизмат қиладиган йирик энергетика ва транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш орқали кўмак беришда давом этишини билдирди.

Ўзбекистон мавжуд вазиятдан расман хавотир билдириб чиққан Афғонистонга чегарадош биринчи Марказий Осиё давлати бўлди.

Жанговар шайлик

Ўзбекистон ҳарбийлари

Сурат манбаси, official

Бугун, 24 июнь куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинлари шахсий таркибининг жанговар шайлигини синовдан ўтказаётгани ҳам расман хабар берилди.

Аммо расмий хабарда амалий машғулотларнинг режага асосан қилинаётгани айтилди.

Хусусан, Мудофаа вазири раҳбарлигида Тошкент ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округлари ҳамда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари ҳарбий қисм ва бўлинмаларида қўққисдан текширувлар бўлиб ўтаётгани, бунда шахсий таркиб ва жанговар техникаларнинг шайлиги текширувдан ўтиши маълум қилинди.

Шунингдек, "Ангрен" ва "Термиз" умумқўшин дала майдонлари ҳудудида Тошкент ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонликлари тасарруфидаги ҳарбий қисм ва ҳамкорликдаги куч тузилмалари ўртасида ўзаро тажрибалар алмашиш ҳамда ҳаракатларни мувофиқлаштириш, ҳарбий хизматчиларнинг амалий дала кўникмаларини такомиллаштириш мақсадида батальон тактик ўқувлари ўтказилиши кўзда тутилгани айтилди.

Шунингдек, шартли душманнинг эҳтимолий жойлашган ҳудуди аниқланиб, кейинчалик улар томонидан олиб борилиши мумкин бўлган фаол ҳаракатларни бартараф этиш мақсадида улар жойлашган ҳудудларга авиация ҳамда артиллерия бўлинмаларининг куч ва воситалари ҳамда миномётчилар батареяси томонидан зарбалар берилади, дейилди.

Ўқув машғулотлари давом этмоқда.

Сўнгги ҳафталарда Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита туташ шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида Толибон ўз ҳужумларини шиддатлаштирган.

Саноқли ҳафталарнинг ўзида ўттиздан ортиқ туманни қўлга киритган.

Толибон босиб олган бу туманларнинг ярмига яқини айнан Тожикистон ва Туркманистонга бевосита чегарадош экани айтилган.

Толиблар Афғонистоннинг Ўзбекистонга қўшни шимолий Балх вилоятига ҳам кириб боришган.

Бу вилоятда ҳам бешта туманни қўлга киритишган ва улар барчасининг ҳали-ҳануз Толибон назорати остида экани айтилади.

Худди шу каби хабарлар манзарасида Ўзбекистон коронавирус билан боғлиқ вазият кескинлашаётгани туфайли эканини айтиб, жорий ҳафта бошида Афғонистон билан ўзаро чегарасини вақтинча ёпган.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон президентларининг телефон мулоқотлари эса, Толибоннинг Афғонистон шимоли-шарқида сўнгги икки ҳафта ичида қўлга киритган энг йириги, деб айтилган ютуғига оид хабардан кун ўтиб амалга ошган.

Толиблар 22 июнь куни Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарасидаги асосий ўтиш нуқтасини босиб олишган.

Тожикистонлик масъуллар толибларнинг ҳужумларига дош беролмай, 130 дан ортиқ афғон ҳарбийси ўз ҳудудларига қочиб ўтишганини ҳам расман тасдиқлашган.

Лозим бўлса, Тожикистон 10 минг афғон қочқинини қабул қилишга ҳам тайёр эканликларини айтишган.

Аммо Шерхон бандаргоҳи учун кечган жанглар ортидан, вазият барқарорлашгани, ҳозирча ҳеч қандай таҳдид йўқлиги, аммо "ҳар доим юқори тайёргарлик ҳолатида бўлишлари керак"лигини таъкидлашганди.

Тоқаев-Раҳмон мулоқоти

Қозоғистон ва Тожикистон президентлари

Сурат манбаси, official

Тожикистон президенти матбуот хизматининг расман хабар беришича, Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги ҳозирги вазият Эмомали Раҳмон ўзаро телефон мулоқоти чоғида ҳар икки минтақа давлати раҳбари билан муҳокама этиб олган масалалардан бири бўлган.

Маълум бўлишича, Тожикистон раҳбари кеча, 23 июнь куни бу хусусда аввалига Қозоғистон президенти билан гаплашиб олган.

Президентлар қўшни Афғонистондаги мавжуд ҳарбий-сиёсий вазиятни батафсил муҳокама қилишган.

Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги вазиятнинг "ўта кескинлашуви"дан хавотир билдиришган.

Бу тангликнинг кучайиши ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича умумий вазиятга салбий таъсир қилишини айтишган.

Афғонлараро мулоқотларни амалда йўлга қўйиш учун ҳар томонлама ёрдам беришнинг муҳимлигини қайд этишган.

Бу масалада давлат масъул хизматлари ва ихтисослаштирилган бўлимлари фаолиятини ҳар томонлама янада яқиндан мувофиқлаштиришнинг муҳимлигини урғулашган.

Мирзиёев-Раҳмон мулоқоти

Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон

Сурат манбаси, official

Расман билдирилишича, Ўзбекистон ва Тожикистон президентларининг телефон мулоқоти чоғида ҳам минтақавий хавфсизликни таъминлаш масаласи асосий эътибор қаратилган мавзулардан бири бўлган.

Худди шу нуқтаи назардан президентлар "бугун қўшни Афғонистонда, айниқса, унинг ўз давлат чегараларига туташ шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларида бугун вужудга келаётган хавотирли вазият"ни муҳокама этишган.

"Афғонистон билан чегарадаги вазиятни жуда кескин", - деб баҳолашган.

Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари ҳам афғонлараро тинчлик жараёнини олға силжитиш, Афғонистонда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун биргаликда саъй-ҳаракатларини давом эттиришга келишиб олишган.

Ушбу йўналишдаги фаолиятларини янада мувофиқлаштиришга тайёр эканликларини билдиришган.

Афғонистоннинг ўзларига бевосита чегарадош минтақаларидаги хавфсизлик билан боғлиқ сўнгги вазият юзасидан бирор бир Марказий Осиё давлатининг расмий баёнот билан чиққани ҳалича кузатилмаган.

Аммо толибларнинг ҳужумлари кучайиб бораётган бир манзарада Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10-12 июнь кунлари расмий ташриф билан Тожикистонда экан, Афғонистонга бевосита чегарадош бу икки давлат раҳбарларининг жанубий қўшниларидаги вазиятни ҳам муҳокама этиб олишгани маълум бўлган.

Душанбедаги музокараларда замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш соҳасида, айниқса, Афғонистонда юзага келаётган вазият асносида ҳамкорликни кучайтириш муҳим экани қайд этилгани расман хабар берилган.

Ўзбекистон ва Тожикистон Афғонистон бўйича тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлаш, ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, уни минтақавий иқтисодий шерикликка фаол жалб этиш тарафдори экани ҳам таъкидланган.

Бу сўнгги икки ҳафтача ичида Ўзбекистон ва Тожикистон президентларининг иккинчи бор бу Афғонистон масаласини муҳокама этиб олишлари бўлган.

15 июнь куни эса, Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Афғонистон Ташқи ишлар вазири билан учрашган.

Томонларнинг савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан ташқари, афғонлараро тўғридан-тўғри тинчлик музокараларининг истиқболларини ҳам муҳокама этиб олишгани маълум бўлган.

Толибон ҳаракати ўз тарихида илк бор олиб боришга рози бўлган бу мулоқотлар Афғонистонда толибларни ҳам ўз ичига олувчи коалицион ҳукуматнинг қудратга келиши ва алал-оқибат мамлакатда доимий сулҳнинг қарор топишига йўл очишига умид қилинади.

Маҳаллий экспертлар эса, ўз ҳужумларини бунчалик шиддатлаштираётгани сабабини Толибоннинг музокаралар чоғида қўлининг баланд келиши истаги билан изоҳлашган.

Худди шу кунларда Доҳада бу мулоқотларнинг навбатдаги босқичи кечган, аммо тафсилотлари ноаён қолган.

Исматулла Иргашев ва Ҳаниф Атмар Ўзбекистон келаси ой ўтказишни режалаштираётган "Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар", деб номланувчи яна бир йирик халқаро анжуманга тайёргарлик масаласини ҳам муҳокама этиб олишгани хабар берилган.

Афғонистондаги тинчлик жараёнига расман ва фаол бош қўшган Ўзбекистон бу мулоқотларни ҳам дастаклаб келади.

Ўзбекистон тинчлик музокаралари доирасида Афғонистон Толибон ҳаракати билан расман ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган ягона минтақа давлати бўлади.

Минтақа ва Толибон хавфи

Толиблар

Шимолдаги вазиятнинг жиддий издан чиқаётгани Афғонистон Толибон ҳаракати ҳалича ўзининг баҳорги амалиётларини эълон қилмаган ва мамлакатда коронавируснинг янги тўлқинига оид хавотирлар жиддий кучайган бир пайтга тўғри келаётгани билан ҳам алоҳида хавотир касб этган.

Ўзбекистон расман аъзоси бўлмаган Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномасининг шу йил апрель ойида Тожикистон пойтахтида бўлиб ўтган йиғилиши чоғида эса, ҳарбий хавфсизлик, таҳдидларга қарши туриш ва уларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилиниши айтилган.

Ушбу ташкилот жиддий низолар ичида қолган аъзо давлатга кўмакка келиш, у ерга ўзининг тинчликни сақлаш кучларини юбориш ҳуқуқига эга саналади.

Халқаро рейтингларда Марказий Осиёда армияси энг жанговари саналувчи Ўзбекистон Россия шамсияси остидаги бу ташкилотнинг аъзоси эмас.

Аммо худди шу йиғилиш ортидан Бухорода экан, Ўзбекистон ва Россия Мудофаа вазирларининг беш йиллик ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорликка оид битимни ҳам имзолашгани маълум бўлган.

Сергей Шойгунинг Ўзбекистонга ана шу ташрифи дастуридан халқаро ва минтақавий хавфсизлик муаммолари ҳам ўрин олгани хабар берилганди.

Шимол ва шимол-шарқ Афғонистоннинг ўзбеклар нисбатан зич яшовчи минтақалари бўлади.

Афғонистон Ўзбекистондан кейин дунёнинг энг катта - миллионлаб сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи энг йирик давлати саналади.

Ҳозир ҳукумат кучларига қарши Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида жанг қилаётган минглаб толиблар аксариятининг маҳаллий ўзбеклар, туркманлар ва аймоқлардан иборат экани айтилади.

Сўнгги йилларда бу минтақалардаги қатор вилоятларга Покистондан ўнлаб ўзбекистонлик жангарилар оилаларининг ҳам келиб ўрнашишганига оид хабарлар ҳам олинган.

Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош, дунёнинг асл илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи ва ўз вақтида айнан Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган ўзбек жангари гуруҳлари ҳали-ҳануз бошпана сақлаб келаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.

Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги сўнгги вазият манзарасида эса, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги сўзчисининг Би-би-си Ўзбек хизматига, "Ўзбекистон ўз чегаралари дахлсизлиги ва суверенитетини таъминлаш даражасида қудратга эга" эканлигини билдирган.

"(Ҳозирги вазиятни - таҳр.) Қай даражада кузатаяпмиз, қанақа жанговар шайликда турибмиз, деган масалалар бизда ҳарбий, давлат сири саналади", - деб айтганди.

Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси 144 километрга узанган, мамлакатнинг қолган ташқи чегаралари билан қиёсланганда, энг қисқаси бўлади.

Аммо Ўзбекистоннинг бу чегараси Ислом Каримов бошқаруви билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт мобайнида энг кучли қўриқланувчиси бўлган.

Шавкат Мирзиёев ҳали муваққат президент экан, жанубий қўшнилари билан ҳам ҳар томонлама алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш режасини изҳор этаркан, сўнгги тўрт йил ичида Афғонистон билан ҳам борди-келди енгиллашган.

Ўзбекистон Афғонистондаги қайта тиклаш ишларига расман ва фаол бош қўшган ягона минтақа давлати, ўзининг Афғонистондаги иқтисодий манфаатларини ҳам расман ва ошкора баён қилиб ҳам келади.

Толибон Тошкентга 2019 йилги амалий ташрифи чоғида Афғонистоннинг ўзлари назорат қиладиган ҳудудларида Ўзбекистоннинг лойиҳаларини қўлларидан келганича қўллаб-қувватлашини ҳам маълум қилган.

Ҳаракат 2020 йил АҚШ билан имзолаган "тарихий" тинчлик битими доирасида эса, хорижий бирор бир жангари гуруҳнинг Афғонистон тупроғидан четга ҳужум қилишига изн бермасликка ваъда қилган.

Сўнгги вазият

Афғонистон хавфсизлик кучлари

Сурат манбаси, official

Аммо Ўзбекистон шу ҳафта душанба куни Афғонистон билан чегарасини вақтинча ёпишга қарор қилган.

Республика махсус комиссиясининг қарори толиблар Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош Балх вилоятида жами олти туманни босиб олишганига оид хабарлар ортидан бўй кўрсатганди.

Минтақадаги мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, бу туманларнинг биттаси истисно қолган барчаси ҳали-ҳануз толибларнинг қўлида.

Толиблар Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Фарёб вилоятида яна икки туман назоратини ўз қўлларига киритишди, қолган шимолий ва шимолий-шарқий вилоятлар нисбатан тинч, дейди у.

Аммо, мухбиримизга кўра, Толибон Қундуз учун жангларини тўхтатмаган, шаҳар яқинида жойлашган Шерхон бандаргоҳини ҳам ўз назорати остида тутиб турибди.

Маълум бўлишича, жангарилар Бағлон вилояти маркази Пули-Хумрини ҳам олишга ҳаракат қилиш кўришган, аммо бунга муваффақ бўлишмаган.

Шимолий Таҳор, Бағлон ва шимолий-шарқий Қундуз вилоятларига қўшимча мадад кучлари етиб келган.

"Давлат катта шаҳарлар ҳимоясига эътибор қараётгани ва толиблар ҳужумларининг шиддатли экани боис, улар ҳозирча олдинга силжишга муваффақ бўлишаётгани йўқ", - дейди мухбиримиз.

Унинг айтишича, Афғонистон Мудофаа вазирлиги кимки толибларга қарши жанг қилмоқчи бўлса, қуроли беришлари ва ҳимоя қилишларини айтган.

Худди шу манзарада бутун шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларда юзлаб маҳаллий қўмондонлар қўлларига қурол олиб, ўз тарафдорларини ҳам қуроллантириб, кўчаларга чиқишган.

Шу йўл билан ўзларининг Толибонга қарши жанг олиб боришга ҳозир эканликларини намойиш этишган.

Афғонистон хавфсизлик кучлари

Сурат манбаси, official

Афғон ҳукуматининг ваъдалари ва жавоб амалиётларига қарамай, ҳозир ҳам Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги вазият танглигича қолмоқда, толибларнинг ҳужумлари сусайганича йўқ, ҳаракат янгидан-янги туманларни босиб олишда давом этмоқда.

Бугун ҳам ҳар икки томон бир-бирларига жиддий талофат етказганликларини иддао қилишган.

Ҳар икки томондан ўнлаб толиб ва ҳарбийларнинг таслим бўлганликларига оид хабарлар бор.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сўнгги ҳисоб-китобларига таянилса, Толибон сўнгги икки ой ичида бутун Афғонистон бўйлаб ўнлаб туман назоратини ўз қўлига олган.

Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимоли ва шимоли-шарқидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашиб бораётгани хорижий иттифоқ қўшинлари мамлакатни буткул тарк этиш ҳаракатида бўлган бир пайтда тўғри келмоқда.

Мавжуд вазият худди шуниси билан аллақачон ҳатто экспертлар ўзларининг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб улгурган.

АҚШ ҳарбийлари ва Нато бошчилигидаги хорижий иттифоқ қўшинлари шу йилдан қолмай Афғонистондан буткул чиқиб кетишмоқчи ва ёки мамлакатдаги ҳозирликларини кескин қисқартиришмоқчи.

Бундан аввал бу каби эҳтимол президент Ислом Каримовнинг Афғонистон иккинчи Ироққа айланиши мумкинлигига оид расмий ва ошкора хавотирларига сабаб бўлмай қолмаган.

Толибон ҳужумларининг янада кучайиб бораётгани манзарасида Нато Бош котиби бундан кейин ҳам Афғонистон хавфсизлик кучларини ташлаб қўймасликлари, уларни ҳар томонлама дастаклашларини баён қилган.

Аммо Толибон яқинда қўшни минтақа давлатларига ҳам мурожаат билан чиққан, уларни ўз ҳудудларидан Афғонистонга қарши фойдаланилишига изн бермасликка чақирган, акс-ҳолда бунинг оқибатлари учун ўзлари масъул эканликлари билан ҳам огоҳлантирган.

Бунга Ғарбнинг қатор нуфузли нашрларида Афғонистонни тарк этаркан, АҚШ ўз амалиётларини четдан туриб амалга ошириш учун минтақа давлатларида ҳарбий базаларини очиш ниятида эканига оид бўй кўрсатган хабарлар сабаб бўлган.

Мазкур давлатлар сирасида эса, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон ҳам тилга олинганди.

Сўнгги телефон мулоқотлари қай бир томоннинг ташаббуси бўлгани эса, расмий хабар тафсилотларидан ноаён қолган.

АҚШ Жосуслик ҳамжамияти эса, Афғонистондаги воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида ўзининг янги хулосаларини эълон қилган.

Америка қўшинларининг буткул ортга сафарбарлиги ортидан, афғон ҳукумати олти ойнинг ўзида қулаши мумкинлигини айтган.

Афғонистон президенти ва Олий Миллий ярашув кенгаши раиси Вашингтонга жўнаб кетишган.

Улар эртага, жума куни АҚШ президенти Жой Байден билан учрашишади.

Вашингтонга сафари чоғида Афғонистон ҳайъати АҚШ Конгресси аъзолари ва бошқа расмийлар билан мулоқотлар олиб бориши, улар билан ҳам кейинги алоқалари қандай бўлишини муҳокама этиб олишлари айтилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek