Ўзбекистон: Сотувчи аёлларни судраган солиқчилар “жазоланди” - video O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Шерзод Кудбиев

Сурат манбаси, AOKA

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Расман билдирилишича, Олмалиқда юз берган ҳодиса юзасидан тезкор хизмат текшируви ўтказилган. Воқеа айбдорлари бўлган солиқчилар ишдан олинган. Уларнинг махсус унвонлари ҳам бекор қилинган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари "Замон" кўрсатувига берган интервьюсида маълум қилган.

Музаффар Назаровнинг айтишича, "давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг фуқароларга нисбатан ҳеч қачон куч ишлатишига йўл қўйилмайди".

Унга кўра, Олмалиқда юз берган ҳолат юзасидан шаҳар давлат солиқ инспекциясининг раҳбари, унинг ўринбосари ва жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғига ҳам тегишли интизомий жазо қўлланилган.

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати бугун, 16 апрель куни бу ҳақда янада батафсил маълумот берган.

Қўмита расмий хабарида айтилишича, интернетда тарқалган видео ортидан, Олмалиқ шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 11 нафар ходими ишдан олинган.

Улардан уч нафари воқеада бевосита иштирок этган солиқ назоратчилари экани айтилган.

Тошкент вилояти Давлат Солиқ бошқармаси ва Олмалиқ шаҳар давлат солиқ инспекциялари бошлиқларига ҳайфсан берилгани маълум бўлган.

Мазкур хабарда қайд қилинишича, шу пайтга қадар ноқонуний фаолият юритиб келган фуқароларга эса, ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган, уларнинг фаолиятлари қонунийлаштирилган.

Аёлларга Олмалиқдаги савдо марказидан жой ҳам ажратиб берилгани, кредит олишда ёрдам кўрсатилгани ҳам маълумот ўрнида билдирилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўзи эса, бу ҳақда кеча, пайшанба куни видеомурожаат билан чиққан.

Шерзод Кудбиев, "солиқ органлари ҳеч қачон куч ишлатар идора эмас"лигини айтиб, юз берган ҳолат солиқ хизмати учун "жуда уятли" эканини таъкидлаган.

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раиси "бундай ҳолат юз берганлиги учун бутун Ўзбекистон халқидан узр ҳам сўраган".

Худди шу чиқишида Шерзод Кудбиев ўзини бу масаланинг охиригача етиши, Самарқанддаги хизмат сафаридан қайтибоқ, Олмалиққа, ўша ҳодиса юз берган жойга боришини айтган.

"Лекин унгача ҳам кутмасдан, ўзини ноўрин тутган ва хизмат вазифасини ноўрин бажарган ходимларнинг жазоланиши"ни билдирган.

Шерзод Кудбиев кўрилган чоралар тўғрисида қўшимча ахборот берилишини ҳам ваъда қилганди.

Олмалиқдаги зўравонлик

Сурат манбаси, videograb/gazeta.uz

Олмалиқдаги мазкур ҳодисанинг аниқ қачон юз бергани ҳозирча маълум эмас, аммо бу ҳақдаги видео ижтимоий тармоқларда шу кунларда тарқалган.

Видеода солиқчиларнинг сотувчилик орқали кун кўрувчи аёллар буюмларини тортиб олиб, машинага юклашга уринишгани, бунга қаршилик қилишга уринган бирини ерда судраб, сумкасини мажбуран олиб қўйишгани акс этган.

Аёллардан бирининг ўзи томонидан олингани тахмин қилинган ушбу тасвирлар ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсу мунозараларга туртки берган, аксарият ўзбекистонликларнинг ғазабига ҳам сабаб бўлганди.

Видео сўнгги кунларда хотин-қизларга қарши турли кўринишдаги зўравонликларга оид хабарлар кетма-кет бўй кўрсатаётган бир манзарада ҳам кўпчиликнинг эътиборига тушган.

Сўнгги йилларда асосан ижтимоий мулоқот тармоқларида Ўзбекистонда давлат мулозимлари, айниқса, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг фуқароларга нисбатан қўпол муносабатда бўлгани ёки жисмоний куч ишлатгани тўғрисидаги постларнинг сони ортгани, таъбир жоиз, бу ҳақда "ошкора" гапирила бошлангани кўрилади.

Уларга расмийлар ва масъулларнинг "ҳозиржавоб" муносабати эса, президент Шавкат Мирзиёев даврида шаклланаётган ижобий воқеълик, тенденция сифатидаги баҳоларга ҳам сабаб бўлиб улгурган.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг "халқчиллик" ташаббуси билан чиққан президенти бўлади.

Мирзиёев ўз президентлик фаолияти давомида "оддий халқ", "халқона сиёсат", "халқчиллик" ва "халқпарварлик" масаласига қайта-қайта эътибор қаратиб келаётгани кўрилади.

Ўзбекистон президенти орада давлат узоқ йиллар мобайнида халқ ҳақида қайғурмаганини ошкора ва расман тан ҳам олган.

Оддий халқнинг ташвиш ва муаммоларига эътибор бермаётган раҳбарларни танқид қилган.

Президент амалдорлар халқ билан ҳисоблашишга мажбур бўлиши кераклигини таъкидлаган.

Қийинчиликларга бардош бергани, чидагани учун раҳбарлар халққа бош эгиб, таъзим қилиши лозимлигини айтган.

Айнан президент Шавкат Мирзиёев бошқаруви даврида кибер фазода фаоллашиш, мамлакат тўқнаш келиб турган муаммоларни ошкора муҳокама этишга қодир бўлган аксарият ўзбекистонликлар фикрича эса, давлат органларининг кўнгилдагидек ишлаши учун ростмана жамоатчилик назорати кучли бўлиши керак.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek