Россия ва Путин: Хабарингиз борми, ёқлайсизми ёки қоралайсиз? - Rossiya, Navalniy, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Rossiya

Сурат манбаси, EPA

Россия ва Путин: Хабарингиз борми, ёқлайсизми ёки қоралайсиз? - Россиядаги сўнгги оммавий намойишларни бор-йўғи чорак фоизча одам ёқлабди. Аммо янги намойишларни кутаётганлар сони рекорд даражага чиқибди. Россияда юз минглаб ўзбекистонликлар ҳам яшаб, ишлашади.

Агар, Левада тадқиқот маркази сўровига таянилса, яқинда бутун мамлакатни ўз забтига олган намойишлардан аксарият россиялик хабардор.

Дейлик, ўтган йил Хабаровскда бўлиб ўтганидан 75% одам хабар топган бўлса, бу гал уларнинг сони 80 фоиз бўлиб чиққан.

Аммо Путин ашаддий танқидчиси Алексей Навальнийни қўллаб ўтказилган сўнггиси назарда тутилса, россияликларнинг норозилик акцияларига муносабатлари жиддий ёмонлашибди.

Россия аҳолисининг бор-йўғи 22 фоизи уни маъқуллашини айтибди. Қирқ фоизга яқини хушламабди, қолган одам эса, бефарқ бўлиб чиқибди.

Бор-йўғи ўтган йил ёзидаги кўрсаткичлар эса, россияликларнинг бу каби намойишларга бугунгидан анча хайрихоҳ эканликларига далолат қилган.

Ўшанда Хабаровск губернаторини қўллаб ўтказилган намойишларни аҳолининг ярмига яқини маъқуллашини айтган.

Rossiya

Сурат манбаси, MIKHAIL TERESHCHENKO/GETTY IMAGES

Марказ социологи Денис Волков бунинг сабабини Навальнийни дастаклаган намойишларга қарши олиб борилган қоралов кампанияси билан изоҳлаган.

Худди шу манзарада Россияда янги намойишлар кутаётганларнинг сони рекорд даражага етибди.

Янг сўров россияликларнинг ярмига яқини худди ана шундай фикрда эканини кўрсатибди.

Сўров муаллифларининг таъкидлашларича, бунақаси Россияда 1998 йилдан буён кузатилмаган.

Янги сўров бутун Россия бўйлаб шу йилнинг 29 январь-2 февраль кунлари оралиғида олиб борилган.

Сўров жараёнида 1616 кишининг бу хусусдаги фикрлари ўрганилган.

Rossiya

Сурат манбаси, Getty Images

Бу галги сўровда ҳам оммавий норозилик намойишларини энг кўп ёшлар қўллаши маълум бўлган.

Ўрта ва кекса ёшлиларининг ярмидан кўпроғи эса, бу каби митингларни қоралашлари маълум бўлган.

Улардан учдан бир қисмига яқини намойишларга умуман бефарқ бўлиб чиққан.

Сўров ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари намойишларга энг кўп хайрихоҳ, телевизиор кўрувчилар эса, энг кўп қаршилар эканига ҳам далолат қилган.

"Суриштирувлар акси эканини кўрсатса-да, телевидениеда болалар ҳам олиб чиқилаётгани айтилиб, намойишлар ҳақида нохуш фикр шакллантирилди. Бунга авлодлар ўртасидаги зиддият ҳам қўшилган - кекса авлод биз ёшларни йўқотаяпмиз, уларни йўлдан оздиришаяпти, деган фикрда. Ҳокимиятдагилар эса, бундан яхши фойдаланишди", - дейди социолог Денис Волков.

Чорак фоиздан кўпроқ россиялик фикрича, намойишчиларга пул тўлашган.

Сўров муаллифларига кўра, бу ҳам давлат медиасидаги сюжетлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Аммо, шунда ҳам, Россиядаги аксарият - респондентларнинг ярмига яқини наздида одамларни мамлакатдаги мавжуд вазиятдан норозилик кўчаларга етаклаган.

Rossiya

Сурат манбаси, Reuters

Тез орада Россияда яна намойишлар бўлади, деган фикрдагиларнинг сони эса, рекорд даражага етган.

Уларнинг аксариятига кўра, бунга мухолифат лидерининг Путин ҳақидаги суриштирув фильми ёки унинг ҳибси эмас, энг аввало Россиядаги бугунги шарт-шароит сабаб бўлади.

Аммо, маълум бўлишича, ҳамманинг ҳам уларда иштирок этиш хоҳиши йўқ, сўровлар бу каби истакда бўлган россияликлар сони йил сайин камайиб бораётганига далолат қилган.

Россияликларнинг фаолликлари борасида нисбатан юқори кўрсаткич сўнгги бор 2018 йилда - пенсия тизими ислоҳ этилган пайтда кузатилган.

Ўша пайтда чорак фоизга яқин россиялик кўчаларга чиқишга тайёр эканликларини айтишган, ҳозирга келиб, бу кўрсаткич 15 фоизга тушиб қолган.

Социолог Денис Волков Би-би-си билан суҳбатида бунинг сабабини, "Ковид иккинчи тўлқини ниҳоялаб қолгани, чекловларнинг бекор қилиниши, буёғи баҳор экани, ҳаммаси яхши бўлишига оид умид" билан боғлаб тушунтиради.

"Бу кайфият ва умид билан боғлиқ кўрсаткич. Одамлар умидларини йўқотиб бўлган пайтда кўчаларга чиқишади. Ҳозир эса, ҳаммаси изга тушади, деган бир некбинлик бор", - дейди социолог.

Rossiya

Сурат манбаси, Reuters

Ўтган ҳафта Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларга мурожаат билан чиққан.

Уларни оммавий намойишларга қўшилмасликка чақирганди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мурожаати сўнггида уларни бунинг оқибатлари билан ҳам огоҳлантирган.

"Бу каби расман рухсат берилмаган тадбирларда қатнашиш чет эл фуқаролари учун Россия Федерацияси қонунларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилиш ёки давлатдан мажбурий чиқариб юборишга олиб келиши мумкин"лигини яна бир бор эслатган.

Оммавий норозилик намойишлари Путин ашаддий танқидчиси ва мулохифат етакчиси Алексей Навальний қўлга олиниши ортидан бошланиб кетган.

Воқеалар ривожини яқиндан кузатиб бораётган таҳлилчилар Россияда янги намойишлар эҳтимолини назардан соқит этишмаган.

Айниқса, Россия Думасига сайловлар арафасида мухолифат тарафдорлари чиқишларининг янада кучайиши мумкинлигини тахмин этишган.

Россия дунёнинг энг катта - юз минглаб сондаги ўзбекистонликлар турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.

Норасмий ҳисоб-китобларда бу рақамлар, ҳатто, бир неча миллионга ҳам нисбат берилади.

Россияда кечаётган намойишларда яраланганлар ва қўлга олинганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бор-йўқлиги маълум эмас.

Россия томони уларнинг фуқароликларини очиқламаган, Ўзбекистон тарафи ҳам ҳалича бу хусусда бирор бир расмий баёнот билан чиқмаган.

Аммо Россиядаги сўнгги рухсатсиз оммавий норозилик намойишлари фонида Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келаётган айрим маҳаллий фаол ва ҳуқуқшуносларнинг мигрантларга огоҳлик билан чиққанликлари кўрилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek