Янги президент нима қилиши керак? – Ўзбеклар ва дунё, video, Qirg’iziston, O’zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ўзбеклар ва дунё: Янги президент нима қилиши керак? - "Иш ўринлари очилиши, ташқи қарзларнинг тўланиши ва порахўрликнинг йўқ бўлишини хоҳлаймиз", - дейди улардан бири. Бошқа бири, "янги кадрлар келса, ойликлар оширилса эди", деган умидда. Садир Жапаров эртага, 28 январь куни Қирғизистоннинг янги президенти сифатида расман қасамёд қилади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Садир Жапаров расман мустақил Қирғизистоннинг 30 йиллик тарихидаги 6-президентга айланади.

Пойтахт Бишкек бўлғуси президент инаугурация маросимига қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Шаҳарда ҳавфсизлик чоралари кучайтирилган. Қасамёд маросими ўтадиган Тўқтўғул Сатилғанов номидаги миллий филармония тадбир мехмонларини кутиб олишга тайёр.

Расмийлар Оқ уйни янги президент учун ҳозирлар экан, оддий аҳоли кундалик тирикчилик билан банд.

Bishkek

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Устма-уст инқилоблар ва кетма-кет қудратга келаётган президентларнинг "бажариқсиз" ваъдалари манзарасида аксариятнинг мамлакатдаги сиёсий жараёнлардан ҳафсаласи пир бўлгани кўрилади.

Йилдан йилга давлат бюджетидаги камомад ортиб, ташқи қарзлар кескин кўпаяркан, халқнинг иқтисодий аҳволи янада ёмонлашган.

Ўртача ойлик иш ҳаққи $200 долларни ташкил қилган Қирғизистон аҳолисининг учдан бир қисми қашшоқликда яшайди.

Аҳолининг аксарият қисми хусусий тадбиркорлик билан шуғулланади, мамлакатда етарлича иш ўринлари йўқ.

Айниқса, мамлакатнинг асрларки ўзбеклар зич яшаб келган ва 2010 йилги қонли этник низолардан жиддий зарар кўрган жанубида ижтимоий-иқтисодий аҳволнинг ҳануз нисбатан анчайин оғир экани кузатилади.

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Кенг қулоч ёйган ишсизлик сабаб, меҳнатга лаёқатли одамлар Қозоғистон, Россия ва бошқа хориж давлатларига муҳожиратга кетади.

Қирғизистонлик мигрантларнинг сони бугун биргина расмий рақамларда қарийб бир миллионга етади.

Қирғизистон Тожикистон билан бирга минтақанинг энг камбағал икки мамлакати сифатида кўрилади.

Айнан четда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ортга юбориб келаётган миллиардлаб долларлик маблағлар шундоқ ҳам беқарор Қирғизистон иқтисодини тутиб, юритиб келаётган энг муҳим молиявий манбалардан бири бўлади.

Ҳозирги кунда Қирғизистон аҳолисининг сони 6 ярим миллиондан сал ортади. Уларнинг бир миллиондан ошиқроғини ўзбеклар ташкил этади.

Глобал коронавирус пандемияси мамлакат иқтисодига етказган зиён қолган аксарият Марказий Осиё давлатлари мисолида бўлгани каби Қирғизистонда ҳам аллақачон жиддий хавотирларга сабаб бўлиб улгурган.

Қирғизистон ҳозир Қозоғистон билан бирга минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган икки мамлакатидан бири бўлади.

Минтақадаги четдан энг кўп инсонпарварлик ёрдами олаётган иккита давлатдан биттаси экани кўрилади.

Бу гал қирғизистонликлар янги президентдан нималарга умид қилишмоқда?

Одилжон Дадажонов, Ўш шаҳар яшовчиси

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Янги президент жамиятимизга манфаати тегадиган, иш ўринларини тузувчи, фақат халқни ўйлайдиган фидоий раҳбар бўлишини хоҳлаймиз.

Бунга халқ чанқоқ. Аввалги президентлар қандай бўлгани ҳаммага маълум. Уларнинг тақдири бўлғуси президентга ибрат бўлиши керак.

Қирғизистонни ривожлантириш учун хориждан сармоядорларни олиб келиб, иш ўринларини яратиб бериш керак ва давлат иқтисодини кўтариш учун самимият билан ватан, халққа хизмат қилиши керак. Шундагина давлат раҳбари ўз лавозимига муносиб бўлади.

Соҳибжон Мамиров, маҳаллий фаол

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Янги президентдан нафақат мен, балки олти миллион халқнинг умиди ягона - давлатни ривожлантириши. Юртимизда тинчлик бўлиб, иш ўринлари очилиши, ташқи қарзларнинг тўланиши ва порахўрликнинг йўқ бўлишини хоҳлаймиз.

Ёшларга билим олиши учун шароитлар яратиб берилиши, уларнинг ишлаши учун иш ўринларининг очилишини кутамиз.

Юртимиз тинч, бой, ривожланаётган давлатлар қаторига қўшилса деймиз. Аҳолининг иқтисодий аҳволи яхшиланса, шунинг ўзи етади. Халқимиз ўттиз йилдан бери ўзини ўзи эплаб келган, бундан кейин ҳам эплаб кетади. Халқ ўзини ўзи боқиб олади.

Ташқи қарзлар тўланиб, халққа шароит, иш ўринлари яратиб берилса, шунинг ўзи етади.

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Нарх-наволар кўтарилаётган пайтда ойликларни ҳам кўпайтириш керак. Ҳозир халқ қийналаяпти. Халқ қийналса, давлат қийналади. Барчамиз бир оиламиз, бир-биримизга боғлиқмиз.

Ёшларни билим олишига енгилликлар қилиш керак. Мактабни тамомлаган ёшлар Олий ўқув юртлари, ўрта махсус таълим масканларига осон йўл билан кириши керак. Умумреспублика тестларидан баллари етмай қолиб, ҳар хил сабабларга кўра университетларга кира олмаяпти. Уларнинг орзулари сўниб, ёмон йўлларга кириб кетишаяпти. Ички ва ташқи мухожиратга юз тутишаяпти. У ердаги ёшлар энг яхши деганда сигарет, нос чекиб келаяпти. Ундан-да ёмон йўлларга кириб кетишаяпти. Иш ўринлари очилиб, енгилликлар яратиб берилса, уларни бу йўллардан сақлаб қоламиз. Бекорчиликдан ҳамма нарса келиб чиқади. Ёшларимиз иш билан машғул бўлса, кўчаларда санғиш, бир-бири билан қасдлашиб уришиш, турли хил низоларга каби ёмон ишларга боришмайди. Ишга боради, уйга келади. Ва давлатимиз ривожланади. Биргина иш сабаб, халқнинг қатор муаммолари ҳал этилади. Ўғрилик, гиёҳвандлик ва бошқа жиноий ишлар камаяди. Барчаси бекорчиликдан келиб чиқади. Ёшларимиз бекор, нима қилсин, нима биландир машғул бўлиши керак. Давлатимизга фойда бўлади.

Сапарали Закиров, мутахассис, Ижтимоий Ҳимоя фонди

Янги президент давлат тараққиёти учун барча жабҳаларда ислоҳотлар олиб бориши керак.

Агар адолатли ишласа, Қирғизистонни ривожлантиради.

Иқтисод, ижтимоий, божхона, қурилиш ва бошқа барча соҳаларда порахўрлик мавжуд.

Шу порахўрликни бартараф этиб, ундан олинган пулларни бюджетга туширса ва уни тўғри тақсимласа, давлат ривожланади.

Соҳиба Шакирова, фаол

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Садир Жапаровни президент бўлиши бизга умид бағишлаяпти. У энг аввало кадрлар масаласида ислоҳотлар олиб бориши керак.

Биз ўттиз йил эски жамиятнинг эски сарқитлари билан яшаб келдик. Қани, бизнинг янги кадрларимиз?

Совет Иттифоқидаги тузумда давлат одамларини давлат ўқитарди. Партия мактаби деган нарса бор эди. Ундай мактаб ҳозир ҳам бор. Бу президент академияси. Нимага у ердаги кадрларни маъсулиятли ўринларга қўймаяпмиз? Чунки қўя олмаяпмиз. Ўрин бўшатишмайди. Оқсоқолларимизга раҳмат, яхши, баҳоли қудрат ишлашди. Энди ўринларини ёшларга бўшатиб, уларга маслаҳатгўй бўлишлари керак. Қилган хатолари, камчиликларини тўғрилашни ва улгурмай қолган ишларини ёшларга ўргатиб туришлари керак. Ёшларимиз пишиб етилди.

Бу йил президент академиясининг 25 йиллиги бўлди. Бу даргоҳга 25 ёшида кириб, ўқиган ёшлар ҳозир 40-50 ёшга тўлди. Мана шу кадрларни жамият юқорига олиб чиқиши, давлат бошқарувига олиб келиши керак.

Неча йилдан бери давлат бошқарувида тадбиркорлар ўз бизнесларини ҳимоя қилиш учун ўтиришибди.

Садир Жапаров ҳақиқий давлат бошқарувини ўқиб, ишлаётган, жамиятда ўрни бор кадрларни олиб келса, унинг ютуғи бўлади. Биз уни қўллаймиз, бу бизнинг умидимиз.

Турсунбой Бакир ўғли, собиқ омбудсман ва депутат

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Биз миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда бошқа давлатлар билан алоқа қилишимиз керак. Хитойдан кўп миқдордаги қарзимиз мавжуд. У билан алоқани яхшилашимиз керак.

Хитой билан чегара масалалари ҳал бўлган. Биринчи президент Асқар Акаев Хитойга Қирғизистоннинг тўрт ерини бериб юборган. Биргина қарз масаласи бор. Уни давлат раҳбарлари олган. Лекин халқ тўласин деяпти. Шу масалани ҳал қилиш керак.

Қўшни давлат, Ўзбекистон билан ҳам муносабатларимизни ривожлантиришимиз керак.

Биринчи президент Ислом Каримов вафотидан кейин Шавкат Мирзиёв иқтидорга келгандан кейин икки давлат ўртасидаги тўсиқлар олинди. Чегаралар очилди. Қиз бериш, олиш, бозоримиз бир, мозоримиз бир, икки халқнинг азалдан муносабатларимиз яхши. Узоқ қариндошдан кўра, яқин қўшнинг афзал деган мақол бор.

Шавкат Мирзиёвнинг Ўзбекистон Қирғизистондаги гидроэнергетика ва бошқа лойиҳаларга сармоя ётқизиши бўйича айтганлари ижобий баҳоланмоқда. Дарё суви, электр энергиясини икки давлат бирга фойдаланамиз.

Икки халқ дўстлигини мустаҳкамлаш давлат раҳбарларининг вазифаси. Уларнинг муносабатини кўриб, одамлар ҳам яқинлашади. Икки президент душман бўлиб, йўллар, чегараларни ёпса, халқнинг алоқалари ҳам музлаб қоларкан. Ҳозир Шавкат Мирзиёвнинг ҳаракатларини кўриб, қирғиз халқи ҳам рози бўлаяпти. Биз ҳам ўзбек халқи учун xурсанд бўлаяпмиз.

Ўзбекистон қанчалик кучли бўлса, бизга ҳам яхши. Марказий Осиё давлатлари бирга ривожланиши керак.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek