Бугун Россияга қандай кетса бўлади? Россия, Ўзбекистон ва минтақа - Rossiya, Putin, Qirg‘iziston, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
- Author, Шоҳруҳ Соипов
- Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
Бугун Россияга қандай кетса бўлади? - Бу ҳозир кўпчилик ўзбекистонликларни ҳам ўйлантираётган савол бўлади. Москва, Санк-Петербург, Екатерингбург, Нижневартовск, Новосибирк, Иркутск, Сургут ва Самара шаҳарларига рейслар бор. Чипта нархлари $300 доллардан юқори, лекин аммоси ҳам бор, дейишмоқда ўшликлар.
Дунё давлатларининг иқтисодий инқирозга юз тутишига сабаб бўлган коронавирус учдан бир аҳолиси қашшоқликда яшовчи Қирғизистонни ҳам четлаб ўтмаган.
Жорий йил бошида авж олган пандемия ортидан жорий этилган карантин сабаб кўплаб xусусий тадбиркорлар бизнеслари тўхтаб қолган. Аксарият давлат хизматчилари ҳам онлайн ишлаш услубига ўтган.
Муҳожирликда ишлаётган қирғизистонликлар эса, ватанига қайтишни бошлаган. Қарийб бир йилдан бери оз ойликка бўлса ҳам кун кечириб келаётган одамлар Россияга йўллар тўлиқ қайта очилишини кутиб, у ерга кетиш илинжида яшамоқдалар.
Бугунги кунда республиканинг иккинчи йирик шаҳри ва пойтахти ҳисобланган Ўш аэропортидан Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Екатерингбург, Нижневартовск, Новосибирк, Иркутск, Сургут ва Самара шаҳарларига самолёт парвозлари амалга оширилмоқда.

Сурат манбаси, official/screenshot
Чипта нархлари $300 доллардан юқори. Пандемиядан аввал ушбу йўналишларга чипта нархлари икки баробарга арзон бўлган.
Аэропорт сайтининг онлайн таблосида шу кунларда Москванинг ўзига уч, шунингдек, Санкт-Петербург, Сургут ва Новосибирск шаҳарларига ҳам парвозларни кўриш мумкин. Бироқ ушбу парвозларда истаган қирғизистонликлар кета олмаяпти. Россияга сафар қилиш учун махсус талаблар мавжуд.
"Россия пандемия сабаб қирғизистонликларни тўрт сабаб билангина келишига руxсат берган. Биринчидан, ўзи, ота-онаси, эр-хотин ёки фарзандлари Россия фуқароси бўлиши керак. Иккинчиси, Россияда доимий яшаш ҳуқуқи ва ҳужжатига эга бўлиши лозим. Учинчиси, Россияда даволаниш учун махсус тиббий қоғози бўлиши керак. Шунингдек, тўртинчиси, давлат хизматчилари иш сафари билан кетишлари мумкин", дейди Ўшда самолётга чипталар сотиш билан шуғулланувчи Музаффар.
Унинг сўзларига кўра, юқоридаги сабабларга эга бўлмаган одамлар ҳафтанинг жума кунлари Бишкекдан "Аэрофлот" ва "Авиатрафик" авиакомпаниялари амалга оширувчи парвоз билангина Россияга боришлари мумкин. Бироқ, унда ҳам, қирғизистонликларни Россия аэропортида миграция хизмати ходимлари ортга қайтариш эҳтимоли бор.
"Жума кунги парвозга чипталар деярли йўқ, қолмаган. Бўлса ҳам жуда қиммат. $700 доллардан юқори. Ҳозир кўпчилик қандай бўлса ҳам Россияга кетиш йўлини излашаяпти. Яқинда бир танишим Истанбул орқали Беларусга бориб, у ердан мaшинада Россияга кириб кетибди. Ҳозир у ерда ишлаяпти. Қайтаётганда ҳам шу йўл орқали чиқади. Бу йўл билан Россияга кетиш қимматроқ, лекин одамлар давлатда иш йўқлиги сабаб, кетиб ишлашни хоҳлашяпти", дейди суҳбатдошим.
Беларусь ва Россия Иқтисодий Иттифоқи доирасида ўзаро чегараларидан ўтишни енгиллаштирган.
Ўшда топганим рўзғордан ошмаяпти

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
Қирғизистонда иш ўринларининг етишмаслиги ва иқтисодий инқироз сабаб Россияга кетаётган муҳожирлар сони ортмоқда.
Ўшлик Шавкат Усмонов ҳам пандемия сабаб, бу йил Россияга бориб ишлай олмаган. Шаҳарда таксичилик қилиб, топган пулига кундалик қора қозонини қайнатиб юрган суҳбатдошим қарзларини узиш учун ишлаб, пул тўплаш мақсадида эртага муҳожирaтга отланмоқда.
"Россиянинг Нижневартовск шаҳрига бориб, ошпазлик қиламан. У ерда амаким ишлайди. Кунига 2000 рублдан тўланади, деяпти. 12 соат ишланади. Дам олмасдан ишласам, кўпроқ пул топаман. Зарур бўлиб қолса, кейин ойда 1-2 кун дам олишим мумкин. Ўшанда ойига ўртача 50 минг рубл олсам бўларкан", дейди суҳбатдошим.
Унинг сўзларига кўра, Ўшда таксичилик қилиб, ойига ўртача $250 доллар атрофида ишлаган. Бу пул оила рўзғоридан ошмаган.
"Икки йил аввал кетма-кет қилинган, ўзим ва синглим тўйига олинган $10 минг доллардан ортиқ қарзимизни узиш учун Россияга кетиб, ишлашга тўғри келаяпти. У ерда бир йилча ишлайман деб режалаштираяпман. Орада Ўшга, ота-онам олдига келиб кетишим ёки аёлим билан ўғлимни олдимга чақиртиришим мумкин. Улар ёнимда бўлса, бемалол ишлайман", дейди Шавкат.
Суҳбатдошим 16 декабрь кунги Ўш-Сургут йўналиши учоғига, $542 долларга чипта сотиб олган. Бироқ унда пандемия боис, Россия кириш учун жорий қилган юқоридаги сабаблар йўқ. Таниши аэропортда муаммо бўлмаслигига ишонтирган.
"Қарзимиз бўлмаганида Ўшда ишлаб, оилам олдида юрсам яхши бўларди. Оилада бир ўғил бўлганим учун рўзғорни мен тебратишим керак. Дадам соғлиги сабаб, вақтинча ишламаяпти. Онамнинг топгани ҳам озлик қилади", дея хўрсинади Шавкат.
Шавкат ўтган йили ҳам Россиянинг Владивосток вилоятига бориб ярим йилдан ошиқроқ ишлаб келган.
Ундан аввал эса, 2011 йили мактабни тамомлагандан сўнг, Санкт-Петербург шаҳрига кетиб, у ерда дадаси билан кафеларда қарийб 7 йил ошпаз бўлиб ишлаган. 2018 йили Ўшга келиб уйланган ва бир йилдан сўнг ўғилли бўлган.
Иқтисодий инқироз

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
Ўртача ойлик иш ҳаққи $200 долларни ташкил қилган Қирғизистон аҳолисининг учдан бири қашшоқликда яшайди.
Республикада кучайиб бораётган пандемия вазиятида ишсизлар сони ортиб, оилалар иқтисодий инқирозга юз тутмоқда.
Қирғизистон аҳолиси, жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, 6 миллион 556,9 минг кишига етган. Ундан иқтисодий фаол аҳоли 2538,7 минг кишини ташкил этади.
Аҳолининг аксарият қисми хусусий тадбиркорлик билан шуғулланади. Республикада ишсизлик сабаб, меҳнатга лаёқатли одамлар Қозоғистон, Россия ва бошқа хориж давлатларига муҳожиратга кетади.
Қирғизистонлик мигрантларнинг сони бугун биргина расмий рақамларда қарийб бир миллионга етади.
Қирғизистон Тожикистон билан бирга минтақанинг энг камбағал икки мамлакати сифатида кўрилади.
Айнан четда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ортга юбориб келаётган миллиардлаб долларлик маблағлар шундоқ ҳам беқарор Қирғизистон иқтисодини тутиб, юритиб келаётган энг муҳим молиявий манбалардан бири бўлади.
Қирғизистон Миграция хизмати маълумотига кўра, 2019 йил бошида чет элга ишлаш учун кетган қирғизистонликлар сони 735 минг кишидан ошган. Уларнинг 640 минг нафари Россия Федерациясида рўйхатдан ўтган.
Шунингдек, Қозоғистон ва Туркияда 60 мингга яқин, Европа, АҚШ, Яқин Шарқ ва Осиё давлатларида 30 мингдан зиёд қирғизистонлик меҳнат муҳожирлигида банд экани айтилади.
Аммо норасмий рақамларда уларнинг сони бундан бир неча баробар кўп экани тахмин қилинади. Бу эса, бошқа томондан, Қирғизистондаги шундоқ ҳам ортиб бораётгани айтилаётган ишсизликка оид расмий кўрсаткичларни савол остига олмай қўймайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















