Самарқанд: Мустаҳкамни ахлатли памперс ейишга мажбурлаган эрига қамоқ жазоси берилди, Ўзбекистон, Mirziyoyev, O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, video
Самарқанд: Мустаҳкамни ахлатли памперс ейишга мажбурлаган эрига қамоқ жазоси берилди - суд ўз ҳукмини чиқарди. Орада унинг ишига Саида Мирзиёева ҳам эътибор қаратгандек кўринган. Саида Мирзиёева ҳеч кимдан алоҳида ном тутмаган, аммо, "саккиз йиллик хўрлик остида яшаганларни ярашув билан "жазолаш" мумкин эмас"лигини айтганди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш комиссияси аъзоси бўлади.
Суд ҳукми
Хабарларга кўра, Ш.К га Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 103-моддаси 2-қисми ва 105-моддасининг 2-қисми "г" банди бўйича айблов эълон қилинган.
Бу "ўзини ўлдириш даражасига етказиш" ва "ўта шафқатсизлик билан баданга қасддан жароҳат етказиш"ни назарда тутади.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди бугун, 1 декабрь куни айни суд иши юзасидан ўз қарорини эълон қилган.
Суд Ш.Кни олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм этишга қарор қилган.
Маълум бўлишича, қамоқ жазосини ўташ муддати жорий йилнинг 24 августидан бошлаб ҳисобланади.
Ш.Книнг суд ҳукми юзасидан шикоят аризаси билан чиқиш-чиқмаслиги ҳозирча маълум эмас.
Аммо, хабарларга кўра, у суддан узр сўраган, бундай ишларга қайтиб қўл урмаслигини айтган.
Айни суд ишини ёритиб келаётган Kun.uz интернет нашрининг ёзишича, Ш.К ўзига қўйилган айбловларни қисман тан олган.
Судланувчи наздида, "Рафиқасини ўз жонига қасд қилишга мажбур қилиш даражасига олиб бормаган".
Ш.К фақат "уни калтаклаганини тан олиши"ни айтган.
Нашрнинг ёзишича, сўнгги суд жараёнида шахсан ҳозир бўлган жабрланувчи Мустаҳкам Ваҳобова судга ишониши ва чиқарилган ҳукмдан розилигини билдирган.
35 яшар Ш.К устидан очиқ суд жараёни 12 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида бошланган.
Ўшанда эркак турмуш ўртоғи Мустаҳкам Ваҳобовага нисбатан Жиноят кодексининг 103-моддаси (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш), 105-моддаси (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) ва 110-моддасида (қийнаш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айблангани хабар берилган.
Орада суд мажлиси ёпиқ тарзда бўлиб ўтиши, судда жабрланувчининг ёлғиз ўзи ҳозир бўлиши борасидаги хабарлар фаолларнинг норозилигига ҳам сабаб бўлган.
Бундай норозиликлар ортидан суд жараёни очиқ тарзда ўтган, унда кўплаб ОАВ вакиллари иштирок этгани хабар қилинган.
Мустаҳкам иши

Сурат манбаси, facebook
Таниқли блогер Ақида хоним шу йил 4 сентябрь куни ўзининг Facebook акаунтида уюштирган жонли суҳбати тафсилотларидан ҳозир икки фарзанди билан ҳимоя остида бўлган Мустаҳкам исмли ёш аёлнинг "саккиз йил хўрликлар остида яшаб келгани" маълум бўлган.
Худди шу суҳбат тафсилотларидан эри Мустаҳкамга ҳатто "боланинг ишлатилган уч кунлик ахлатли эски памперсини едиришгача борган"и ҳам англашилган.
Кенг жамоатчиликка ошкор бўлган бу каби зўравонлик тафсилотлари эса, мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмагани билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.
Мустаҳкам ўшанда эрининг тўхтовсиз хўрликлари боис, ҳатто уч маротаба ўз жонига қасд қилганини ҳам айтган.
Саккиз йиллик турмуши давомида эри томонидан мунтазам калтакланиб, таҳқирланиб келган бу аёлнинг 22 август куни ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган видеоси баробарида блогер кўмагида уюштирилган ана шу жонли суҳбат-иқрори ҳам кибер фазода кескин акс-садо берган, қизғин баҳсу мунозараларга замин яратган.
Кибер фазодаги кўпчилик унинг тақдирига масъулларнинг эътиборини янада жиддийроқ қаратишга уринишган, блогер Ақида хонимнинг Facebook акаунтидаги постлари ва чиқишларидан Мустаҳкам ўзини эри билан яраштириш ҳаракатида эканликларидан хавотирда эканлиги ҳам англашилганди.
Орада Мустаҳкам билан боғлиқ ҳолат Сенат назоратига олингани ҳам маълум бўлган.
Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати расман хабар берган.
Хабарда, "мазкур ҳолат Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олингани" айтилган.
"Тегишли идораларга ушбу масала қонуний кўриб чиқилиши юзасидан кўрсатмалар берилган"и илова қилинганди.
Мустаҳкамнинг ўзига илк видеоси чиқиб кетиши ортидан, Самарқанд шаҳар Ички ишлар бошқармаси томонидан ҳимоя ордери берилган.
Фарзандлари билан бирга махсус марказга жойлаштирилган, унга соғлигини тиклаш учун ёрдам кўрсатилаётгани, психологлар ҳам кўмак бераётгани айтилган.
Турмуш ўртоғига нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 105-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум бўлган.
Жабрланувчининг блогер билан ёзишмаларидан "нега эрига нисбатан фақат шу модда билан жиноят иши қўзғатилгани"дан таажжубда экани англашилган.
Блогернинг ҳам "зўравон" эрга нисбатан "Ўзбекистон Жиноят кодексининг 103 (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) ва 110-моддалари (қийнаш) бўйича жиноят иши очилмагани"дан тушунмовчиликда экани кўрилган.
Ақида хоним орада эрининг яқинлари "яраштириш мақсадида" Мустаҳкамни "қидиришаётгани"дан ҳам ўз ташвишларини билдириб, акаунтида постлар ҳам қолдирганди.
Жамоатчилик шу пайтга қадар Мустаҳкам масаласининг судда қанчалик адолатли кўриб чиқилиши, жиноятда айбланган эркакнинг ҳақ жазога тортилиши мамлакатда оиладаги зўравонликка учраган хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқи қанчалик ҳимоялангани белгиси бўлиб қолиши тўғрисида фикр билдириб келди.
Ўзбекистон аҳолиснинг ярмига яқинини хотин-қизлар ташкил қилади.
Маиший зўравонлик ҳоллари ҳали-ҳануз улар тўқнаш келиб турган энг долзарб муаммолардан бири бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















