Беларусь нега тинчимаяпти? - видео, Belarus, Rossiya, Lukashenko, Putin, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Абдужалил Абдурасулов
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Беларусь нега тинчимаяпти? - Юз кундан кўпроқ вақт ўтди. Беларусдаги намойишчиларни жонли ўқ таҳдиди ҳам ортга қайтара олмаяпти. Таҳлил:
Полициянинг шафқатсизлигига қарамай, мухолифат ниятидан қайтмаяпти. Президент Александр Лукашенконинг қайта сайланганини қоралаб одамлар кўчага чиққанларидан бери 100 кун ўтди.
Каска ва зирҳли кийимдаги полиция қўлида гул ва шар кўтарган аёлни мажбурлаб полиция фургонига тиқди:
Беларусь намойишчилари таслим бўлишмаяпти, бир қатнашчи жон берди - BBC News O'zbekiston Yangiliklar
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Офицерлар пенсионерларнинг кўча юришида қатнашаётган кексаларга қарши кўздан ёш оқизувчи газни қўллади.
Балаклавадаги одамлар машҳур мультфилмлардан олинган қўшиқларни куйлаган мусиқачиларни қувиб юборяпти.
Аммо ҳар якшанба минглаб одамлар Лукашенконинг 9 августдаги сохта ғалабасини қоралаб пойтахт Минск кўчаларини тўлдирмоқда.
Ғарб мамлакатлари ҳукуматлари сайловдаги найрангларни ва Лукашенконинг намойишчиларга шафқатсиз жавобини танқид қилиб келмоқда.

Сурат манбаси, Reuters/Tut.by
"Худди Иккинчи жаҳон урушидагига ўхшайди"
Алеся 31 ёшда, IT саноатида ишлайди, якшанба кунги акцияларда мунтазам қатнашади. 15 ноябрь куни ҳаммаси унинг учун жуда ёқимсиз тус олди.
Норозилик акцияси бошланиши режаланган майдонга борганида, у ерни хавфсизлик кучлари тўлдирганди. Одамлар йиғилгани сари офицерлар кучли товуш чиқарувчи гранаталарни отиб, оломонни тарқатиш учун резина таёқлар билан калтаклай бошлади.
"Улар қайта-қайта бизга ҳужум қилишди. Жуда даҳшат эди. Улар одамларни аёвсиз калтакладилар, қўлларини қайириб олиб кетишди", дейди у.
У бошқа намойишчиларга эргашди. Аммо полиция уларни кичик фургонларда қувиб борди. Бир одам уни ва у билан қочганларни уйига яшириб сақлаб қолди.
Беларусь воқеалари Ўзбекистон учун нимани англатади? - Мирзиёев, Путин, Лукашенко - BBC News O'zbek
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
"Одамлар яҳудийларни яширишга уринган Иккинчи Жаҳон урушидагидек эди. Жуда қўрқинчли эди. Шокда эдим."
Бу акция қамоқда калтакланиб, ўтган ҳафта касалхонада ўлган фаол Роман Бондаренко хотирасига бағишлаб ўтказилганди. У кимлигини билдирувчи белгилари бўлмаган, фуқаролик кийимидаги шахслар томонидан қамоққа олинган эди. Бундай одамлар намойишчиларни тарқатиш ва қўлга олишда полиция билан бирга пайдо бўларди.
Сайловдан сўнг Минск ва Беларуснинг бошқа шаҳарларида мисли кўрилмаган намойишлар бошланди. Пойтахтнинг ўзида кўчаларга 100 000 дан ортиқ одам чиқди.
Улар полиция шафқатсизликларига чек қўйиш, барча сиёсий маҳбусларни озод қилиш ва шаффоф, адолатли сайлов ўтказишни талаб қилди.
Бошида одамлар оқими сабабли кўчалардан полиция ғойиб бўлди. Аммо бир неча ҳафта ўтгач, улар яна одамларни қўрқитиш учун қайтди.

Сурат манбаси, EPA
Квартирага полиция босқини
Минсклик 18 ёшли талаба Диана Пчелинкова охирги норозилик чиқишида ҳаётидаги энг даҳшатли дамларни бошдан ўтказди. У полициядан қочиб, кимнингдир квартирасида яшириниш учун кўп қаватли уй томонга қочди. Эшикни бир аёл очиб, уларни ичкарига киргазди.
"Охирида мен эдим, - дейди Диана. - Кираверишда йиқилдим. Улар орқамдан келиб, резина таёқ билан урди. Биз эшикни ёпиб олишга уриндик. Улар куч билан эшикни очиб киришди."
Офицерлар ичкарига бостириб кириб, квартирадаги ҳаммани қўлга олди. Қаршилик қилганларни калтаклашди. Аёллар қичқириб, қўлларини кўтарганча, полициядан уларга тегмасликни сўрашарди.
"Қўрқиб кетдим. Улар бир неча йигитни қўлга олишди. Аёллар бошқаларни яширишди. Биттаси диван орқасида эди. Яна бири шкаф ичида. Яна бири уй балконида эди.
Кўтаринкилик ўрнини қўрқув эгаллади
Полициянинг давомли зўравонликлари билан намойишлар камая бошлади. Кайфият ҳам ўзгарган.
"Мухолифатнинг байроқлари ҳам камайган, - дейди минсклик тадбиркор Владимир (исм ўзгартирилган). - Кўтаринки атмосфера йўқолган. Ҳар сафар кўчага намойишчиларга қўшилиш учун чиққанингизда ортга қайтасизми, йўқми, билмайсиз. Асабий бўласиз."
Август ойида омончилар Владимирни қаттиқ калтаклаган. У бир муддат тутиб турилиб, сўнг машҳур Окрестина қамоқхонасига юборилган. "Худди бизни ўлдирмоқчидек аёвсиз калтаклашарди", дейди у. У қамоқдан орқаси ва оёқлари кўкариб чиқди. Аммо Владимир янада кўпроқ норозигини билдирадиган бўлиб қолди.
"Агар биз шу ерда тўхтасак, бу мамлакатда бошқа яшаб бўлмай қолади. Кейин қиладиганимиз бу ердан кетиш бўлади", дейди у.

100 кундан бери давом этиб келаётган намойишлар Беларусни аллақачон ўзгартириб юборди. Аксарият одамлар, агар яхшироқ мамлакатда яшашни истасалар, шунга ҳаракат қилишлари кераклигини ҳозир ҳис қилиб турибди. Улар орасида Гроднодан чилангар, 29 ёшли Андрей Погерило ҳам бор.
Августдаги президентлик сайловларидан олдин Погерило сиёсатга қизиқмаган. Минскда биринчи тўқнашувлар юз берган кеча у кафеда эди.
У нима бўлаётганини билиш учун кўчага чиқадию, ҳаётини ўзгартириб юборган воқеага гувоҳ бўлди.

Сурат манбаси, Getty Images
"Ҳаммаси тинч эди. Тўсатдан ваҳшийлик бошланди. Мен полиция ёш бир қизни резина таёқ билан камида уч марта урганини ўз кўзим билан кўрдим. Улар бир йигитни аёвсиз дўппослади. Ўша куни полиция одамларни қўлга олмоқчи эмас, уларни синдирмоқчи эди."
Келаси кун Андрей Погерило норозиларга қўшилди, у ўшандан буён намойишларда қатнашади.
26 йилдан бери Беларусни бошқариб келаётган президент Лукашенко намойишчиларга хориждан пул тўлангани, манипуляция қилинганини даъво қилади. У норозиларни алкоголиклар ва гиёҳвандлар, деб атади.
Мухолифатнинг асосий етакчилари ё қамоқда ёки мамлакатдан ташқарида. Шунинг учун улар бу акцияларнинг бошида эмас.
Кенг қамровли намойишлар
Ҳозир талабалар, шифокорлар, пенсионерлар, ногиронларнинг норозилик чиқишлари ўтказилмоқда.
Машҳур атлетлар очиқчасига янги сайловларни ўтказиш ва полиция зўравонликларига чек қўйишни талаб қилмоқда.
Актёрлар қамоққа ташланганларга бирдамлигини кўрсатиш учун томошаларидан олдин мухолифат мадҳияларини куйламоқда.
Фаоллар савдо марказларида флешмоблар ташкил қилмоқда - харидорлар бирдан бошланиб қоладиган кўчадаги операдан ҳайратга тушади.
Бу оммавий томошалар намойишчиларни руҳлантиради, уларнинг ҳаракати синмаганини кўрсатади.
Расмийлар мухолифат постерларини олдириб ташлайдию, эртасига янгиси пайдо бўлганини кўради. Полиция ўзига ярашмаган шаклда панжараларга чиқиб, байроқларни олиб ташлайди, фаоллар эса уларни кузатиб, видеога олиб туради.
Кенг тарқалган бир шиорда шундай дейилади: "Деворни қайта бўяшинг мумкин, виждонингни бўяй олмайсан."

Сурат манбаси, Lesia Pcholka
Эътиборли жиҳати, таъқибларга қарамай, норозилик иштирокчилари асосан тинчлик сақламоқда. Уларнинг калтаклашларга жавоби келаси куни яна майдонга гул кўтариб чиқиш бўляпти.
"Омончиларни, уларнинг бешафқатлигини кўрганингизда, уларга ўхшамаслик кераклигини тушуниб етасиз", дейди 32 ёшли Светлана Станкевич. У намойишга чиққани учун тўққиз кун қамоқда ўтириб чиққан рассом.
"Мен ўз қатъиятим, саботим ва ишончим билан кучимни кўрсатаман."
Ўтган 100 кун бу тинч йўл қанчалик кучга эгалигини кўрсатди.
Куч ишлатиш орқали одамларни Лукашенкони яхши кўришга мажбурлаб бўлмайди. У бу курашда енгилаётган кўринади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















