Коронавирус: Ҳиндлар иммунитети шу қадар кучлими? Дунё, Ўзбекистон, Covid-19

Сурат манбаси, AFP
- Author, Соутик Бисвас
- Role, Ҳиндистон бўйича мухбир, Би-би-си
Коронавирус: Ҳиндлар иммунитети шу қадар кучлими? - Ҳиндистон жаҳоннинг коронавирус энг кўп тарқалган иккита давлатидан биттаси бўлади. Аҳолиси энг кўп - бир миллиарддан ошувчи икки мамлакатидан биттаси саналади. Аммо ўлим кўрсаткичи 2 фоизга ҳам етмайди.
Миллионлаб ҳиндлар тоза сувга муҳтож, ногигиеник маҳсулотларни истеъмол қилади, ифлос ҳаводан нафас олади ва аҳоли зид муҳитда яшайди.
Тадқиқотчилар аниқлашича, бу ҳолат ҳиндларни юрак, нафас йўллари сурункали касалликлари, саратон ва диабет каби юқумли бўлмаган касалликларга мойил қилиб қўяди.
Ҳукумат ҳисоботида айтилича, бу касалликлар сонини кескин орттиради. Ҳаво ифлосланишининг ўзи ҳар йили миллионлаб ҳиндистонликларни ўлдиради.
Жаҳон Соғлиқ ташкилоти (ЖСТ) таъкидлашича, тоза сув, рисоладагидек санитария ва гигиеник шароит Ковид-19га қарши курашишда ниҳоятда муҳимдир.
ЖСТ ва БМТнинг Болалар бўйича агентлиги ЮНИСЕФнинг биргаликдаги ўрганишлари шуни кўрсатадики, қарийб уч миллиард одам - жаҳон аҳолисининг тахминан 40 фоизи ва аксариси ривожланаётган давлатлар аҳолиси "бирламчи қўл ювиш воситалари"га эга эмас.
Ана шунинг ўзи коронавирус бу аҳоли ичида тез тарқалиб, Ҳиндистон каби мамлакатлар аҳолиси орасида миллионлаб ўлимга сабаб бўлиши ҳақида хавотир олиш учун етарли.
"Бу мамлакатларда одамларнинг соғлиқни сақлаш хизматидан фойдаланиши, гигиена ва санитария шароити қониқарли эмас ва бу юқумли касалликларнинг кенг тарқалиши омили эканига ишонилади. Ўртадан паст даромадли ва қашшоқ мамлакатларда Ковид-19 фожеали оқибатларга олиб келиши янгилик эмас эди," дейди Ҳиндистон Илмий ва Саноат тадқиқотлари кенгаши бош директори, доктор Шехар Манде.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳиндистонда дунёнинг олтидан бир аҳолиси яшайди ва дунёда қайд этилган Ковид билан касалланиш ҳолатларининг олтидан бири шу мамлакатда. Шундай бўлса-да, вирусдан ўлганларнинг ўндан бири шу юртга тўғри келади. Бу ерда Ковид-19 беморлари орасида ўлим кўрсатгичи 2 фоиздан озроқ бўлиб, дунёдаги энг паст даражалардан биридир.
Энди Ҳиндистон олимлари айтишича, паст гигиена, тоза сув йўқлиги ва носанитар шароит аслида Ковид-19 билан оғир касалланишдан кўпчиликни асраб қолган.
Бошқача айтганда, улар тахмин қиляптики, ўртадан паст ва қашшоқ мамлакатлар аҳолиси болалигидан турли патогенларга йўлиқиб катта бўлгани учун уларда Ковид-19га қаршилик қилувчи анча бардам иммунитет шаклланган ва бу уларни касалликнинг оғир шаклларидан ҳимоя қилмоқда.
Бир мақолада йигирматача параметр - аҳоли зичлиги, демография, касаллик тарқалиши ва санитария сифати бўйича очиқ маълумотлар асосида 106 мамлакат қиёсланган.
Олимлар бой мамлакатларда аҳоли Ковид-9дан кўпроқ ўлаётганини аниқлаган.
"Қашшоқ мамлакатлар аҳолисининг иммунитети бой мамлакатлардагига нисбатан касалликка яхшироқ қаршилик кўрсатмоқда," дейди тадқиқот муаллифларидан бири др. Манде.
Бошқа бир мақолада Ковид-19га чалинганда инсон танасидаги триллионлаб микроблар - микробиом ўйнайдиган ролга эътибор қаратилган. Микробиомга бактериялар, вируслар, замбруғлар ва бир ҳужайрали археалар киради. Улар ҳазмга ёрдам беради, касаллик чақирувчи бактериялардан ҳимоялайди, иммун тизимини йўналтиради ва витамин ишлаб чиқаради.
Ражендра Прасад номидаги Давлат Тиббиёт Коллежидан Правин Кумар ва Бал Чандер 122 давлат, жумладан, 80 та бой ва ўрта даромадли мамлакатлардан олинган маълумотларга диққат қаратади. Уларнинг тахмин қилишича, аҳолиси турли хил микроблар, хусусан, "грам негатив бактерия"га йўлиққан мамлакатларда Ковид-19дан ўлим ҳолатлари анча паст.

Сурат манбаси, Reuters
Бу бактерия одатда кучли пневмония, қон ва сийдик йўллари, тери инфекцияларига сабаб бўлади. Аммо уларнинг ишонишича, бу инфекциялар вирусга қарши, патогенларга қарши курашишга ёрдам берувчи цитокинлар ишлаб чиқарилишига сабаб бўлади, улар эса ҳужайраларни коронавирусдан ҳимоя қилади.
"Ковид-19нинг тарқалиши бўйича шу пайтгача қилинган башоратларда микробиом ва микробларга аввалдан чалиниш сабабли аҳоли иммунитетида пайдо бўладиган фарқлар ҳисобга олинмаган," дейди др. Чандер.
Олимлар бари "гигиена гипотезаси"га бориб тақалади, деб ишонишади.
Бу гипотезанинг моҳияти шуки, яшаш муҳитимиз шунчалик тоза бўлиб кетганидан иммунитетимиз етарлича чиниқтирилмаган, дейди Мэтт Рихтелл. У "Ажойиб мудофаа: Иммун тизими ҳақида фавқулодда янги фан" номли китоб муаллифи. "Умумий ғоя шуки, биз керагидан ортиқ тозаликка эътибор беравериб, иммунитетимизни чиниқишдан маҳрум қилганмиз," дейди у.
Аслини олганда, бу янги ғоя эмас.
Гул чангига бўлган аллергия ҳақида 1989 йили чоп қилинган бир мақолада боланинг гул чангига аллергияси бўлиши эҳтимоли унинг ака опалари сонига боғлиқлиги айтилган эди. Мақолада тахмин қилинишича, "аллергик касалликлар илк болалик чоғида ака опадан ўтадиган инфекция орақали олди олинади ёки бу хусусият тўнғич болаларидан инфекция юқтирган она орқали ҳам ҳомила даврида болага ўтади". Жаҳон Аллергия Ташкилоти эълон қилган ва жаноб Рихтел иқтибос келтирган мақолада миграция тадқиқотлари аллергия ва автоиммун синдроми "одамлар қашшоқ мамлакатдан бой мамлакатга борганида кўпайиши" ёзилган.

Сурат манбаси, Reuters
Дэвисдаги Калифорния университетидан иммунолог Смита Айернинг ишонишича, Ковид-19да "гигиена гипотезаси" "иммунитетнинг вирусга қарши жавоби бўйича тушунчаларимизга зиддир".
"Шундай бўлса ҳам, иммунитетимиз кетма-кет ёки бир вақтда кучли душманларга йўлиқиши мумкинлигини назарда тутсак, иммунитетнинг аввалги қайси патогенга қайтарган жавоби ҳозирги босқинчига ҳам жавоб бўлиш бўлмаслиги моделини ишлаб чиқишимиз мумкин," дейди др. Айер.
Алоқадорлик сабабийликни англатмас экан, бундай тадқиқотлар шунчаки кузатув деб қаралиши керак дейдилар олимлар. "Бундан биз келажак пандемиялар олдини олиш учун гигиенага камроқ эътибор беришни ёқлаётганимиз ҳақида хулоса қилмаслик керак" дейди Др. Манде.
Жанубий Каролина Тиббиёт университетида юқумли касалликлар бўйича профессор Крутика Купаллининг айтишича, янги тадқиқотда илмий исботланмаган бир қанча тахминлар ҳисобга олинган. "Улар илмий фактдан кўра кўпроқ гипотезадир," дейди у.
Шунингдек, эпидемиологлар Ҳиндистон каби мамлакатларда ўлим кўрсатгичи пастлигини аҳолининг ёшлигига боғлайдилар. Кексалар бу касаллик олдида кўпинча ожиз қолади. Бошқа тур коронавирусларга чалинганлик оқибатида шаклланган иммунитет каби бошқа омиллар ҳам бор йўқлиги ҳозирча аниқ эмас.
Ўлим кўрсаткичи пастлиги ортида турли сабаблар бўлиши мумкин. "Пандемияга қадам қўйганимизга энди 10 ой бўляпти, биз ҳали бу вирус ҳақида кўп нарсани ўрганишимиз керак," дейди проф. Купалли. Факт шуки биз билмайдиган кўп нарса бор.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















