Трамп яна судларга арз қилди, муҳим штатларда икки номзод ўртасидаги фарқ қисқармоқда

Сурат манбаси, Edison Reuters / BBC
6 ноябрнинг АҚШнинг шарқий соҳилидаги тонгги соат 6 да Жоржия штатидаги овозларнинг 99 фоизи санаб бўлингани, Жо Байден Доналд Трампдан атиги 1000 тача кўп овоз тўплагани маълум бўлди.
Бу Жоржиядаги овозлар якуний натижага таъсир қилмаслигини англатади.
Сайлов натижасини кутишнинг учинчи кунида Аризона, Шимолий Каролина, Невада ва Пенсилваниядаги овозлар санаб бўлинишига қараб туриш керак бўлади.
АҚШ сайловида ютиш учун сайловчилар коллегиясининг 270 овозини қўлга киритиш талаб қилинади.
Аризона 11 овозга, Шимолий Каролина 15, Невада 6, Пенсилвания 20, Жоржия 16 сайловчи коллегияси овозига эга.
5 ноябрдан 6 ноябрга ўтар тунида АҚШ сайловлари натижаларида сезиларли ўзгариш бўлмади. Мамлакат президенти ким бўлишини ҳал этувчи муҳим штатларда овозларни санаш давом этди.
Айни дамда Президент Доналд Трамп сайловлардаги қаллобликлар борасида қилган иддаоларини яна қайтарди.
Унинг айтишича, агар фақат «қонуний сайлов қоғозлари» ҳисобланса, у ғалаба қозонган бўлади. У Твиттерда сайлов ғолибини АҚШ Олий суди ҳал қилишини талаб қилди. Унинг жамоаси қатор штатларда овозлар саналишидаги ноқонуний амаллар иддаоси ва овозлар саналиши тўхтатилиши талаби билан судга арз қилган.
Твиттер мазкур твит «сайлов ҳақида янглиш» маълумот экани ҳақида огоҳлантиришни чоп қилди.
Ҳозирда саналаётган овозлар ноқонуний эмас, балки қонунга биноан почта орқали сайлов кунидан аввал юборилган овозлардир.
Президент Трампнинг «почта орқали овоз беришда ўта йирик коррупция ва қаллобликлар» бўлгани ҳақидаги даъволарини асословчи далил-исбот йўқ.
Почта орқали олинган овозларни санашдаги кечикишлар ғайриоддий ҳол эмас. Баъзи штатлар, жумладан Пенсилванияда, почта орқали юборилган овозларни фақат сайлов кунида санашни бошлаш кўзда тутилади. Бу йил эса коронавирус пандемияси туфайли бундай овозлар сони одатдагидан кўп.
Почта орқали овозлар саналар экан, Трампнинг Жоржия ва Пенсилвания каби штатлардаги илғорлиги қисқармоқда.
Айни дамда Филаделфия шаҳри полицияси овозлар саналаётган Пенсилвания анжуманлар марказига қарши тайёрланган эҳтимолий ҳужумни ўрганмоқда.
ABC News хабар қилишича, бир гуруҳ одамлар, балки бир оила, ҳужумни амалга ошириш учун Ҳаммер машинасида Виржиния штатидан сафар қилган.
5 ноябрь
Янги АҚШ президенти тақдири тўрт штатда ҳал бўлмоқда - америкаликлар қўрқувда: ноаниқлик чўзилса, норозилик хавфи янада кучайишидан хавотирлар бор.
Трамп жамлоғи айтганини қилди, судга мурожаат қилди.
Улар Пенсильвания, Висконсин, Жоржиа ва Мичиганда овозларни санаш жараёнини тўхтатишга эришишмоқчи.
Қатор шаҳарларда одамлар кўчаларга чиқишди.
Бирлари овозларни санашда давом этиш, бошқалари эса, буни бас қилишни талаб қилишди.
Дональд Трамп исбот-далилсиз, сохтакорликлар ҳақида сўз юритди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Сайловдан икки кун ўтиб ҳам, қай бир номзод янги АҚШ президенти бўлиши маълум эмас.
Ҳозирга келиб, демократчи Жо Байден ўз имкониятларини бироз яхшилаб олди.
У қатор муҳим штатларда олдинда бормоқда.
Аммо, шу билан бирга, республикачи номзод Дональд Трамп мағлубияти ҳақида гапиришга ҳам ҳали эрта.
Пенсильвания, Жоржиа, Аризона ва Невадада ҳамон овозлар саналмоқда.
Айнан шу тўртта муҳим штатдаги натижалар янги АҚШ президенти тақдирини ҳал қилиши мумкин.
Прогнозларга кўра, Жой Байден ҳозир жаъми 243 та овоз йиққан. Дональд Трамп қўлга киритган овозлар сони эса, жорий пайтда 214 тани ташкил этиб турибди.
Сайловда ғалаба қозониш учун улардан бирининг 270 та овозга эга бўлиши тақозо этилади.
Статистикага таянилса, Жо Байден учун рекорд сонда - қарийб 71.6 миллион киши овоз берган.
Бунақаси бирор бир АҚШ президентлиги мисолида кузатилмаган.
Экспертлар бунинг сабабини сайловчиларнинг бир асрдан ортиқроқ вақт давомида кузатилмаган фаоллиги билан изоҳлашмоқда.
Уларга бунга яна тинимсиз ўзгариб турган демографик ҳолат ҳам сабаб бўлган, дейишмоқда.

Сурат манбаси, Reuters/EPA
Аммо республикачилар Сенатда катта кўпчиликни сақлаб қолишди.
Демократларнинг тўртта ўринни қўлга киритиш режалари амалга ошмади.
Лекин Вакиллар палатаси демократлар назорати остида қолди.
Ғолиб чиққан номзоднинг энди дарз кетган Конгресс билан ишлашига тўғри келади.
Аммо бу янгилик ҳисса бозорларига ижобий таъсир қилди.
Чунки сайловда ғалаба қозонган тақдирда, Жо Байден Уолл-стрит тартиб-қоидаларига дахл қила олмайди.

Сурат манбаси, Reuters
Ўтган тунда Орегон, Миннеаполис ва Аризонада турли кўринишдаги тартибсизликлар кузатилган.
Орегонда Трамп мухолифлари Портланд марказидаги дўконлар ойналарини уриб, синдиришган.
Чикаго, Филадельфия ва Нью-Йоркда тинч акциялар бўлиб ўтган.
Кеча, чоршанба куни Трампнинг 200 га яқин тарафдорлари Аризонанинг Тусон шаҳридаги сайлов комиссияси идорасига келишган.
Улардан айримларининг қўлларида қуроллари бўлгани ҳам айтилмоқда.
Бундан аввал шаҳарда овозларни санаш жараёни тўхтатиб қўйилганига аввал миш-мишлар тарқалган бўлган.
Мичиганда эса, аксарияти республикачи бўлган 30 га яқин одам беҳудага овозлар саналаётган бинога киришга ҳаракат қилишган.
Бу штатда овозлар сохталаштирилганига оид ассосиз даъволар тарқалгани кузатилган.
Жорий ҳафтада бутун Штатлар бўйлаб турли сиёсий кучларнинг 100 га яқин митинглари режаланган.
Махсус хизматлар эса, ҳали анча аввал огоҳлик билан чиқишган.
Агар, сайлов натижаси билан боғлиқ ноаниқлик узоққа чўзилса, норозиликлар кучайиши эҳтимоли билан огоҳлантиришган.
Аммо, уларга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеаларнинг бу каби ривожига тўлиқ тайёрлар.

Сурат манбаси, Reuters
Тиғ устида: Янги АҚШ президенти ким бўлади - Трамп ёки Байден? Mуҳим штатлардаги сўнгги ҳолатни Пенсильваниядан асли ўзбекистонлик социолог Баҳодир Файз кузатган.

Сурат манбаси, facebook
Баҳодир Файз, социолог
Ўзбекистон-АҚШ(Пенсильвания)
Нью-Йорк вақти билан кечки соат 21:00 да ҳам АҚШ бўлғуси президентининг ким бўлиши номаълумлигича қолмоқда.
Тўртта муҳим штат - Пенсильвания, Жоржиа, Невада ва Аризонада почта орқали берилган овозларни санаш жараёни ҳали-ҳануз давом этмоқда, тугамади.
Худди шу боис ҳам, айни шу дамлардаги натижаларга қараб, ҳатто, сайлов ғолибини тахмин қилиш мушкул.
Жорий пайтда демократчи номзод Жо Байден нисбатан жуда оз фарқ билан Аризона ва Невадада олдинда бормоқда.
Агар, у ана шу икки штат ғолиби, деб эълон қилинса, лозим бўлган 270 делегат овозига эга бўлади. АҚШ президентлигини қўлга киритади.

Сурат манбаси, Getty Images
Тўртта муҳим штатдан бири бўлган Пенсильванияда эса, шу пайтга қадар сайловда берилган овозларнинг 88 фоизи очилган.
Бу штат ҳам, таъбир жоиз, Байденга ўтадиган бўлса, бу демократчи номзоднинг мавқеини янада мустаҳкамлайди.
Чунки Байден ғолибликни учма-уч қозонган ва унга тарафдор штатлар - Мичиган ва Висконсинни Трамп ва унинг адвокатлари тарафидан маҳкамага берилиши кутилмоқда.
Бугуннинг энг муҳим янгилиги ҳам худди ана шу икки муҳим штатда овозларнинг санаб бўлингани бўлди.
Жо Байден сўнгги, 2016 йилги сайловда республикачилар қўлига ўтган бу штатларни қайта олишга эришди.

Сурат манбаси, Reuters
Невада штатида эса, овозларни санаш эртагача тўхтатилди. Жараён эртадан яна қайта бошланиши айтилди.
Агар Невада ҳам Жой Байденда қолса, катта эҳтимол билан у президент бўлади.
Жоржиада ҳам Байден Трампга яқинлашай, деб турибди, орадаги фарқ бир фоиз.
Аммо сайлов қутиларининг 95 фоизи очилган ва ҳозирча Жоржиада Трамп олдинда.
Бу сайловда почта орқали берилган овозларнинг 70-75 фоизи демократларники, деб кўрилади.
Худди шу боис ҳам, кун аввалидан сўнгги дақиқаларда демократларнинг олдинга ўтиб кетишлари кузатилаяпти.
Демократлар асосан шаҳарларда яшовчи, олий маълумотли қатлам саналишади.
Ковид хавфи боис, уларнинг аксари ўз овозларини тўғридан-тўғри эмас, асосан почта орқали беришни афзал билишган.
Янги АҚШ президентининг тақдири кечи билан жума - 6 ноябрь куни аниқ бўлса керак.
4 ноябр 2020
Янги президент аниқ бўлдими - АҚШ сайлови

Сурат манбаси, Reuters/EPA
Баҳодир Файз, социолог
Ўзбекистон-АҚШ(Пенсильвания)
Америка Қўшма Штатларида президентлик учун кураш ҳамон давом этмоқда - овозлар ҳали-ҳануз санаб бўлинмаган.
Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп Жорж Бушнинг 1992 йилги мағлубиятини такрорламаслик, яна бир бор сайланиш учун кураш олиб бормоқда.
Унинг демократчи рақиби ва собиқ вице-президент Жой Байден эса, Оқ уйга қайтишни мақсад қилган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Сайловолди сўров натижаларига қараб, ҳозирча қай бир номзод ғолиб экани борасида қатъий бир хулосага келиш қийин.
Жо Байден демократлар учун муҳим бўлган штатларда рақибига нисбатан олдинда бораётгани кўрилади.
Аммо овозлар саналишда давом этаркан, натижалар Дональд Трампнинг қайта сайланиш эҳтимоли кўпроқ эканига далолат қилмоқда.
Ҳали ҳамма овозлар санаб бўлинмаган бир манзарада амалдаги президент Дональд Трампнинг ғолиблик даъвоси билан чиқиши сайловни кузатиб бораётган маҳаллий медиа ва оддий америкаликларнинг эътиборидан четда қолмади.
Уларнинг норозиликларига ҳам сабаб бўлиб улгурди.
Жумладан, Пенсильвания губернатори буни "штатидаги сайловлар, берилган овозлар ва демократияларига қилинган ҳужум", - дея таърифлади. "Ҳали саналмаган бир миллион овоз борлиги"ни айтди.

Сурат манбаси, Reuters/EPA
Янги президент тақдирини ҳал қилувчи уч штат - Пенсильвания, Висконсин ва Мичиган учун кураш ҳали тинмаган, у ердаги овозлар ҳануз тўлиқ санаб бўлинмаган бир манзарада янграган бу баёнот Америка демократиясига берилган "жиддий зарба" сифатида баҳоланмоқда.
Аввалроқ Жо Байден камералар қаршисида кўриниш берди, ўз тарафдорларини шошмасликка чақиргандек бўлди.
Байдендан кейин Оқ уйда баёнот берган Дональд Трамп рақибининг нутқини тинглагани, аммо ўзининг "катта овоз фарқи билан олдинда экани"ни айтди.
Пенсильвания штати губернатори Трампнинг бу баёнотини ҳам беэътибор қолдирмади.
"Очиқ айтайлик: Бу Пенсильваниядаги сайлов, бизнинг овозларимиз ва демократиямизга қарши ҳужум. Бизнинг туманларимиз овозларни иложи борича тезроқ ва аниқроқ ҳисоблаш учун тиним билмай ишламоқда. Биз Пенсильванияда президент сайловини адолатли ўтказамиз ва ҳар бир овозни ҳисоблаймиз", - деди.
Учта муҳим штатдан биттаси сифатида кўрилувчи Пенсильванияда ҳали ҳам овозларнинг 20 фоизга яқини саналмаган. Бу ҳам сайлов натижаларининг кечикишига сабаб бўлмай қолмайди.

Сурат манбаси, EPA
Овозларни санаш жараёни давом этаркан, умумиятла кичик фарқ билан Жо Байден олдинда экандек кўринмоқда.
Илк соатларда Трампнинг етакчилик қилиши кутилган Мичиганда Жо Байденнинг қўли баланд келди.
Шунингдек, ҳозирча Невада ва Висконсинда ҳам олдинда бўлган Байден, агар натижалар ўзгармаса, бу муҳим курашда 270 делегатга эга бўлиб, кўпчилик овозни қўлга киритиши мумкин.
Аммо бундай ўта рақобатли, овозлар деярли бир-бирига яқин якунланадиган сайловда хавотирлар ҳам ўринли равишда кучайиб бормоқда.
Трамп аввалдан почта орқали овоз бериш ва овозларнинг сайлов қутилари ёпилганидан кейин ҳам саналишига қарши бўлган. Унинг ҳозирги агрессив чақириқлари жиддий ташвишларга сабаб бўлмай қолмаётир.
Амалдаги президент мағлубиятга учраса, сайлов натижаларини тан олмаслиги ва Олий судга мурожаат қилиши мумкинлиги ҳақидаги чиқишлари ҳам хавотирларни пайдо қилган.
Бундан ташқари, Трамп мағлубиятидан норози тарафдорларининг ҳам жунбушга келиш эҳтимоли йўқ эмас.
Аммо, айни пайтда, бу каби норозиликларнинг олдини олиш учун Американинг ҳар бир штатида ҳарбийлар ва хавфсизлик кучлари томонидан эҳтиёт чоралари кўриб бўлинган.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳамма қўрққан сценарий ёки буёғи нима бўлади? - АҚШ да президент сайлови тугади. Аммо натижаси ҳозирча ноаён. Аксарият штатларда овозлар ҳануз саналмоқда. Жорий пайтда Жо Байден сал илғорлик қилмоқда. Аммо Трамп аллақачон ўз ғалабасини эълон қилиб бўлди. Бу нима дегани?
Энтони Зуркер
Би-би-си мухбири
"Дональд Трамп сўнгги ҳафталарда агар сайлов натижалари тенг чиқса, демократларни овоз бериш жараёнида фирибгарлик ва ўзидан ғалабани ўғирлаш уринишида айблаши мумкинлигини англатиб келаётганди.
Чоршанба куни тонгда у худди шу нарсани қилди.
Бу эса, барча қўрққан сценарий эди.
Амалдаги АҚШ президенти овозларни санаш жараёнини таҳдид остида қолдирди.
Бу жараён муддатидан илгари ёки почта орқали овоз бериш ҳозиргидек оммабоп бўлмаган йилларда ҳам сайловдан кейин бир неча кунга чўзилган.
Дональд Трампнинг баёнотидан кейин вице-президенти Майк Пенс унинг сўзларини юмшатишга уринди.
Овозларни санаш жараёни ниҳоясига етмагунча, ғолиб чиққанликларини эълон қилишдан бош тортди.
Бу сиёсий ноаниқлик даврида Америка раҳбарининг кутилган хатти-ҳаракатларига кўпроқ мос келади.
Аммо зиён етказиб бўлинди.
Ғолиб чиқиш-чиқмаслигидан қатъиназар, Трамп бу сайловларга соя ташлаб бўлди.
Бу эса, АҚШ демократиясининг бутун механизмини савол остига қўяди".
Демократлар эса, Трампнинг Олий судга даъво аризаси билан овозларни санаш жараёнини тўхтатиб қўйиш ҳақидаги таҳдидларини бежавоб қолдиришмади.

Сурат манбаси, Reuters
Жавоб
Байден тарафдорлари республикачи номзод ва амалдаги президентни авторитарликда айблашди, уни Америка демократиясига таҳдид, деб аташди.
"Президентнинг овозларни санаш жараёнини тўхтатишга уриниш ҳақидаги бугунги баёноти ғазабга молик, мисли кўрилмаган ва нотўғри. Бизнинг адвокатларимиз бунга қарши туришга тайёр ва биз ғалаба қозонамиз", - дея Трампга сиртдан жавоб қайтарди Байденнинг штаб-квартираси.
Уларга кўра, "Барча бюллетенлар қайта кўриб чиқилмагунча, овозларни санаш жараёни тўхтамайди".
Энди нима бўлади?

Сурат манбаси, AFP
Янги АҚШ президенти ким бўлиши саволига жавоб бизда ҳалича йўқ.
Аммо эҳтимолий вариантлар қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин:
1. Биз сайловда ким ғолиб чиққанини келаси бир неча кун ичида билиб олишимиз мумкин. Бу энг ҳақиқатга яқин сценарий. Чунки асосий кураш Мичиган, Висконсин ва Пенсильваниядаги почта орқали берилган, аммо ҳалича саналмаган овозларга кўчди.
2. Жараёнга юристлар аралашиши мумкин. Чунки Дональд Трамп Олий судга мурожаат қилиш билан таҳдид қилди. Бу каби ҳолатда жараён бир неча ҳафтага чўзилиши мумкин.
3. Ноаниқлик тартибсизликларга етаклаши мумкин. Мавҳумлик эса, албатта мавжуд. Kўплаб америкаликлар ҳам бу ҳақда ўз ташвишларини билдиришган. Аммо жиддий нотинчлик бўлиши-бўлмаслиги ҳақида гапиришга ҳали эрта.
АҚШ ичкарисидан назар
Янгиланмоқда, ким олдинда бормоқда?- Трамп ёки Байден? АҚШ сайлови ва ўзбекистонликлар, видео, O'zbekiston, Mirziyoyev, AQSH, Rossiya, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Ким олдинда бормоқда - Трамп ёки Байден? Нью-Йорк вақти билан соат кечки 20:00 ни кўрсатиши билан шарқий штатларнинг кўпчилигида сайлов якунланиб, илк натижалар кела бошлади, демоқда Америка Қўшма Штатларидан асли ўзбекистонлик социолог Баҳодир Файз.
Баҳодир Файз, социолог
Ўзбекистон-АҚШ(Пенсильвания)

Сурат манбаси, facebook
Американинг бўлғуси ва 46-президентига овоз бериш жараёни маҳаллий вақт билан 3 ноябрь куни эрта тонгдан бошланди.
Сайлов қутилари ёпилгунига қадар икки номзод - АҚШ собиқ вице-президенти, демократчи Жо Байден ва амалдаги президент, республикачи Дональд Трамп орасидаги кураш кескин кечди.
Бу галгиси Қўшма Штатлар тарихидаги энг рақобатбардош сайловлардан бири сифатида баҳо топиб бўлган.
Глобал коронавирус пандемияси боис, бу йил овоз бериш жараёни муддатидан олдин ва асосан почта орқали амалга оширилди.

Сурат манбаси, EPA
Эрта овоз бериш жараёнида эса, сайловчиларнинг 100 миллиондан ортиғи овоз бериб бўлишди.
35 миллиондан зиёд сайловчи сайлов бюллетенларини тўғридан-тўғри сайлов шохобчаларига топширишган бўлишса, почта орқали берилган овозлар сони 65 миллионга яқинлашди.
Ҳар бир штатда овоз бериш тартиб-қоидалари турлича бўлса, бугун почта орқали овоз бермаган америкаликлар сайлов участкаларига боришди.
Америка бўйлаб ўтказилган "экзит-пол" дастлабки натижаларига кўра, мамлакат иқтисоди сайловчилар учун энг муҳим омиллардан бўлган.
АҚШ иқтисоди яхши ривожланаяптими, деган саволга уларнинг фикрлари иккига бўлинган.
Аммо "экзит-пол" иштирокчиларининг ярмидан кўпи молиявий қийинчиликларга глобал коронавирус пандемияси сабаб бўлганини таъкидлашган.
Овоз беришлар

Сурат манбаси, Getty Images
Биринчи бўлиб овоз бериш жараёни АҚШ нинг Кентукки ва Индиана штатларида якунланди.
Ўтган сайловларда бу икки штатда ҳам Республикачиларнинг қўллари баланд келган.
Навбати билан Американинг бошқа шарқий штатлари - Нью Ҳэмпшир, Виржиния, Жанубий Каролина, Шимолий Каролина, Мичиган, Жоржиа, Вермонт ва Флоридада ҳам сайлов қутилари ёпилиб, илк натижалар кела бошлади.
Дастлабки натижаларга қараб, номзодларнинг қай бири ғалаба қозонишини тахмин қилиш жуда мушкул, албатта.
Айниқса, бу сайловларда почта орқали берилган овозлар ва уларни санаш жараёни натижаларни олишни янада кечиктиради.

Сурат манбаси, Getty Images
Юқоридаги штатларнинг барчасида номзодлар ўртасидаги фарқ бир-бирига жуда яқин.
Бироқ янги президент ким бўлишини сайлов оқшоми куни кеч соатларда келаётган натижалар ва сўнгги, 2016 йилги сайлов натижаларига қиёслаш билан тахмин қилишга ҳаракат қилинади.
Нью-Йорк вақти билан соат кечки 20:00 ни кўрсатиши билан шарқий штатларнинг кўпчилигида сайлов якунланиб, илк натижалар бўй кўрсата бошлади.
Кутилганидак, бу сайловда энг муҳим аҳамиятга эга, сайлов ғолибини аниқлаб берувчи Пенсильвания, Мичиган, Висконсин ва Оҳайо штатларидан ҳам Байден ва демократлар учун яхши хабарлар олинмоқда.
Бу штатлардан олинаётган дастлабки натижаларга кўра, демократлар номзоди Жо Байден амалдаги президент Дональд Трампга қараганда анча устун мавқеъга эга.
Сўнгги натижаларга кўра, Пенсильвания ва Оҳайо штатларида Трамп олдинга ўтиб кетди. Бу, албатта, таъбир жоиз, Байденнинг ишини анча қийинлаштиради.
Висконсин ва Мичиган штатларида ҳам Трaмп илғорлик қилмоқда, лекин ҳали кўп сайлов қутилари очилмаган.
Шу соатларда ғолиб қай бир номзод эканини айтиш имконсиз.
Оҳайо, Техас ва Флоридада алал-оқибат Трампнинг қўли баланд келди.
Аммо умумий ҳисоблар бўйича(220-213) ҳозирча Байден олдинда бормоқда.
Демократчи номзод бироз аввал чиқиш қилди, ғалаба сари йўлда эканини айтди.
Сайлов шохобчалари ёпилди.
Янги АҚШ президенти тақдирини ҳал қилувчи уч штат - Пенсильвания, Висконсин ва Мичиган кимни маъқул кўргани ҳозирча маълум эмас.
Бу штатлардаги сайлов натижаларининг тез орада имконли бўлмаслиги айтилмоқда.
Менимча, сайловда қай бир номзод ютишини бу яқин соатларда била олмасак керак.
АҚШ президент сайлови

Сурат манбаси, Getty Images
Сайловчилар томонидан сайланадиган "Electorate College", яъни президент ва вице-президентни сайловчи штат делегатлари декабрь ойида президент ва унинг ўринбосарини сайлашади.
Агар бирон бир номзод сайловда ғолиб бўлиш учун зарур бўлган камида 270 сайлов делегатининг овозини ололмаса, АҚШ Вакиллар Палатаси учта номзод орасидан энг кўп овоз олган номзодни, АҚШ Сенати эса қолган икки номзод орасидан вице-президентни танлайди.
Сайловлар Вакиллар Палатаси, Сенат ва турли маҳаллий сайловлар билан бир вақтда ўтказилади.
Бу президентлик сайловлари нафақат Америка халқи учун, балки бутун дунёда муҳим аҳамиятга эга, дунёдаги сиёсий жараёнларни ўзгартирувчи муҳим омил ҳисобланади.
АҚШ сайлови: Пенсильвания, ўзбекистонликлар кимни танлайди - АҚШ ва Ўзбекистон

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ сайлови: Пенсильвания, ўзбекистонликлар кимни танлайди - йигирма мингга яқин ўзбекистонлик яшовчи Пенсильвания янги АҚШ президенти тақдирини ҳал қилувчи, унга президентлик курсисини кафолатловчи саноқли штатлардан биттаси бўлади. АҚШ президент сайлови тугашига саноқли соатлар қолди. Пенсильваниядаги ўзбекистонликлар нима дейди?
Баҳодир Файз, социолог
Ўзбекистон-АҚШ(Пенсильвания)

Сурат манбаси, facebook
"Бугун 3 ноябрь куни АҚШ президенти ва Конгресси учун овоз бериш жараёни якунланади.
Икки номзод - Дональд Трамп ва Жо Байден сайловолди кампанияларининг сўнгги икки кунини янги АҚШ президенти тақдирини ҳал қилувчи учта энг муҳим штат - Пенсильвания, Мичиган ва Висконсинда ўтказишди.
Бу штатларнинг сайлов жараёни учун аҳамияти шундаки, уларда ким ғалаба қозонишини олдиндан тахмин, башорат қилиш мушкул бўлиб келган.
Уларда баъзан демократлар, баъзида эса республикачиларнинг қўллари баланд бўлган.
Сўнгги, 2016 йилги АҚШ президентлиги сайловида Дональд Трамп ва Ҳиллари Клинтон қўлга киритган овозлар ўртасидаги фарқ жуда ҳам оз бўлган.
Бу галги икки номзоднинг сўнгги саъй-ҳаракатлари ҳам ана шу муҳим штатлардаги 2-3 фоизни ташкил этувчи қарорсизларнинг овозини олишга қаратилган.
Айнан 2016 йилги сайловда Дональд Трамп Пенсильвания штатида сайловчиларнинг кўпроқ овозларини олган ва бу унинг президентлик курсисига ўтиришини таъминлаган эди.
Тошкент: Ўзбекистон учун ким яхши - Трамп ёки Байден? Таҳлил, O'zbekiston, Mirziyoyev, AQSH, Rossiya, dunyo, yangiliklar
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 3
Аммо бу йилги сайловларнинг олдингисидан анча фарқли бўлиши кутилмоқда.
Сайловдан бир неча кун олдин ўтказилган сўров натижалари бунга далолат қилади.
Улар бу гал мазкур штатлар, жумладан, Пенсильванияда демократчи номзод Жо Байденнинг амалдаги президент ва республикачи номзод Дональд Трампдан 5-6 фоизга олдинда эканлигини кўрсатмоқда.
Пенсильваниянинг муҳимлиги шундаки, агар, бу штатда ғалаба қозонгудак бўлса, Жо Байден келаси тўрт йилга ўзига АҚШ президентлиги курсисини кафолатлай олади.
Пенсильваниянинг этник рангбаранг, турли иқтисодий-ижтимоий қатламларига бой бўлган йирик метропол шаҳарлари - Питтсбург, Филадельфия ва Ҳаррисбург сиёсий жиҳатдан демократларнинг қалъаси ҳисобланади.
Лекин штатнинг нисбатан бир хиллик кучли бўлган чекка туман ва қишлоқлари аҳолиси кўпроқ республикачи номзодларни дастаклаб келган.

Сурат манбаси, Reuters
Охирги йилларда демократларнинг иқтисодий масалаларда глобал тижорат, атроф- муҳит, иқлим ўзгаришининг олдини олишга қаратилган дастурлари Пенсильваниядаги оғир саноатда банд ишчиларни кўпроқ бу соҳаларда иш ўринлари яратишга ваъда берган Трамп томонига оғишларига сабаб бўлди.
Бироқ, ҳозирга келиб, кўпчилик сайловчилар назарида, Американинг Трампни президентликка олиб келган иқтисодий, ижтимоий ва маданий асосдаги ички муаммолари ҳалигача ўз ечимини топмаган.
Пандемия сабаб бўлган иқтисодий инқироз натижасида янада чуқурлашган даромадлар тенгсизлиги ва Трампнинг халқбоз сиёсати келтириб чиқарган ижтимоий қутблашманинг олдини олиш бўйича кенг қамровли сиёсат ишлаб чиқилмаса, 2024 йилги сайловларда Трампга қараганда кучлироқ номзод билан трампизмнинг қайтиши эҳтимоли ҳам демократ ва оддий қарорсиз сайловчиларни хавотирларига сабаб бўлмоқда.

Сурат манбаси, Reuters
Бу галги сайловлардаги яна бир муҳим жиҳат, сайловда иштирок этиш даражаси паст бўлган (50-55% оралиғида) АҚШда эрта овоз бериш бу йил рекорд даражада десак бўлади.
Пандемия туфайли жорий сайловда истаган сайловчилар учун почта орқали овоз бериш йўлга қўйилган.
Почта орқали овоз бериш тадбири асосан пандемия шароитида хавфсизлик юзасидан Америка тарихида энг катта кўламда қўлланилмоқда.
Бугунга келиб сайловчиларнинг деярли 70 фоизи почта ва эрта овоз бериш орқали ўз танловларини қилиб бўлишган.
Фақат почта орқали овозларни саралаш ва ҳисоблаш кўпроқ вақт талаб қилиши сабабли, агар номзодлардан бири катта фарқ билан сайловчиларнинг овозини ололмаса, сайловнинг якуний натижаси бир неча ҳафтага кечикиши мумкин.

Сурат манбаси, AFP
Ҳозирда Американинг барча штатларида бўлгани каби, Пенсильванияда ҳам минглаб ўзбекистонлик ватандошларимиз яшаб, ишлаб, таҳсил олиб келишади.
Агар, тахминий ҳисоб-китобларга таянилса, Пенсильваниянинг биргина икки йирик шаҳри бўлган Филадельфия ва Питтсбургнинг ўзида ўзбекистонликлар сони қарийб йигирма мингга етади.
Албатта бу ҳамюртларимиз орасида бундан аввал бўлиб ўтган уч сайловга нисбатан Америка фуқаролигини олган, сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган ватандошларимиз талайгина.
Кўп йиллардан бери Қўшма Штатларда яшаб келаётган кўплаб ўзбекистонликларнинг бу мамлакат фуқаролигини олаётганликларининг асосий сабаблардан бири эса, уларнинг Америка сиёсатидаги ўзгаришларга бефарқ эмасликларида, деб ўйлайман.
Президент Трампнинг миграция сиёсатидаги популизм, мамлакатга келаётган муҳожирлар сонини чекловчи мавқеи, диний-маданий озчиликларга бўлган салбий муносабати ҳам ватандошларимиз орасида эҳтиёткорликка, баъзан хавотирларга сабаб бўлмоқда.
Бу хавотирлар эса, албаттаки, сиёсий танловда ўз натижасини кўрсатаяпти, ватандошларимизнинг АҚШ президент сайловларида янада фаол иштирокларига сабаб бўлмоқда.

Сурат манбаси, official
Қолаверса, пандемия шароитида ишсизликнинг ортиши, турмуш шароитидаги қийинчиликлар ҳам ватандошларимизнинг асосий ташвишларидан бири ҳисобланади.
Кам таъминланган, ишини йўқотган оилаларга ижтимоий-моддий имтиёзлар ва бу ёрдам ҳажми ҳам ҳамюртларимиз эътиборида.
Ўз кузатишларим ва ватандошларимиз билан ўзаро суҳбатларимиздан келиб чиқиб шуни айтишим мумкинки, ҳозир юртдошларимиз орасида Трамп сайловчиларини ҳам, қарорсизларни ҳам учратаяпмиз.
Сиёсий-ижтимоий мавзуларга ҳушёр бўлган, ирқий камситишлар ва аксилмуҳожир дастурлардан хавотир олаётган, диний-миллий қадриятлар, эркинликларга боғлиқ ўзбекистонликлар демократ Байденга овоз бермоқчи бўлишса, иқтисодий ташвишлар қайғусида юрган ҳамюртларимиз кўпроқ Трампни танлаганлар.
Барча америкаликлар қатори биз ўзбекистонликларнинг ҳам, келажак президент ким бўлишидан қатъиназар, биринчи навбатда давлатдан, бўлғуси президентдан умидлари - Ковид пандемиясига қарши курашда самарали чоралар кўриши, айни вақтда, иқтисодни жонлантириш ва Американинг энг муҳим қадриятларидан бири бўлган имконлар тенглигини таъминлаш, деб ўйлайман".

Сурат манбаси, facebook
Би-би-си: Америка Қўшма Штатлари жорий пайтда дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар яшаб, ўқиб, ишлаб келаётган тўртта давлатидан биттаси бўлади.
Айрим ҳисоб-китобларга кўра, ўзбекистонликлари дохил Америкадаги ўзбекларнинг тахминий сони ҳозир деярли уч юз минг кишига етай, деб қолган.
Улардан аксариятини эса, Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.
Америкада яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида етакчи олимлар, ишбилармонлар, турли халқаро ва жамоат ташкилотлар вакиллари мақомида бўлганлари, нуфузли университетларида таҳсил олаётганлари озмунча эмаслиги айтилади.
Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" тадқиқот марказининг сўнгги сўровларидан бири Америкага кетиш истагида бўлган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётганига далолат қилган.
Бугун хорижда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликлар сони миллионларга нисбат берилади.
Бу каби ҳолат Марказий Осиёнинг қолган бирор бир давлати мисолида кўрилмайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















