“Жуда ажойиб” - Қозоғистон Боратнинг битта гапига барибир тан берди, олди - Қозоғистон ва Борат, Qozog'iston, O'zbekiston, Borat, yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
"Жуда ажойиб" - Қозоғистон Боратнинг битта гапига барибир тан берди, олди - Борат аввалига Қозоғистоннинг ғазабини тоширган, фильмни расман тақиқлашгача борганди. Энди-чи, нима ўзгарди?
Қозоғистон туризм кенгаши "Борат" фильмидан олинган машҳур ибора - "Жуда ажойиб"ни янги реклама кампаниясида қўллашга қарор қилган.
Бу ибора фильм қаҳрамони, Қозоғистонлик тўқима журналист томонидан айтилган.
Илк "Борат" фильми Қозоғистонда норозиликларга сабаб бўлган, мамлакат расмийлари фильм ижодкори Саша Барон Коҳенни судга бериш ҳақида таҳдид ҳам қилган эди.
Аммо Қозоғистоннинг туризм кенгаши энди "Борат"ни маркетинг воситаси сифатида қабул қилди, хусусан, иккинчи "Борат" фильми эндигина чиққан пайтда.
Кенгаш мамлакат манзараси ва маданиятини намойиш қиладиган бир нечта қисқа реклама роликларини чиқарди. Видеода чиққан одамлар Боратнинг машҳур ибораси "Жуда ажойиб"ни такрорлашади.
"Қозоғистон табиати жуда ажойиб. Унинг таомлари ҳам жуда ажойиб. Унинг халқи ҳам, Боратнинг тескари маънодаги ҳазилларига қарамай, дунёдаги жуда ажойиб халқлардан бири," дейди Кайрат Садвакассов, "Kazakh Tourism" раиси ўринбосари, баёнотда.
Америкалик Деннис Кин ва унинг дўсти Ермек Утемиссов Туризм кенгашини шу иборадан фойдаланишга кўндирган. "New York Times"га кўра, улар ғояни таклиф қилган ва реклама роликларини суратга олган.

Сурат манбаси, Getty Images
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари роликлар ҳақида ижобий муносабат билдирган, аксарияти рекламалар фильмдан наф кўриши ва ижобий маънода маълумот бериши мумкин, деб ёзмоқда.
Бир фойдаланувчи "яхши ишлашибди. Комик актёрнинг оммалашган ишини олиб, уни ижобий томонга ўзгартириб бериш, бу жуда яхши йўл", деб ёзди.
Иккинчи "Борат" фильмига муносабатлар турлича бўлди. Қозоқ Америка Ассоциацияси фильмни "ирқчилик, маданий ўзлаштириш ва ксенофобия"ни тарғиб қилишда айблаган.
Фильмни тарқатиш ҳуқуқини олган "Amazon"га йўлланган хатда гуруҳ "Нима учун бизнинг кичик халқимиз оммавий кулгига олиниши керак?" деб ёзган.
Фильм трейлери эълон қилингач, фильмни намойиш қилмасликни талаб қилиб ёзилган онлайн петицияга 100000 дан ортиқ қозоғистонлик имзо чеккан.
"Улар Қозоғистонни, қозоқ халқи шаънини камситмоқда, ҳақорат қилмоқда," деб ёзилади петицияда.
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари фильмни "аҳмоқона америкача комедия" деб атаган.
Биринчи "Борат" фильми 2006 йили чиққанда, мамлакат расмийлари фильмни, унинг DVDларга чиқишини тақиқлаган, у жойланган сайтларни блоклаган эди.
Расмийларга кўра, фильм Қозоғистонни ирқчи, сексист ва ибтидоий маданият сифатида кўрсатган.
Фильмда Борат инцест ва зўрлаш ҳақида мақтаниб гапиради. У, шунингдек, бу собиқ совет халқи дунёдаги энг тоза фоҳишалар деб ҳазил қилади.
Фильм Руминияда ҳам норозиликларни уйғотган эди, бутун бир қишлоқ "ўзини ҳақоратланган" ҳис қилганини айтган.
Ўша қишлоқ Борат уйи учун фон сифатида ишлатилган. Қишлоқ аҳлининг айтишича, уларга ҳужжатли фильм олинаётгани ҳақида айтишган, аммо уларни қолоқ ва жиноятчи қилиб кўрсатилган.
Йиллар ўтиб, Қозоғистон ҳукумати Саша Барон Коҳенга мамлакат туризмига ёрдам бергани учун раҳмат айтди.
2012 йилда, ўша вақтдаги Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ержан Казиханов, мамлакатга "туристларни жалб қилишга ёрдам бергани" учун Боратдан "миннатдор" эканини айтганди. Бу мамлакатга туристик виза учун ариза берадиганлар сони 10 марта ошганини қўшимча қилган эди у.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













