Қирғизистон: Tашқи қарзни оддий халқ, одамлар тўлаши керакми? - Qirg’iziston, O’zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
- Author, Шоҳруҳ Соипов,
- Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
Қирғизистон: Tашқи қарзни оддий халқ, одамлар тўлаши керакми? - Қирғизистонда яна аҳолидан пул йиғиб, давлатнинг ташқи қарзини тўлашда кўмак беришлари сўралди. Ҳозирга келиб, Қирғизистоннинг ташқи қарзи мамлакат учун мисли кўрилмаган миқдорга етгани айтилади. Одамлар нима дейишмоқда?
Сўнгги даъват билан яқинда Қирғизистон парламенти депутати чиққан.

Сурат манбаси, official
Депутат Айнура Алтибаева Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида худди шу мақсадда "Келажак учун" номли махсус кампанияга қўл уриш, халқдан маблағ тўплаш учун банк ҳисоб рақамини очиш режасида эканини маълум қилган.
"Маблағлар бўйича ҳисобот дарҳол веб сайтда эълон қилинади. Ташкилий қўмита олдида турган асосий вазифа - барча процедураларни шаффоф қилишдир. Масалан, ким агар олтин ёки кумушини беришни хоҳласа, уни "Қирғизолтин" ширкати орқали амалга ошириши мумкин. Мен ҳам ўзимнинг 25500 сўмлик маошимни бу ҳисобга ўтказаман", деган халқ вакили Айнура Алтибаева.
Унинг сўзларига кўра, тўпланган маблағлар биринчи навбатда Хитойдан олинган қарзни тўлаш учун йўналтирилади.
"Биз ҳаракатимиз аъзолари сонини чекламаймиз. Иштирок этишни ва маблағларни назорат қилишни истаган ҳар ким қўшилиши мумкин. Офис ижараси, саёҳат ёки бошқа харажатлар учун маблағлар ушбу ҳисоб рақамидан олинмайди. Халқ Кенгашининг барча аъзолари ихтиёрий равишда ишлайди", дея таъкидлаган депутат.
Биринчиси эмас

Сурат манбаси, SOCHI. MIKHAIL METZEL/TASS
Бу ҳукумат томонидан мамлакатнинг ташқи қарзларини оддий фуқаролар ҳисобидан тўлашга қаратилган биринчи уриниш эмас.
2018 йилда Бош вазир Муҳаммадқалий Абилғазиев бошчилигидаги ҳукумат давлатга ёрдам беришни истаганлардан маблағ йиғиш учун махсус ҳисоб очишни таклиф қилган.
Бироқ кўплаб фуқаролар давлат қарзларини порахўр амалдорларнинг мол-мулки ҳисобидан тўлашни таклиф қилишган.
2012 йили ҳозирда собиқ президент Алмазбек Атамбаев даврида ҳам бу ташаббус кўтарилиб, банк ҳисоби очилган ва орадан кўп ўтмай ёпилган. Йиғилган пуллар эса Молия вазирлигига ўтказилган. Йиғилган пул миқдори очиқланмаган.
Қирғизистоннинг ташқи қарзлари тобора ўсиб бормоқда. 2020 йилнинг июль ҳолатига кўра, қарз миқдори 4,8 миллиард долларга етган. Бу мамлакат тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир.
Ташқи қарзларнинг катта қисми, яъни умумий миқдорнинг 43 фоизи Хитойдан олингани айтилади.
Қирғизистон шу йил охиригача Хитойдан олган қарзларнинг асосий қисмини тўлаши керак.
Жорий йилнинг апрель ойида президент Сооронбай Жээнбеков Си Цзиньпин билан телефон мулоқотда қарзларни тўлов муддатини узайтиришни сўраган. Бироқ расмий Пекин аниқ жавоб бермагани маълум бўлган.
Шунингдек, Қирғизистон бюджетида ҳам камомад ўсиб бормоқда. Бу йил охирига келиб у 400 миллион долларга етиши мумкин.
Акс-садолар

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
Биз қирғизистонликлардан бу каби даъватлар борасидаги фикрларини сўрадик:
Жалолободлик ўқитувчи Шаҳноза Абдухалилова давлат олган қарзларини ўзи тўлаши кераклиги, депутат кўтарган ташаббус нотўғри эканини айтади.
"Йўқ, мен давлатга пул беролмайман. Оз ойлик оламан. Ўзим ижарада, икки болам билан яшайман. Эрим йўқ. Ҳозир болаларимга китоб, кийимларини сотиб олаяпман. Қиш яқинлашаяпти. Иссиқ оёқ кийим олишим керак", дейди суҳбатдошим.
Унинг фикрича, давлат порахўрлик ортидан бойлик орттирган депутатлар мол-мулкини мусодара қилиб, ўшалар ҳисобидан қарзларни тўлаш керак.
Ўшлик Баходир Қурбонов ҳам халқ ўзини-ўзи амаллаб боқаётган бир пайтда, уларга давлат қарзини тўлатиш ноўрин эканини урғулайди.
"Ўзи зўрға яшасак, қайси пулимизни берамиз? Давлат бизга пул тўладими, ёрдам бераяптими? Тирикчилигимизни эплаб ўтказаяпмиз. Ишимиз бўлса бўлади, бўлмаса бекор юрибмиз", дейди хусусий пайвандчи.
Бишкеклик Феруза Шамшиддинова давлат олган кредит, қарзлардан халққа фойда бўлмаганини, уларнинг ҳисоботи ҳам йўқлигини айтади.
"Ўша қарзни халқ тўплаб беришга қурби етади. Лекин пулни тўплаб, қарзни тўлагандан кейин, яна қарз олишса-чи? 5-10 йилдан кейин яна халқ пул тўлаб берадими? Чиновникларга халқ ишонмаяпти. Олинган қарзларнинг ўрни қаерда? Бу пулларга Қирғизистон учун кўзга кўринарли бирон нарса қурилмади. Иш ўринлари яратилмади. Ўзимиз, халқ учун бир нарса қурилганда эди, майли унда одамлар пул берган бўларди. Кўпчилик ҳозир норози бўлаяпти. Расмийлар еб-ичган пулни халқ тўлаш ниятида эмас. Шахсан мен ҳам пул бермайман", дейди уй бекаси.
Ўшдаги маҳаллий банкларнинг бирида фаолият олиб борувчи Соҳибжон Мамиров ҳам қарзларни тўлаш учун ўз ҳиссасини қўшмаслигини, яъни емаган сомсасига пул тўлаш нияти йўқлигини айтади. "Сабаби, юқори лавозимдаги расмийлар олган қарзлар ноқонуний йўллар билан ўзлаштирилиши оқибатида ерга синггиб кетган", - дейди у.
"Хитойдан олинган қарз давлат ривожланиши учун сарфланмади. Ундан давлатимизга бир духоба кийдирмадик. Нимага энди катталар пулни олиб еб кетади, биз оддий халқ тўлашимиз керак, ўзи халқ қийналиб, ўзини зўрға эплаётган пайтда?", дея бу ташаббусни савол остига олади банк ходими.
У давлат харажатларини камайтириш орқали қарзларни тўлаш мумкинлигини айтади.
"Парламент бир ойда бир ярим миллион доллар ишлатади. У ерда ишлайдиганлар бир ойлик маошларидан, харажатларидан кечиб, ўшани давлат қарзига тўлашсин. Ҳамма давлат расмийлари, президент, Бош вазир, аппаратидаги одамлар, юқори лавозимдагилар 10 кунлик ёки бир ойлик иш ҳаққидан кечишса ҳам, қарзнинг ярми тўланиб қолади. Ҳеч бўлмаса учдан бири тўланса ҳам катта гап. Қарз шу тарзда бўлиб тўланмаса, бирданига тўлай олмаймиз", дейди Соҳибжон Мамиров.
Бу нима дегани? - Эксперт баҳоси

Сурат манбаси, .
Иқтисодий таҳлилчи Эркин Абдураззаковнинг айтишича, Қирғизистон ҳозир дефольт ёқасида:
"Ташқи қарз беш миллиард доллар атрофида. Бундан ташқари ички қарз ҳам бор. Шуларнинг барчасини халқ бўйнига илмоқчи бўлиб, ёрдам беринглар, дейишаяпти. Бу давлатнинг иши. Агар катта бир қурилиш ёки халқ манфаати учун амалга ошириладиган яхши бир лойиҳа бўлса бошқа гап. Ташқи қарзларни халқ ҳисобидан тўлаймиз дегани, бу - абсурд. Буни мен пиар деб ўйлайман. Ўзларига халқ эътиборини қаратмоқчи бўлишаяпти. Бу умуман қабул қилинмайдиган нарса", дейди суҳбатдош.
"Халқаро "Париж клуби" каби йирик моддий донор ташкилотлар бор. Улар билан яқин ҳамкорликда ишлаш ўрнига, бизнинг ҳукумат ҳам аросат бўлиб, дунё ҳамжамияти тан олмасдан, яқин стратегик ҳамкоримиз Россия ҳам моддий ёрдамни тўхтатиб қўйди.
Хитой йирик лойиҳаларга олинган кредитни тўлаш муддатини узайтиришга салбий жавоб берди. Улар муддатни узайтирмайди, қарзни тўлаш керак.
ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти каби ташкилотларга аъзо бўлганимиз билан ҳеч қандай фойда бўлмади.
Ундан кўра, ички резервларни топиб, катта давлат бошқарув тизимини қисқартириш керак. Ортиқча харажатлар ва иштаҳани озайтириб, тез орада оптимизация қилиш лозим.
Административ ва ҳудудий реформани янги президент ва ҳукумат сайлангандан сўнг, кейинги йил давлат бюджетини тасдиқлагунча амалга оширса, яхшигина маблағ тежалади. Бошқа йўли йўқ.
Халқаро донорларга мурожаат қилиб, баъзиларини кечиб юборишга ёки муддатларини узайтиришга ҳаракат қилиш керак.
Оғир аҳволда яшаётган халқдан пул тўплаймиз, деганни бас қилиш керак. Бу фақат халқ душманини қиладиган иши, деб ўйлайман. Буни амалга ошириб бўлмайди. Халқ қўллаб-қувватламайди, имкони йўқ.
Иқтисодимиз МДҲ давлатлари ичида энг ортда қолди. Пенсия, нафақа пул, ойликлар энг кам тўланади. Биологик жиҳатдан одам қорнини тўйдиришга пул етмайди.
Агар, Ялпи Ички Маҳсулотнинг 50 фоизи атрофида ташқи қарз бўлса, бу давлат дефольт, дея эълон қилинади. Ўзининг ижтимоий, иқтисодий мажбуриятларини бажара олмайди, фақат ўзининг активларини сотиш орқали вазиятдан чиқиши мумкин.
Халқаро ташкилотлар давлатга ёрдам, қарз бермайди. Давлат шу аҳволга келиб қолишидан қўрқувлар бор.
Агар давлат Хитойга қарзини тўламаса, йирик ер ости бойликлари мавжуд кон ёки яна бошқа стратегик объектларни сўраши мумкин. Ҳозир шу хавотирда турибмиз.
Сиёсатчиларимиз эса, қаёқдаги нарсаларни айтиб, довдирашяпти.
Келажакда олинадиган кредитлар бўйича масала халқ билан муҳокама қилиниб, парламент орқали назоратга олиниши ва лойиҳаларга масъул одамлар жавобгарликни сезиши керак.
Бошидан охиригача техник-иқтисодий асосларини қараб чиқиш зарур.
Собиқ президентлар борган жойида қарз сўраб, ақлларини йўқотишган. Бундай қилмаслик керак.
Энг кўп қарз Атамбаев даврида олинди. Акаев $1,9 миллиард доллар олган, Бакиев даврида бу қарз озайган. Атамбаев эса, қарзни $4 миллардга етказиб қўйди.
Ҳозир энди давлат яна тоза сув, бошқа лойиҳаларга деб қарз олаяпти. Пандемия пайтида ҳам $600 млн. доллар атрофида олинадиган қарзнинг ярми олинди, ярми эса келмади. Ҳукумат алмашгани ортидан, моддий ёрдамнинг иккинчи қисми келади, деганга ишонмайман.
Сабаби, келишувлар парламентда ратификациядан ўтиш керак. Ҳукумат муваққат бўлаяпти. Депутатлар ишлаб, ишламасдан яна сайловга тайёрланишаяпти. Бу сайловни қайта ўтказиш учун пулни яна қаердан топамиз, деб бош қотиришаяпти. Уни ҳам халқаро ташкилотлардан сўрашади.
Балки БМТ каби халқаро ташкилотлар давлатда барқарорлик бўлиши учун ёрдам беришар. Бироқ ҳозир бу борада деярли ҳеч қайси бир ташкилот, иқтидордаги ҳукумат билан мулоқот олиб бормаяпти. Демак, уни тан олишмаяпти.
Керак бўлмаган нарсага қарз олишни тўхтатишимиз керак. Олинган қарзларнинг ярми ташкилий ишларни амалга оширишга сарфланади. Умумий пулларни эса, биз тўлашимиз керак бўлади. Агар бу одатимизни тўхтатмасак, Лотин Америкаси ва Африка давлатлари қаторига кириб қолишимиз мумкин.
Халқимизнинг кўпчилиги мухожиратда. Инқироздан ўз кучимиз билан чиқиб кетишга мен ишонмайман. Ҳеч қандай ричаг йўқ. Фақат стратегик объект ва конларимизни бериб, қутиладиган бўлиб турибмиз. Бироқ бунга ҳеч қачон йўл бермаслигимиз керак.
Турли фаразларни айтаётган сиёсатчиларни давлат бошқарувидан четлатиб, люстрация орқали, ёшларни жалб этиш керак бўлаяпти".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















