Тоғли Қорабоғ Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти кун тартибида – Озарбайжон ва Арманистон, Tog’li Qorabog’, O’zbekiston, Rossiya, Turkiya, yangiliklar

ODKB

Сурат манбаси, official

Тоғли Қорабоғ Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти кун тартибида - ташкилот Тоғли Қорабоққа ўзининг тинчликпарварлик кучларини киритиш масаласини фаол муҳокама этмоқда. Бу ҳақда кеча, пайшанба куни ташкилот Бош котиби баён қилди. Бу ҳақда Россиянинг "Новости" ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Аммо Станислав Зась муҳокамалар қай бир босқичда экани ва бу масалада ташкилот қачон аниқ бир тўхтамга келиши тафсилотларини очиқламаган.

Яқинда Россия Ташқи ишлар вазири ҳам муваққат сулҳга риоя этилишини таъминлаш учун Тоғли Қорабоққа тинчликпарварлик кучларини жойлаштириш лозимлиги ҳақида сўз юритганди.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Бош котибининг бу баёнотига Тоғли Қорабоғдаги рақиб томонларнинг муносабати ҳозирча маълум эмас.

Арманистон аъзо Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти жиддий низолар ичида қолган аъзо давлатга кўмакка келиш, у ерга ўзининг тинчликни сақлаш кучларини юбориш ҳуқуқига эга саналади.

Россиянинг стратегик ҳамкори ва иттифоқчиси саналса-да, Озарбайжон бу ташкилотга кирмайди.

ODKB a'zolari

Сурат манбаси, official

Жанглар ҳозир фақат Тоғли Қорабоғда бораётгани боис, Россия етакчилигидаги мазкур ташкилотнинг ҳам унга аралашишга расман ҳаққи бўлмайди.

Ереван Тоғли Қорабоғ республикасини алоҳида давлат ёки ўз ҳудуди, деб расман тан олмайди.

Амалда эса, Тоғли Қорабоғ иқтисоди ва армиясининг Арманистонники билан чамбарчас боғлиқ экани кўрилади.

Аммо Тоғли Қорабоғ урушининг 18-куни Арманистон томони Озарбайжон илк бор тўғридан-тўғри ўз ҳудудларига зарба берганини баён қилиб чиққан, аммо нишон айнан нима бўлганини очиқламаган.

Ереваннинг бу баёнотига расмий Боку муносабати ҳозирча кўзга ташланмаган.

Ўшанда, агар, бу одатий тус олса, жанглар Тоғли Қорабоғдан четга чиқиши, Озарбайжон ва Арманистон чегарасига кўчишига оид тахмин ва башоратлар ҳам бўй кўрсатган.

Назарий жиҳатдан, бунинг халқаро-сиёсий оқибатлари бўлиши эҳтимоли ҳақида ҳам сўз борганди.

Расмий хабарларга кўра, Арманистон томонидан Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг доимий ишчи органларига ҳалича бу хусусда расмий мурожаат бўлмаган.

Аммо Доимий Кенгаши Арманистон Бош вазири, КХШТ қошидаги вакили ва Ташқи ишлар вазирлигидан нома олган.

Лекин, мурожаат бўлган тақдирда ҳам, бунинг учун КХШТ Хавфсизлик Кенгаши қарори ва БМТ ининг ваколати лозим бўлиши айтилади.

Бундан ташқари, Тоғли Қорабоғдаги ҳар икки рақиб томоннинг розилиги ҳам тақозо этилади.

Сўнгги янгиликка ўз муносабатларини билдираркан, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг ўзи ҳам буни алоҳида таъкидлаган.

Россия ҳозирча Тоғли Қорабоғ масаласида нейтрал мавқеини сақлаб келмоқда, асосий урғуни дипломатияга бериб келаётир.

Tog'li Qorabog'

Сурат манбаси, Getty Images

Россия ва Тоғли Қорабоғ

Россия Президенти Владимир Путин яқинда Арманистон Бош вазири билан мунтазам алоқада эканини расман ва ошкора маълум қилган.

Президент Путин ўшанда Арманистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти аъзоси эканини эслатган.

"Худди шу боис ҳам, мазкур шартнома доирасида Арманистон олдида муайян масъулиятлари бор"лигини таъкидлаган.

Бунинг ортидан, "Минг афсуски, жанглар ҳозирга қадар давом этаяпти", - деркан, Путин уларнинг Арманистон ҳудудида кечмаётганини ҳам қистириб ўтишни унутмаган.

"Россиянинг мазкур шартнома доирасида ўз зиммасига олган масъулиятларига келсак, уларни бажарганликлари, бажараётганликлари ва бундан кейин ҳам бажаришлари"ни баён қилган.

Путин, ўз навбатида, "Арманистон раҳбариятида Россиянинг иттифоқчилик мажбуриятларини сифатли бажариши тўғрисида саволлар йўқ"лигини таъкидлаган.

Tog'li Qorabog'

Арманистонда яна Россиянинг 102-сонли ҳарбий базаси жойлашган. Икковлон ҳамкорликда ҳаводан мудофаа тизимига эгалар.

Орада президент Путин билан телефон мулоқотларига таяниб, Никол Пашинян ҳам Арманистонга ҳужум бўлган тақдирда, Россия уларни ҳимоя қилиш борасида ўз зиммасига олган масъулиятини бажаришга тайёр эканига ишонтирганини айтган.

Сўнгги кунларда Тоғли Қорабоғдаги рақиб томонлар бир-бирларининг йирик шаҳарларини ҳужумга тутишга ўтишаркан, можаронинг минтақадан ташқарига ёйилиши, агар, учинчи кучлар аралашадиган бўлса, ҳозирги жангларнинг катта урушга айланишига оид хавотирлар ҳам бўй кўрсатиб бўлган.

Бу галги Тоғли Қорабоғ можаросида Туркия Озарбайжонни расман, янада ошкора ва кучлироқ қўллаб келаётгани таҳлилчилар томонидан алоҳида қайд этилаётгани ҳам бор гап.

Тоғли Қорабоғдаги сўнгги уруш 27 сентябрда келиб чиққан, уни очишда томонлар ҳануз бир-бирларини айблаб келишади.

Минтақада Россия воситачилигида эришилган вақтинчалик оташкесим 10 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 12:00 дан бошлаб кучга кирган.

Aммо бор-йўғи бир неча соат ўтмай бузилган, Озарбайжон ва Арманистон бунда яна бир-бирларини айблаб чиқишганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek