Ўзбекистон: Мактабларни очишни ким ҳал қилади, тез ёрдам чақирувлари нега ошди?

Сурат манбаси, Uzedu.uz
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўзининг Телеграм каналида мактаблар очилиши бўйича қарорни фақатгина Маҳаллий Кенгаш депутатлари олиши мумкинлиги ҳақида ёзган.
Вазирнинг ёзишича, депутатлар мактабларнинг ҳақиқий тайёрлиги, ҳудуддаги санитария-эпидемиологик ҳолат ва соғлиқни сақлаш тизими имкониятидан келиб чиқиб қарор қабул қилади.
"Маҳаллий депутатлар мактабни очишдан аввал уни пирометр, дозатор (ёки пульверизатор), антисептик ва дезинфекция воситалари билан таъминлаш учун маблағлар ажратилгани, мактабларга етарли воситалар етказиб берилганига ишонч ҳосил қилганидан сўнггина Кенгашда ушбу мактаб фаолиятини бошлаш бўйича қарор қабул қилиши мумкин" - ёзган Шерматов.
Шерматовга кўра, агар Маҳаллий Кенгаш бирор мактабни очмаслик бўйича қарор қабул қилса, ундай ҳолатда, ўқувчилар яқинроқда бошқа очилган мактаб биносида ёки 14 сентябрда янги ўқув йили дарслари бошланганида теледарслар орқали масофавий таълим олишлари мумкин бўлади.
Миришкор ҳокими коронавирусдан вафот этди
Коронавирус инфекцияси аниқланиб, даволанишда бўлган Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими Ғайрат Бегалиев вафот этди.
Бу ҳақида ЎзА хабар берган.
Хабарда айтилишича, мазкур маълумотни вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати ЎзАга тасдиқлаган.
Ғайрат Бегалиев 2020 йил 4 март куни Миришкор тумани ҳокими этиб тайинланган эди.
6 сентябрь куни Миришкор тумани ҳокимининг ўринбосари Мансур Раҳмонов ҳам вафот этгани хабар қилинганди.
Тез ёрдам чақириқлари яна ортмоқда
Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига мурожаат қилиб, карантин чоралари юмшатилган бўлсада, хотиржамликка берилмаслик, вирусга нисбатан хушёрликни унутмасликка чақирган.
Мурожаатда аниқланаётган касалланиш ҳолатлари камаяётган бўлсада, Тошкент шаҳрида тез ёрдам чақириқлари сони ошаётганидан ташвиш билдирилган.
"Масалага тез тиббий ёрдам хизматига қилинаётган мурожаатлар таҳлили мисолида қарайдиган бўлсак, сентябрнинг дастлабки ҳафтасида чақирувлар сони бирмунча ошганлигига гувоҳ бўламиз" - дея Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Умидулло Рисқиевнинг сўзларини келтиради ССВ.
"Пойтахтимизда жорий йил августнинг охирги 7 кунида чақириқларнинг умумий сони 18,316 та бўлган бўлса, сентябрь ойининг биринчи 7 кунлигида эса 19,707 тани ташкил этди. Бу кўрсаткичлар охирги ҳафтада чақириқларнинг умумий сони 1 391 тага ортганини кўрсатади. Айтиш лозимки, 1-7 сентябрь кунлари келиб тушган чақирувлардан 6 145 таси (умумий чақириқларнинг 31,2 фоизи) тана ҳароратининг ошиши, 3 091 таси (умумий чақириқларнинг 15,7 фоизи) ўткир респиратор касалликлари билан боғлиқ бўлган бўлса, 814 таси (умумумий чақириқларнинг 4,1 фоизи) эса пневмония белгилари мавжуд беморлар томонидан амалга оширилган", деган Рисқиев.
Чироқчи воқеаси бўйича суд бошланди

2020 йил январь ойида Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида мол ўғрилигида гумон қилинган 32 яшар эркак ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилиб, улар томонидан калтакланиши оқибатида оламдан кўз юмгани шов-шувларга сабаб бўлган эди.
Олий суд мазкур ҳолат бўйича айбдор деб топилган беш нафар ИИБ ходимлари устидан 8 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди очиқ маҳкама бошланганини хабар қилган.
Хабарда судланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш), 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайри инсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) ва 241-1-моддаси (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) айбловлари илгари сурилаётгани билдирилган.
Импорт техникалар учун янги солиқ
Вазирлар Маҳкамасининг 29 августдаги қарори билан Ўзбекистонга олиб кирилаётган маиший техника маҳсулотларига утилизация йиғими жорий этилмоқда.
Қарорда, шунингдек, электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган етакчи хорижий компанияларни жалб қилиш, электротехника саноатида энергия ва бошқа ресурсларни тежайдиган технологияларни, шу жумладан, қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий қилиш ва илғор технологияларни жорий этиш орқали энергия самарадорлигига эришиш ҳамда мудофаа саноатида янги авлод электротехника маҳсулотлари ва саноат жиҳозлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш борасида ҳам сўз боради.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek
















