Уйда кимдир коронавирус бўлса, беморга қандай қараш керак?

Ўзбекистонда

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Касал ё кекса одам учун бозорликни дарвоза олдида қолдиринг.
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Коронавирус ҳақида бугун маълумотлар кўп, аммо бир савол ҳамон кўпчиликни ҳам ўйлантиради, ҳам қўрқитади.

Уй шароитида Ковид-19 касалига чалинган яқинларимизни қандай парвариш қилишимиз мумкин?

Чунки касаллик нисбатан енгил кечса, бу беморни қатор давлатлардаги касалхоналар қабул қилмаслиги эҳтимоли катта.

Бироқ уйдаги касал одам оиланинг бошқа аъзолари учун вирус манбасидир.

Шундай ҳолатда уйда ўзимиз ва бошқаларни вирусдан асраган ҳолда, ҳаста қариндошимизга қандай қарашимиз керак?

Махсус видео лавҳамиздан жавоб топинг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Уй шароитида Ковид-19 касали аломатлари пайдо бўлган ва касаллик енгил ўтаётган яқинларимизни парвариш қилиш йўллари йўқ эмас.

Аввало, беморга нималар керак ва қандай парвариш зарур деган саволга жавоб топиш лозим.

Шу қаторда уйдаги соғлом одамлар, хусусан, ўзингизни асраш чораларини ҳам кўринг.

Шифохонада

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Касалхонадан фарқли тарзда, уй шароитида беморга қараш осон эмас.

Беморга нима керак?

Коронавирус аломати бор одам учун уч нарса муҳим:

1. Тўшакда ётиш;

2. Витаминларга бой овқат;

3. Кўп суюқлик, масалан, сув.

Бошоғриқ ва иситмага қарши парацетамол ёки ибупрофен ичиш мумкин.

Касалнинг аҳволи ўнгланмасдан, ёмонлашиб бораверса, шифокор чақириш керак.

Касални ажратинг

Беморни уйдаги бошқа соғлом одамлардан ажратиш муҳим.

Бу жараён 10 кун давом этиши зарур.

Ҳаста одам алоҳида ҳонада қолсин.

Иложи бўлса, бемор ётган хонага ҳеч ким кирмасин.

Овқат ва сувни эшик тагида қолдиринг.

Лекин касал ҳолсиз бўлиб, сиз киришингиз шарт бўлса, албатта, тиббий ниқоб тақинг.

Ниқобни ушламанг.

Хонадан чиққач, ниқобни чиқиндига ташланг.

Бемор ёнига яқин борманг ва иложи бўлса, 2 метрлик масофа сақлаган тузук.

Ўзбекистонда
Сурат тагсўзи, Соғлом қариндош ё дўстлардан бозорлик қилишда ёрдам сўранг.

Ҳожатхонага бориш

Кўп оилаларда ҳаммом ва ҳожатхона битта бўлади.

Бу дегани - бемор ҳам, соғлом оила аъзолари ҳам битта халажойдан фойдаланишга мажбурлар.

Бундай ҳолатда жадвал тузинг.

Соғлом одамлар олдин кириб чиққани яхши.

Чиқишдан олдин, барибир, эшик тутқичлари ва жўмракларни тозаланг.

Ҳар ким учун алоҳида сочиқ бўлгани мақсадга мувофиқ.

Тозалик ва фақат тозалик

Бемор теккан ҳар нарсада вирус бўлиши мумкин.

Коронавирус қаттиқ ашёлар юзасида узоқроқ муддат қолиши айтилади.

Шу боис эшик тутқичлари ва бемор ушлаган идишларни эҳтиёт бўлиб ювиб, тозалаш лозим.

Беморнинг кийимлари ва сочиқларини силкитиб, қоқманг, чунки вирус тарқалади.

Касал одам ташлайдиган коғоз дастрўмол ёки бошқа чиқиндилар учун алоҳида халта тутинг.

Қўлингизни тез-тез ювинг.

Қанча тез-тез ювсангиз, шунча яхши.

Қўлни ювганда ҳам камида 20 сония давомида совунни обдон кўпиртириб, бармоқлар ораси, тирноқлар устини ва остини ҳам обдон ишқаланг.

Оилангизни бошқалардан ажратинг

Уйда кимдадир коронавирус аломатлари кўриндими, иложи борича бирга яшамайдиган қариндошлар ва қўни-қўшнилар билан борди-келди қилманг.

Коронавирус аломатлари ҳақида мана бу ҳаволадаги мақолани ўқиб, ўрганинг.

Икки ҳафта давомида бутун оила уйда қолгани тузук.

Озиқ-овқат ва дори-дармон сотиб олиш лозим бўлса, қариндошлар, дўстлар ёки қўни-қўшнидан телефон орқали илтимос қилинг.

Улар маҳсулотларни уйга кирмасдан, кўча эшигингиз ёки дарвоза олдида қолдирсинлар.

Ҳатто юугуриб келиш ёки дори сотиб олиш учун ҳам кўчага чиқманг.

Негаки, сизда симптомсиз Ковид-19 бўлса, бошқа бирон одамга юқтириб қўйишингиз хавфи бор.

Шунингдек, уйда ўзингизни асрасангиз ҳам, дўконда ё дорихонада коронавирус хавфига дуч келишингиз мумкин.

Эсда тутинг, уйингизда кимнидир парвариш қилиш учун ҳам сиз соғлом бўлишингиз керак.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek