Бу сайловда Мирзиёевга овоз бермайман – паркидан айрилган аҳоли норозилик билдирмоқда O'zbekiston (видео)

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Тошкент шаҳар Миробод туманидаги Ойбек ва Нукус кўчалари кесишмасида жойлашган маҳалла аҳли Шавкат Мирзиёев ваъдаси ва кўрсатмаси билан қурилиши бошланган парк ҳудудини кўп қаватли турар-жой қуриш мақсадидаги инвесторлар эгаллаб олганини айтмоқда.
Мазкур ҳолат ўтган йиллар давомида Тошкент шаҳрида бир неча бор кузатилган маҳаллий аҳоли ва кўп қаватли турар-жой қуриш истагида бўлган тадбиркорлар ўртасидаги низоларнинг энг кўзга кўринганларидан бири ўлароқ кўрилади.
Маҳалла яшовчилари ҳали Бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёев 2016 йил июль ойида ҳудудга ташрифи чоғида майдонни паркка айлантиришга ваъда бергани ва ўхшаш ваъда жорий давлат раҳбарининг 2016 йилги сайловолди кампанияси давомида ҳам янграганини тилга олади.
Ҳужжатлар ҳам аҳолининг даъвосини маълум даражада тасдиқлайди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Мураккаб тарих

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Миробод туманида, пойтахтнинг марказида жойлашган салмоқли бу ер бўлаги тарихи мавҳумлик ва чигалликларга бой.
Шавкат Мирзиёев кўрсатмаси билан пойтахтнинг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмонов 2016 йил 8 ноябрида бу майдонда маҳаллий аҳоли учун маданият ва спорт боғи ташкил этиш тўғрисида қарор чиқарган.
2016 йил 11 ноябрь куни эса Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баённомаси билан 1,5 гектарга тенг бу майдон 2017 йил 1 майига қадар қуриб битказилиши кўзланган маданият ва дам олиш паркларидан бири сифатида Манзилли дастурга киритилган.
2016 йил декабрида мазкур ҳужжатлар асосида Тошкент шаҳар Маданият ва спорт ишлари бош бошқармаси ва "Triumf Ula" МЧЖ ўртасида майдонда "югуриш ва велосипед йўлакчалари, спорт майдончалари, бассейн ва спа мажмуасини ўз ичига олган соғломлаштириш боғи"ни барпо этишни кўзлаган узоқ йиллик ижара шартномаси имзоланган.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Ерни 49 йил, яъни 2065 йилга қадар ижарага олган "Triumf Ula" 10 миллиард сўм кредит олиб, соғломлаштириш боғини қуришга тайёргарлик бошлаб юборган.
Аммо 2017 йил февралида номаълум сабабларга кўра, бу ердаги парк қуриш ишлари бир йилдан кўпроқ муддатга тўхтаб қолган.
2018 йил январида эса шаҳарнинг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмонов ерни кўп қаватли турар-жой мажмуаси қуриш учун "Silk Road Group Investment" МЧЖга бериш ҳақида қарор чиқарган.
Маҳаллий аҳоли 2018 йил ёзида бу қарордан норозилик билдирган ва ўша йилнинг июль ойида Тошкент шаҳар прокуратураси ерни инвесторга бериб юбориш қонун талабларига зид равишда амалга оширилганини таъкидлаб, пойтахт ҳокимлигига протест йўллаган ва шаҳарнинг янги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ерни "Silk Road Group Investment"дан олиб қўйиш бўйича қарор чиқарган.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
2018 йил август ойида Миробод ҳокимлиги аҳолига мазкур майдонда парк қурилиши режалаштирилаётганини билдирган.
Кутилмаганда, 2018 йил 29 октябрь куни парк учун мўлжалланган майдонни уч ой аввал аҳолига қайтаришга ёрдам берган шаҳар прокуратураси майдонни "Silk Road Group Investment" компаниясига қайтариб беришни сўраб, яна пойтахт ҳокимлигига мурожаат қилган ва ҳокимлик 1 ноябрь куни шундай қарор чиқарган.
Яна ернинг эгасига айланган компания "Murad Buildings" ҳамда "BI Group" ҳамкорлигида ташкил этилган "NRG" компаниясига кўп қаватли турар-жой мажмуаси қуриш бўйича буюртма берган.
2020 йил бошида қурилиш ишлари бошлаб юборилади.
Аҳоли норозилиги

Сурат манбаси, BBC uzbek
"Салор" маҳалласи аҳли минглаб инсон яшайдиган яқин атрофда яшил ҳудуд, болалар ўйнайдиган ва аҳоли дам оладиган жой мавжуд эмаслиги, уларнинг ягона умиди майдони қарийб икки гектарга тенг мазкур ҳудуднинг дам олиш ва соғломлаштириш боғига айлантиришга боғланиб қолганини маълум қилади.
Би-би-си билан суҳбатлашган аҳоли шаҳар ҳокимлигининг 2018 йил 1 ноябридаги ерни хусусий компанияга қайтариб бериш тўғрисидаги қарори ноқонуний эканини таъкидлайди.
Улар ҳокимлик қарорини бекор қилиш учун судга арз қилганлар.
19 август куни Тошкент шаҳар маъмурий судида кўриб чиқилган навбатдаги иш ҳам аҳоли фойдасига ҳал бўлмаган.
Одамлар президент ваъдаси ва кўрсатмаси асосида олинган қарорлар катта таъсир кучига эга шахслар фойдасига бекор бўлиб кетаётганидан таажжубда эканини айтади.

Сурат манбаси, Project
"Бир марта ўша пайтлари ҳали Бош вазир бўлган Шавкат Миромонович маҳалламизга келди. У атрофни томоша қилди, тахминан, 10-15 чоғли маҳалла аҳли йиғилдик", эслайди Артём исмли маҳалла яшовчиси.
"Биз унга савол бердик: "Шавкат Миромонович, бу жойда нима бўлишини айтинг. Бизга турар-жой қурилади дейишяпти, биз эса дарахтлари кўп, йўлакчаларга тўла, умуман олганда, атрофдаги аҳоли дам оладиган парк қурилишини истаймиз".
"Саволни берганимиздан сўнг - мен ўша воқеанинг тирик гувоҳиман - у ваъда бераман, бу ерда парк бўлади, деди. Бу 2016 йил ёзида бўлган эди", давом этади у.

Сурат манбаси, Screenshot
Маҳаллада яшовчи Алишер Ниёзов тегишли қарорлар асосида «халқ учун ажратилган» ер майдони "тор доирадаги манфаатдор шахсларга бериб юборилиши қанчалик асосли эканини савол остига олади.
Олга Краснова эса ернинг инвесторга бериб юборилиши ва одамларнинг шикоятини ҳукумат "инобатга олмаётгани" ортидан яқинлашиб келаётган президентлик сайловида Шавкат Мирзиёев номзодига овоз бермасликка қарор қилганини билдиради.
"Навбатдаги президентлик сайловида Мирзиёев Шавкат Миромонович номзодига овоз бермаслигимни маълум қилмоқчиман. Бу қароримни бир неча ойдан буён президент аппарати, президент администрациясига мурожаат қилиб келаётганим ва қониқарли жавоб ололмаётганим билан изоҳлайман", таъкидлайди у.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
"Мен комиссия тузиб, президент ваъдасини рўёбга чиқаришни сўраган эдим. Президент парк қуришни ваъда қилди, ҳоким қарори билан эса ер катта таъсирга эга ва бой инсонларга бериб юборилди. Халқ манфаатлари ҳисобга олинмаяпти".
Маҳалла вакиллари, аслида, майдонда уй-жой қурилишига қарши эмасликларини маълум қиладилар.

Сурат манбаси, BBC uzbek
"Майли, йўл бўйлаб, бир-икки қатор уй қуришсин. Биз қарши эмасмиз. Шаҳар ҳокимлигида қурувчи томон вакиллари билан учрашганимизда улар бизга ўз таклифингизни беринг, дейишган эди. Ўшанда биз Нукус кўчаси бўйлаб уй қураверинглар, ернинг қолган ярмини парк учун қолдиринглар, янги қуриладиган уй яшовчилари ҳам унда фойдалансин, деган эдик. Улар хўп, ўйлаб кўриб, қароримизни айтамиз, дейишганди. Мана қарорни кўриб турибмиз. Тўртта уйни қуриб ётишибди", сўзлайди Артём.
Би-би-си бу масала юзасидан изоҳ олиш мақсадида "NRG" компанияси билан боғланди.
Компания вакили айни вақтда суд жараёни ҳали якунига етмаганидан, ҳозирча, изоҳ бермасликни маъқул кўришларини билдирди.

Сурат манбаси, BBC uzbek
"Салор" аҳли эса ўз паркини қайтариб олиш йўлида ортга чекинмаслигини таъкидлайди.
Улар ҳуқуқий курашнинг навбатдаги босқичида Олий судга мурожаат қилишга тайёргарлик кўраётганларини айтадилар.
"Биз президент қарори ва истаги амалга оширилишини истаймиз. Унинг ўзи парк хоҳлади ва ваъда берди", дейди Ирина Ким.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















