Ўзбекистон: Ҳокимлар халққа яқинлашиши учун вирус керакмиди? Янгиликлар - O'zbekiston (видео)

Бухоро вилояти ҳокими

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Бухоро вилояти ҳокими
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Сўнгги кунларда Ўзбекистон учун «ақл бовар қилмас» воқеалар бўлмоқда: ҳокимлар видеомурожаатлар орқали халққа ҳисобот топшириб, одамлар билан мулоқот қилмоқда.

Ўтган бир ҳафта давомида ўнлаб вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари расмий каналларида ҳокимларнинг аҳолига мурожаатлари пайдо бўлган.

Уларда ҳокимлар, асосан, «вазият назорат остида экани» билан халқни тинчлантиришга уринаётгани кўринади.

Шунингдек, ҳокимлар илк бор шахсан ўзлари халққа бевосита молиявий ҳисоботлар ҳам берганлар.

Айрим раҳбарлар эса, аҳолидан тушган саволларга жавоб ҳам қайтарган.

Ҳатто, одамлар билан мулоқот учун ўз шахсий телефон рақамини берган ҳокимлар ҳам учраган.

Бироқ халқ билан бундай яқинлик қилиш ташаббуси ҳокимларнинг ўзидан чиққан эмас.

Эрталаб ва кечқурун — мулоқот

Rasmiy

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Мулоқот

Президент Шавкат Мирзиёев 14 июль куни ўтган видеоселекторда улардан одамлар билан мулоқот қилишни талаб қилган.

«Ҳокимларга шундай топшириқ: эрталаб бир соат 8 дан 9 гача, кечқурун 9 дан 10 гача ижтимоий тармоқлардан тушган саволларга мукаммал жавоб берасизлар. Халқимиз ҳамма нарсани билиши керак. Ана шунга эътибор қиламиз», таъкидлаган президент.

Шундан сўнг ўнлаб вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларининг расмий каналларида маҳаллий раҳбарларнинг одамларга мурожаатлари эълон қилина бошлаган.

Мурожаатларда ҳокимлар, асосан, пандемия оқибатларини юмшатиш учун ўз ҳудудида қилинаётган ишлар тўғрисида ахборот берган.

Одамларни тиббиёт ва иқтисодий соҳаларда юзага келган оғир вазият фонида ваҳимага тушмасликка чақирган.

Видеоларда кўпчилик ҳокимлар президент Мирзиёевнинг сўнгги вақтларда оммалашаётган «кўринмас душман», «уруш ҳолати», «биргаликда енгамиз» каби жумлаларини қўллашни хуш кўраётгани кўринади.

Ҳокимлар нима демоқда ўзи?

Rasmiy

Сурат манбаси, Rasmiy

Аксар ҳокимлар аҳолига мурожаатларини бошдан оёқ қоғоздан ўқиб беришни маъқул кўрган, аммо улар орасида ўз нотиқлик санъатини қўллашга азм этилганлари ҳам топилади.

Масалан, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг билдиришича, вилоятда шифокорлардан муаммо йўқ ва у вилоят раҳбари сифатида халқни қийинчилик кунларидан олиб чиқишда қўлидан келган ҳамма ишни қилади.

«Касалликнинг олдини олиш, касалланганларни даволаш, тиббиёт ходимлари учун давлатимиз ҳеч нарсани аямайди, деб вазифа қўйилди. Халқимизни шу балодан соғ-саломат олиб чиқиб кетиш учун ҳеч нарсани аямаймиз. Вилоят раҳбари сифатида бу нарса учун ҳамма нарсага тайёрман. Сабаби президентим шунақа масала қўйганлар», таъкидлаган Абдураҳмонов.

Бошқа ҳокимлар ҳам ўз раҳбарлигида остида бозорлар, дорихоналардаги нархлар ошиб кетишига йўл қўйилмаётгани билдириб, ҳудуддаги коронавирус билан боғлиқ расмий рақамларни келтириб ўтган.

Ҳокимлар орасида қишга озиқ-овқат захиралари жамланаётганини тилга олганлари ҳам топилган.

Бироқ некбин кайфиятга берилмай, вазият жиддий эканини тан олган ҳокимлар ҳам кўзга ташланган.

Хусусан, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев вилоятда пандемия билан боғлиқ вазият мураккаб экани, касалланаётганлар сони кун сайин ортиб бораётганини маълум қилган.

Халқ учун ҳисобот ёки…?

Social Media

Сурат манбаси, Social Media

Республика бўйлаб тиббиёт тизими мавжуд юкламани кўтара олмаётгани, дори-дармон тақчиллиги юзага келгани, ижтимоий-моддий шароит оғирлашиб бораётгани тўғрисида хабарлар тинмай келиб турган бир пайтда, кўпчилик ҳокимлар мурожаатлари орқали мутлақо ўзгача манзарани тасвирлаган.

Шу жиҳатдан, ҳокимларнинг яқин тарихда кузатилмаган бундай фаоллиги халқ эмас, балки президент олдида ҳисобот топширишдек таассурот қолдирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek