Ўзбекистон: Мирзиёев журналистларни сўккан ҳокимларни нега ишдан олмагани маълум бўлди - O'zbekiston

Сурат манбаси, Official
Президент Шавкат Мирзиёев Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини жойлардаги ижтимоий муаммолар, хато ва камчиликларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратаётгани учун олқишлаган.
Айни пайтда уларга журналистиканинг "бутун дунёда эътироф этилган, ўзгармас талаб ва мезонларини эслатган.
"Бу мезонларнинг энг асосийси - холислик ва ҳаққонийликдир. Бинобарин, матбуот майдонига кирган инсон - у журналист бўладими, блогер бўладими, бундан қатъи назар - ана шу қоидаларга амал қилиши шарт", дейилади президентнинг Матбуот ва омамвий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган табригида.
У "айрим журналист ва блогерларда билим ва профессионал малака, баҳс маданияти етишмаслиги жамоатчиликни ташвишлантираётгани"ни айтган.
Аммо у жамоатчиликни ташвишлантираётган бошқа бир кўриниш - ҳокимият вакилларининг журналистларга таҳдидлари ҳақида ҳеч нарса демаган.
Ҳокимларга кенг имконият
Айни пайтда президентнинг матбуот ходимларига охирги табригидан буён ўтган вақт давомида содир бўлган ва жамиятда резонанс уйғотган ҳодисаларни унинг собиқ матбуот котиби, Миллий масс-медиа маркази раҳбари Комил Алламжонов тилга олиб ўтган.
"Ўша пайтда президентимиз битта фикрни айтганлар: Эркин матбуот Ўзбекистон учун янгилик. Ўзбекистонда фаолият юритаётган раҳбарлар учун ҳам янгилик... Ман имконият бераман ҳаммага. Хато қилишга ва ўзининг хатоси устида ишлашга. Ман бошқача тарбиялай олмайман уларни. Демак, матбуот очиқ, бирон амалдор хато қилдими, хатоси учун ўзи ҳаракат қилсин, ишласин ва уни тўғрилашни ўйласин".
Алламжоновнинг Uzreport телеканалига берган интервьюсида айтишича, Президент амалдорларни матбуотдаги хатоси учун ишдан кетказиш фикрини ёқламаган.
"Ҳар битта одам матбуотда қилган хатоси учун ишдан кетса, эртага келган одам ҳам худди шундай хатони қилмайди, деб ишонч билан айтолмаймиз, чунки почкалаб пойлаб турган кадровый запасимиз йўқ", дея Мирзиёевнинг сўзларидан иқтибос келтирган Алламжонов.
Ўтган йил ноябрида интернетга сизган аудиода Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев журналистларни "итнинг боласи" деб атаган ва уларни "гейга чиқариш" ва йўқотиб юбориш билан таҳдид қилган эди.
Орадан бир ой ўтиб, Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг "блогернинг жанозасини ўқиш" ҳақидаги аудиоси интернетга сиздирилган.
Ҳар икки ҳолатда ҳам ҳокимларга ҳеч қандай чора кўрилмаган.
Шу йил апрелида "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистонни 180 давлат орасида 156-ўринга қўйган.
Ўзбекистон ушбу индексда ўтган йилга нисбатан тўрт поғона юқорилаган.
Аммо "Чегара билмас мухбирлар"га кўра, мамлакатда сўз ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият ҳануз мураккаблигича қолмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek













