Ўзбекистон: Президент одамларни камбағалликдан қандай чиқармоқчи? O'zbekiston
4 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3874 нафарни ташкил этмоқда.
31 та янги касалланиш ҳолати аниқланган. 844 бемор даволанишда қолмоқда.
Уларнинг 9 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда экани хабар қилинган.
Қайд этилган ўлимлар сони 16 та.
Карантин чоралари юмшатилди

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
5 июндан бошлаб «сариқ» тоифага киритилган ҳудудларда меҳмонхоналар, санаторийлар, панционатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар, уй меҳмонхоналари ва солиқ органларида рўйхатдан ўтган дала ҳовлилар (дачалар) фаолиятига рухсат берилмоқда.
«Яшил» ҳудудларда «сариқ» ҳудудларга қўшимча равишда тренажер заллари ва бассейнлар, театрлар, таълим марказлари фаолиятига рухсат берилади.
8 июндан фақат «яшил» ҳудудларда диний идоралар фаолияти қайта тикланади. Унга қадар санитария тайёргарлиги кўрилади.
Масжидларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшак»лар билан жиҳозлаш, ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлаши, шу жумладан намоз вақтида ибодатга келганлар ўртасида оралиқ масофани 1,5 метр этиб белгилаш (махсус чизиқлар ёрдамида катакларга ажратган ҳолда) ҳамда тана ҳароратини ўлчаш талаб этилади.
Тиббий хавфсизлик нуқтайи-назаридан оммавий диний тадбирлар (жума намози, якшанба ибодатлари ва бошқалар) ташкил этиш тақиқланади.
Бундан ташқари 15 июндан «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда, карантин талаблари ва санитария қоидаларига риоя этган ҳолда, умумий овқатланиш объектлари, буюм бозорлари, болалар боғчалари фаолияти ва автобус қатновлари ҳам қайта йўлга тушмоқда.
Сўх учун қарийб 1 трлн ажратилади

Сўх туманидаги муаммоларни бартараф этиш кўзланган президент қарори лойиҳаси тайёрланмоқда, дея хабар берган туман ҳокимлиги матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, ушбу лойиҳа доирасида Сўх учун 1 триллион сўмга яқин маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.
Жорий йилда ҳудудда 101 миллиард сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши, 4,5 минг янги иш ўринлари яратилиши ҳам маълум қилинган.
Банкларга Сўх учун 153 миллиард сўм кредит ажратиш вазифаси топширилган.
Россия, мигрантлар ва Сўх - Мирзиёев энди нима қилади? - Ўзбекистон, So'x - BBC Uzbek
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Рақамлар ортидан қувиш керак эмас"

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
3 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартиришга бағишланган видеоселектор ўтказган.
Йиғилиш давомида Ўзбекистонда ишсизлар сони кўпайгани, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, пандемия 450 мингга яқин оилалар даромадига жиддий таъсир қилиши мумкинлиги тилга олинган.
Президент асосий мақсад камбағал оиланинг, ҳеч бўлмаганда, битта аъзосини иш билан таъминлаб, уларни муҳтожликдан чиқариш экани, шунинг учун ҳар бир оила, ҳар бир фуқаронинг муаммоси билан алоҳида шуғулланиш зарурлигини таъкидлаган.
"Бу синовли даврда рақамлар ортидан қувиш эмас, балки халқни рози қилиш учун чин кўнгилдан ишлаш керак", деган Шавкат Мирзиёев.
Мажлисда камбағаллик чегараси ва мезонларининг жаҳон амалиётида тан олинган 4 та ҳисоблаш усули Фарғона вилоятининг Тошлоқ тумани мисолида синовдан ўтказилиши белгиланган.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига жорий йил 1 октябргача тирикчилик учун зарур энг кам миқдор ва минимал истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.
1 млн 270 минг абитуриент ҳужжат топшириши кутилмоқда
Жорий йилда ҳужжатлар онлайн қабул қилинади, олий таълим муассасаларида ҳужжатлар олинмайди.
Ҳужжатлар 2 хил усул билан топширилиши мумкин: my.gov.uz портали ва ДТМ сайти орқали.
Ҳужжатлар 24 соат қабул қилинади.
1 млн 270 мингдан зиёд абитуриент ҳужжат топшириши кутилаётгани хабар қилинган.
Абитуриентлар тест синовларига карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда киритилади.
Тест синовлари жараёнлари онлайн равишда интернет ва ТВ орқали жонли эфирга узатилади.
Карантин шароитида хавфсизликка риоя қилиш мақсадида абитуриентларнинг ота-оналари ва яқинларининг кузатувчи сифатида тест биноси атрофига тўпланиши чекланади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












