Сардоба бўйича кимлар ҳибсга олинди, коронавирус Ўзбекистон аҳолиси орасида ҳам тарқалмоқда

Сардоба

Сурат манбаси, Social Media

Сардоба сув омбори ўпирилиши юзасидан ҳозиргача икки киши ҳибсга олинган.

Бу борада хабар берган Бош прокуратура шахсларни гумонланувчи, деб атаган ва эҳтиёт шарт ўлароқ уларнинг ҳибсга олинганини урғулаган.

Расмийлар тергов ҳаракатларига таъсир қилмаслигини учун ҳибсга олинган шахсларнинг шахси очиқланмаслигини урғулаган.

Гумонланган ким: қурганми ё ишлатган?

Аммо "Озодлик" радиоси ўз вебсаҳифасида асосан Сардоба сув омбори эксплуатацияси билан шуғулланувчи ва ҳали бир йилча олдин ишга тайинланган мулозим - сув омбори директори ҳибсга олингани ҳақида ёзмоқда.

Бироқ Ўзбекистон расмий идоралари ушбу хабарга оид масалада изоҳ беришгани йўқ.

Бош прокуратура хабарида эслатилган иккинчи гумонланувчининг мансаби ҳам аниқ эмас.

Олдинроқ Сардоба иши бўйича 170 нафардан кўпроқ шахс сўроқ қилинаётгани билдирилганди.

Сардоба фожиаси

Ўзбекистонда қурилган энг янги ва сўнгги улкан иншоотлардан бири бўлмиш Сардоба сув омбори тўғони девори 1 май куни ўпирилган.

Расман 6 инсон ҳалок бўлган, минглаб уй-жойлар вайронага айланган ва ёки зарар кўрганди.

Ўзбекистон ушбу Сардоба иши бўйича жиноят иши очган.

Расмийларга кўра, текширувларда фожианинг келиб чиқиши асосан тўрт сабабга боғлаб ўрганилмоқда:

  • Лойиҳалаш жараёнида йўл қўйилган хатолар;
  • Қурилиш меъёрлари ва андазаларига риоя қилмаслик;
  • Сув омборидан фойдаланиш (эксплуатация) жараёнидаги хатоликлар;
  • Табиий офат.

Президент Мирзиёев ушбу фоижани ура-урачилик оқибати, деб атаган ва барча айбдорлар, ким бўлишидан қатъий назар, жазоланишини айтганди.

Бироқ Ўзбекистон ижтимоий тармоқларидаги фикрларга қараганда, кўпчилик Сардоба фожиасининг асил айбдорлари жазоланишига ишончсизлик билдирмоқда.

Коронавирус аҳоли орасида

Ўзбекистонда

Сурат манбаси, Official

Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлар сони 3 минг нафардан ошган.

23 май Тошкент вақти билан соат 10:00 ҳолатига кўра:

  • Вирусни юқтирган жами фуқаролар сони - 3078;
  • Буткул тузалганланлар сони - 2492;
  • Касалхонада даволанаётганлар - 573;
  • Аҳволи оғир беморлар - 4 нафар;
  • Қурбонлар - 13 киши.

Ўзбекистон маркази - Самарқанд ва Навоий вилоятларида коронавирус тарқалиши кўтарилгани кузатилади.

Мамлакатда ўтган куни аниқланган 70 нафарга яқин беморнинг ярмидан кўпи карантиндаги одамлар эмас, балки аҳоли вакиллари.

Навоий ва Самарқанд вилоятларида жами 40 нафарга яқин аҳоли вакиллари коронавирус юқтиришган.

Вирус нафақат катта шаҳарлар, балки қишлоқ жойлари, туманларига ҳам ёйилганини кўриш мумкин.

Алоқадор мавзулар:

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek