Ўзбекистон: Гулнора Каримованинг Президент Мирзиёевга пул таклиф қилишдан бошқа чораси қолмадими? - Oʻzbekiston

Гулнора Каримова

Сурат манбаси, MICHEL DUFOUR/GETTY IMAGES

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Кузатувчилар Гулнора Каримованинг Президент Шавкат Мирзиёевга очиқ мурожаат қилиб, озодлик эвазига 686 миллион доллар таклиф қилганини чорасизлик, дея баҳоламоқда. Қамоқда ўтаётган вақт Каримова фойдасига бўлмаяпти, дейди сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова Instagram саҳифасида онасининг Президент Шавкат Мирзиёевга ёзган очиқ мурожаатини жойлади.

Гулнора Каримова ёзгани айтилган ушбу мактубда у ўз оиласи ва соғлиғини сақлаб қолиш мақсадида муносиб шартлар эвазига ҳукумат билан муросага бориши мумкинлигини маълум қилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Муносиб шартлар асосида оиламизнинг Швецияда музлатилган сўнгги пулларига бўлган ҳар қандай даъводан воз кечишга тайёрман" - деган у.

Гулнора Каримова ўзини очиқ суд қилмасдан, ишни енгиллаштирган ҳолда ёпиш эвазига Ўзбекистон ҳукумати ҳисобига 686 миллион доллар ўтказилишига қаршилик қилмаслигини билдирган.

"Сизга мамлакатимиздаги энг олий инстанция ва жуда узоқ йиллардан бери шахсан танийдиган инсон сифатида мурожаат қиляпман. Ниҳоят, арзим эшитилишидан умидворман" - деб мактубини бошлайди Гулнора Каримова.

У кўп йиллар давомида қамоқхонадан қамоқхоналарга кўчавериб, мушоҳада қилиш ва тушуниб етиш учун етарли вақти бўлганини ёзган.

Каримова айни дамда унга нисбатан яна бир жиноий суриштирув бошланганини ва у процессуал кодексларга зид равишда, хатолар билан олиб борилаётганини таъкидлаган.

Ислом Каримовнинг тўнғич қизи терговдаги қонунбузарликлар ҳақида ёзган шикоятларига вилоят суди ва прокуратурадан бир хил қолипдаги қониқарсиз жавоб олаётганини айтган.

"Олий суд эса ҳар қандай мурожаатни инкор қилмоқда. Бундан ташқари менга бирорта суднинг ҳукми берилмади, улар (суд ҳукмлари, таҳ) билан танишиб чиқдим, дея қўл қўймадим" - дейилади мактубда.

Гулнора Каримова 2017 йилдан бошлаб ундан олиб қўйилган 1.2 миллиард долларлик мол-мулк моддий зарарни қоплаш сифатида қайд қилинмаганини алоҳида таъкидлаган.

У болалари рўйхатдан ўтган ва қонунан, олиб қўйиш мумкин бўлмаган уй ҳам мусодара қилинганини, ўзи ва фарзандларининг ҳужжатларидан тортиб бошқа шахсий буюмларини ҳам ололмаётганидан нолиган.

Каримова хоним Швециядаги пулларидан Ўзбекистон фойдасига воз кечиш қисман бошлаганини айтган.

Унинг таъкидлашича, шу вақтгача 131 миллион долларга даъвогар эмаслигини айтган.

Бу пуллар 2020 йил январ ойида гуманитар лойиҳаларга қайтарилиши керак бўлган, бироқ ДХХ ва Бош прокуратура томонидан босимлар бўлгач, Гулнора Каримованинг адвокатлари томонидан тўхтатиб қўйилган.

Шавкат Мирзиёевга ўзи яхши таниган икки фарзанднинг онаси сифатида мурожаат қилаëтганини айтган Гулнора Каримова¸ соғлиғига жиддий путур етгани ва зудлик билан операцияга муҳтожлигини урғулайди ҳамда озодликка чиқарилишини сўрайди.

Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов Би-би-си Ўзбек хизматига 2017 йил ўзларида Ўзбекистон ҳукуматидаги мулозимларга нисбатан компромат материаллар борлигини айтганди.

Францияда истиқомат қилаётган таҳлилчи Камолиддин Раббимов Гулнора Каримованинг инжиқликлари фойда бермагани учун пул таклиф қилаётганини айтади.

"Гулнора Каримова олдин инжиқлик қилиб кўрди, компроматлар борлигини айтди. Бироқ натижа бўлмади. Каримова ҳолатидаги вазиятнинг қалтислиги шундан иборатки, унга нафақат ҳукуматдагилар, балки Гулноранинг ўз оиласидагилар ҳам қарши ва унга ишонишмайди. Яқинлари Гулнорани назорат қилиш имконсиз эканлигини, у истаган вақти истаган нарсани гапириб юбориши мумкинлигини яхши билади" - дейди Камолиддин Раббимов.

Таҳлилчига кўра, Гулнора Каримова вақт унинг зарарига ишлаётганини билиб турибди. Бу кетишда фурсатни бой беришини ҳис қиляпти. Шунинг учун ҳам ҳукуматга озодлиги эвазига пул таклиф қилаётган бўлиши мумкин.

Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Гулнора Каримова ўзидаги бор пулни таклиф қилмаётгани эҳтимоли йўқ эмас.

"У Ўзбекистоннинг иқтисодий мураккаб шароитда эканлигини билган ҳолда, бойликларидан маълум қисмини ҳукуматга таклиф қилмоқда. Гулнора Каримованинг бойлиги аслида қанчалигини ҳукумат тор доирасидаги одамлар билиши мумкин" - дейди у.

"Бундан ташқари таклиф қилинаётган пуллар Гулнора Каримова етказган зарарни тўлиқ қоплайдими, деган савол ҳам долзарб" - дейди Камолиддин Раббимов.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek