Ўзбекистон: Энди мансабдорлар блогер ва журналистларни қамоқ билан қўрқита олмайдими? - O'zbekiston

Ҳокимга туҳмат қилишда айбланган Малоҳат Эшонқулова таъқиблардан қочиб Ўзбекистонни тарк этди

Сурат манбаси, courtesy

Сурат тагсўзи, Ҳокимга туҳмат қилишда айбланган Малоҳат Эшонқулова таъқиблардан қочиб Ўзбекистонни тарк этди
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Ўзбекистон туҳмат ва ҳақорат учун белгиланган қамоқ жазосини бекор қилмоқчи. Амалдорларни ҳақорат қилгани учун белгиланган жазо эса, жиноят кодексидан олиб ташланади ва жарима миқдори кескин туширилади.

Расмийлар ушбу ўзгартиришларни сўз эркинлиги учун қўйилган катта қадам сифатида баҳоламоқда. Бироқ ушбу чоралар етарлими? Энди айрим амалдорлар блогер ва журналистларни жиноят иши билан қўрқита олмайдими?

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан қонунларга ўзгартириш киритиш ҳақида лойиҳа regulation.gov.uz сайтига жойланди.

Қўшимчалар таклиф қилингандек кўринишда бўладиган бўлса, Жиноят кодексининг туҳмат ҳамда ҳақорат билан боғлиқ 139 ва 140- моддаларига жиддий ўзгартиришлар киритилади.

Туҳмат ва ҳаsорат учун белгиланган бир йилгача ва уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари умуман олиб ташланади.

Бундан ташқари, асосан амалдорлар фойдаланиб келгани айтиладиган жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш жазоси Жиноят кодексидан олиб ташланади.

Ушбу жазога ҳозирги вақтда базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима солинади. Яъни ўртача 89 миллион сўмдан қарийб 134 миллион сўмгача жарима тўлашга тўғри келади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ундан ташқари мансабдорни ҳақорат қилган шахс икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўзгартиришлар ҳозирги ҳолатида кучга кирадиган бўлса, ушбу қисм Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўтказилади ва жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ бараваридан олтмиш бараваригача туширилади. Бу 9 миллион сўмдан 13 миллион 380 минг сўмгача бўлган суммани ташкил қилади.

Бироқ жиноят кодексида ҳақоратга оид модданинг 2-қисмидаги "туҳмат қилганлиги учун илгари судланган шахс томонидан қилинган бўлса", деган қисм сақланиб қолмоқда.

Унга белгиланган қамоқ жазоси олиб ташланиш таклиф қилинаётган бўлса-да, айни вақтда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдори бўйича 89 миллион сўмдан қарийб 134 миллион сўмгача жарима тўлашга ўзгартириш киритилмаяпти.

Бу айрим амалдорларга блогер ва журналистларни жиноят кодекси билан қўрқитиб, оғзини ёпишда қўл келиши мумкин.

2019 йилнинг 10 октябрида ҳокимият идоралари ходимларининг ҳақоратомуз тасвирларини тарқатгани ва бўйсунмагани учун косонсойлик блогер Мавлонбек Аббосов 10 суткага қамалди.

Қамоқдан чиққанидан сўнг Мавлонбек Аббосов ижтимоий тармоқларда пост қолдиришни тўхтатди.

Асака тумани ҳокимидан тортиб бир неча амалдорга туҳмат қилишда айбланган андижонлик блогер Отабек Нуритдинов майда безориликда айбланиб 15 сутка қамоққа ташланди.

Блогер Отабек Нуритдиновга туҳмат ва ҳақорат бўйича яна 4 та суриштирув иши бошлаб қўйилган

Сурат манбаси, courtesy

Сурат тагсўзи, Блогер Отабек Нуритдиновга туҳмат ва ҳақорат бўйича яна 4 та суриштирув иши бошлаб қўйилган

Блогер қамалган вақти унга нисбатан туҳмат бўйича яна 4 та иш очиб қўйилди.

Би-би-си манбаларининг айтишича, расмийлар блогердан ижтимоий тармоқларда фаоллик кўрсатмасликни, акс ҳолда ушбу ишлар бу сафар жиноий ишга айланиши ва блогер тўлай олмайдиган жарималар ҳамда қамоқ жазоси билан тугаши ҳақида огоҳлантиришган.

Шунга ўхшаш ҳолат блогер Мавлонбек Аббосов билан бўлгани айтилади.

Журналист Малоҳат Эшонқулова Зомин тумани ҳокими ҳақида YouTubeда видео материал чоп қилганди.

Адвокатининг айтишича, маъмурий иш очиш ўрнига Ўзбекистон қонунлари бузган ҳолда Эшонқуловага жиноий иш очилди.

Журналист Тошкентдаги уйидан милиция ёрдамида рақамсиз машинада Жиззах шаҳрига, терговчининг ҳузурига ўғирлаб кетилди.

Малоҳат Эшонқулова тазйиқлардан ўзини сақлаш мақсадида Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди.

"Журналист туҳмат ва ҳақорат учун жиноий жавобгарликка тортиладиган бўлса, энг кам иш ҳақининг 200-400 баробарида жаримага тортиладими? Кечириб қўясиз-у, Ўзбекистонда журналист энг ночор қатлам ҳисобланади. Шусиз ҳам учма-уч зўрға кун кўраётган шўрлик журналист отнинг калласидек жарималарни қаердан тўлайди. Шахс қамалса бир киши азоб чекади, лекин у катта жаримага тортилса оиланинг бошқа аъзолари ҳам бу босимни ўзида ҳис қилади. Буни ҳам эътибордан қолдирмаслик керак", — дейди Малоҳат Эшонқулова.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот котиби Ҳикматилла Убайдуллаев келажакда Жиноий кодексдан туҳмат ва ҳақорат тушунчаси олиб ташланишига ишонади

Сурат манбаси, Facebook

Сурат тагсўзи, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот котиби Ҳикматилла Убайдуллаев келажакда Жиноий кодексдан туҳмат ва ҳақорат тушунчаси олиб ташланишига ишонади

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот котиби Ҳикматилла Убайдуллаевнинг Би-би-сига айтишича, қонунга ўзгартириш киритишдан асосий мақсад журналист амалдорни ҳақорат қилганида қамалиб кетишининг олдини олиш.

Қуйида Убайдуллаевнинг жавобини тўлиқ келтирамиз:

"Туҳмат қилгани учун илгари судланган шахс яна такроран туҳмат қилса, 600 баробаргача жаримага тортилиши — кодексда барча учун баробар қилиб белгилаб қўйилган норма. Бунда журналист ёки блогерни алоҳида бўрттириб, ажратиб кўрсатиш ва айнан уларга урғу бериш тўғри эмас. Чунки ушбу чора фақат журналист ёки блогерга эмас, барча фуқароларга нисбатан қўлланилиши назарда тутилган.

Ҳозирда оммавий ахборот воситалари, айниқса интернет тармоқлари асосий мулоқот майдонига айланди. Интернет — тўла назорат қилиш имконсиз бўлган виртуал ҳудуд, айрим тоифа одамлар ундан "нима хоҳласам, шуни ёзаман" қабилида нотўғри фойдаланишга ўрганиб қолишган. Ҳамма нарса мумкин деган алдамчи тасаввурлар ва жавобгарликнинг йўқлиги интернет тизимида ноқонуний ҳаракатларнинг авж олиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

Биз интернетдаги контентларни изчил кузатувларимиз ва ўрганишларимиз натижасида шунга амин бўлдикки, бу ерда туҳмат, ҳақорат ҳаддан ташқари кўпайган, ҳатто ўзаро тортишувларда ўлим таҳдидлари ҳам тез-тез учраб туради. Бу хавотирли ва келгусида ёмон оқибатларга олиб келувчи, огоҳликка ундовчи ҳолат.

Биз жамиятда маънавий соғлом муҳитни қарор топтиришни, мулоқот маданиятини, жоиз бўлса интернет маданиятини шакллантиришни истасак, кодексда кўзда тутилган жарималарни ҳам тўғри қабул қилишни ўрганишимиз керак.

Президент қарори асосида ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида туҳмат ва ҳақорат учун қамоқ жазосини бекор қилиш таклиф этилган. Энг муҳим масала — биров бировни ёки дейлик, журналист амалдорни ҳақорат қилган тақдирда, қамалмасин, озодликдан маҳрум этилмасин. Мақсадимиз шу.

Жарима миқдорига келадиган бўлсак, халқаро тажрибани ўрганганимизда кўп мамлакатларда туҳмат ва ҳақорат учун жуда юқори жарималар белгиланганига гувоҳ бўлдик. Масалан, АҚШда туҳмат учун 250 минг долларгача жарима ёки 10 йилгача қамоқ жазоси тайинланган. Буюк Британияда 1 млн фунт стерлинггача, Францияда 45 минг еврогача, Германияда ҳам катта жарималар кўзда тутилган. Шу давлатларда ва Испания, Швейцария, Норвегия, Дания, Австрия каби кўплаб мамлакатлар қонунчилигида ҳам жарима билан бирга, туҳмат учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Масаланинг яна бир муҳим томони шундаки, жарима миқдорининг юқорилиги — ўзига хос "тийиб турувчи" омил ҳисобланади. Бировга туҳмат қилмоқчи ёки ҳақорат ёғдирмоқчи бўлган одам ўзини қўлга олади, ақл ва одоб-ахлоқ меъёрлари доирасида муносабатга киришишга мажбур бўлади. Бу жамиятда умумий мулоқот маданияти ривожланишига хизмат қилади", дейди Ҳикматилла Убайдуллаев.

Халқаро кузатувчилар Жиноят кодексидан туҳмат ва ҳақорат ҳақидаги айблар олиб ташланмаса бу сўз эркинлигига таъсир қилиши ва коррупциянинг илдиз отишига сабаб бўлишини таъкидлашади.

Ўзбекистоннинг ҳамкори бўлган "Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти" коррупцияга қарши курашиш борасида кўплаб тавсиялар бериб келади.

Сўнгги ҳисоботларнинг бирида ташкилот Ўзбекистонга туҳмат ва ҳақорат моддаларини жиноят кодексидан олиб ташлашни тавсия қилган.

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни Ҳимоя Қилиш Қўмитаси (CPJ) нинг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича раҳбари Гулноза Саид қамоқ жазосининг олиб ташланиши борасидаги таклифни хушхабар, дейди.

Бироқ Гулноза Саидга кўра, ушбу ўзгартиришлар етарли эмас.

"Яъни туҳмат ва ҳақоратнинг мутлақо декриминализацияси бўлмаяпти. Агар ҳозирги ўзгартиришлар қабул қилинса, бундай жиноят учун кўзда тутилган жазолар сал юмшатилади. Бунда жарима бор, жамоатчилик манфаатида ишлаш бор, лекин халқаро демократик андозаларга мос келадиган чоралар кўрилмаяпти. Яъни сўз эркинлиги ва ахборот эркинлигини таъминлайдиган тўлиқ чора кўрилмаяпти. Ўзбекистон туҳмат ва ҳақорат ҳақидаги моддаларни жиноят кодексидан мутлақо олиб ташлаши керак", дейди Гулноза Саид.

Гулноза Саиднинг таъкидлашича, ушбу моддалар жиноят кодексидан олиб ташланмаса бу ҳукуматга журналист ва блогерларни назорат қилиш имконини беради.

Қонун лойиҳаси ташаббускори Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан Ўзбекистон нима учун халқаро ташкилотларнинг туҳмат ва ҳақорат моддаларини декриминализация қилиш борасидаги тавсияларини инобатга олмаётгани борасида сўрадик.

"Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Президент қарори асосида туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум этиш жазосини Жиноят кодексидан чиқариб ташлаш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиққан.

Бу ҳужжат жамоатчилик муҳокамаси учун интернетдаги очиқ порталга жойлаштирилган. Яъни, қонун лойиҳаси ҳали муҳокама жараёнида ва унга ҳар бир инсон ўз таклифларини бериши мумкин. Бундан мақсад — халқнинг, одамларнинг фикрини ўрганиш. Билдирилаётган муносабат ва таклифлар албатта инобатга олинади. Шуларни асос қилиб, қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқиш, жазо чораларини яна-да енгиллаштириш имконияти бор.

Турли ташкилотлар турлича тавсиялар бериши мумкин. Бу ўз номи билан "тавсия", яъни талаб ёки мутлақ қонуният эмас. Биз халқаро тажрибани ўрганиб, инсон ҳуқуқлари тамойилларидан келиб чиқиб, иш тутганмиз.

Оддий мисол: дейлик, бир одам иккинчи одамга туҳмат қилган ва ўша иккинчи одам жамоат олдида шарманда бўлганидан қаттиқ таъсирланиб, ўзини осиб қўйган. Айбдор осонгина жарима тўлаб кетавериши адолатга тўғри келадими? Инсон ҳаёти қанчадир миллион сўмга баҳоланадими?

Шу каби оғир оқибатларга сабаб бўлган тақдирдагина туҳмат ёки ҳақорат жиноят иши сифатида кўрилиши кўзда тутилмоқда, бу халқаро амалиётда ҳам бор.

Лекин туҳмат ва ҳақорат энг аввало Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс асосида кўриб чиқилади ва шу бўйича ҳукм қилинади. Яъни, бундай ҳолатлар содир этилиши билан жиноят сифатида қайд этилмайди. Шунинг ўзи ҳам либерал ёндашув ҳисобланади, бизнингча.

Биз жамиятда ёмон иллатларнинг илдиз отишига қаршимиз ва қонунларнинг инсон манфаатлари учун хизмат қилиши тарафдоримиз.

Менинг фикримча, яқин келажакда Ўзбекистон жиноят кодексидан туҳмат ва ҳақорат тушунчаси бутунлай чиқариб ташланади. Бугунги ислоҳотлар ҳам шунга қараб кетяпти ва босқичма-босқич шунга ҳам етиб борамиз.

Яна бир бор таъкидламоқчиман, таклиф этилган қонун лойиҳаси ҳали муҳокама жараёнида ва унга ҳар бир инсон ўз таклифларини бериши мумкин. Муҳокама якунига етгач, билдирилган таклифлар синчиклаб ўрганиб чиқилади ва эътиборга олинади", дейди агентлик матбуот котиби Ҳикмат Убайдуллаев.

Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитаси масъули Гулноза Саид ушбу қонун лойиҳаси муҳокамасида жамоатчилик фаол бўлиши кераклигини айтади.

Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитаси масъули Гулноза Саид қонун лойиҳаси муҳокамасида жамоатчилик фаол бўлиши кераклигини айтади

Сурат манбаси, Facebook

Сурат тагсўзи, Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитаси масъули Гулноза Саид қонун лойиҳаси муҳокамасида жамоатчилик фаол бўлиши кераклигини айтади

Гулноза Саид ушбу моддаларни жиноят кодексидан чиқариб ташлаш устида ишлаётган Қозоғистон тажрибасини мисол келтиради.

"Жараён қандай кетаётганини қиёслайдиган бўлсак, Қозоғистонда маҳаллий матбуот эркинлиги нодавлат ташкилотлари экспертлари мана шу янги қонунни яратиш жараёнига жалб қилинган. Аслида бу тўғри амалиёт. Афсуски Ўзбекистонда кўп йиллик тажрибага эга маҳаллий нодавлат ташкилотлари йўқ. Шунинг учун бу соҳада журналистлар манфаатидан келиб чиққан ҳолда. Қонунларни яратиш жараёнида иштирок этадиган экспертларнинг ўзи йўқ. Бундай ҳолатда халқаро ташкилотлар бор, ундан ташқари давлатлараро ташкилотлар ҳам бор. Масалан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича махсус вакили Арлен Дизер жаноблари. Шу кишининг идорасидаги қатор экспертлар одатда мана шундай қонун лойиҳаларини ободон ўрганиб чиқиб ўз экспертлик фикрини билдиради", дейди Гулноза Саид.

Қонун лойиҳаси regulation.gov.uz сайтига муҳокамага қўйилган. Унга ҳозирча 10 киши ўз фикрини билдирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek