Ўзбекистон инвесторлар учун етарли қонунчилик яратдими? Қисқа жавоб: ҳали йўқ - Британия юристи

Луи Скайнер узоқ йиллар Россия энергия секторида ишлаган
Сурат тагсўзи, Луи Скайнер узоқ йиллар Россия энергия секторида ишлаган
Ўқилиш вақти: 4 дақ

"Dentons" юридик фирмасининг юристи Луи Скайнер Россия ва МДҲ дохил дунё бўйлаб турли йирик энергия лойиҳаларида, хусусан энергия соҳасидаги шартномалар ва ҳуқуқий кафолатларни таъминлаш йўлида иш олиб борган. "Dentons" бугунда Тошкентда ҳам ўз ваколатхонасига эга, Луи Скайнер эса қатор хорижий инвесторларга ҳуқуқий маслаҳат бериш ва шартномаларини тузиш билан машғул. Жаноб Скайнер, шунингдек, Лондондаги Британ-ўзбек жамиятининг раисидир. Би-би-си журналисти Ибрат Сафо у билан Ғарб сармоядорларининг Ўзбекистонга қизиқиши қай даражада экани ва яшил энергия лойиҳалари ҳақида суҳбатлашди.

Скайнер: Умид қиламанки, биз Ўзбекистонни инвесторлар учун хавфсиз қилиш йўлида ишлаяпмиз. Инвесторлар бизга мурожаат қилишганида, биз ҳуқуқшунослар сифатида чин дилдан ва очиқ айта олайликки, ҳа, Ўзбекистонда ўзингиз учун бизнес хавфини камайтирувчи шартномаларни ва лойиҳаларни тузишингиз мумкин. Чунки, ҳозирда албатта саргузаштларни яхши кўрадиган компания ва инвесторлар бор, лекин бошқалар вазият қандай ривожланишини кутиб туришибди.

Би-би-си: Уларни ҳам тушунса бўлса керак, айниқса Ўзбекистоннинг яқин тарихида куйиб қолган хорижий инвесторлар тажрибасини ҳисобга олсангиз?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Скайнер: Ҳа.

Би-би-си: Унда қандай қилиб уларни ишонтирасиз? Улар қўрқмаслиги учун Ўзбекистонда етарли қонунчилик ва асос яратилганми?

Скайнер: Қисқа жавоб - ҳали йўқ. Энг устивор масалаларни ҳал қилиш йўлида кўп иш қилинди. Масалан, валютанинг эркин конвертацияси ва капитал назоратининг бекор қилиниши. Бу дегани, экспорт учун нимадир ишлаб чиқаётган бўлсангиз, нақд пулингизни олиб чиқишингиз мумкин ва унинг ярмини сўмга айлантириш мажбурияти остида эмассиз. Бу жуда муҳим, чунки у иқтисодий ишончни кучайтиради. Қонунчиликка келсак, умид қиламанки, Солиқ кодекси киритиляпти ва у қўшимча қиймат солиғини ойдинлаштиради. Корпоратив солиқ камайтирилмоқда. Муҳим қадамлар қилинган. Фуқаролик қонунларига келсак, Ғарб давлатларида инсонлар орасидаги алоқаларнинг тамал тошлари деб кўриладиган тушунчалар, масалан фуқарога вакиллик қилиш, кафиллик, зарарга қарши кафолат каби тушунчалар ҳали ўзбек фуқаролик кодексида йўқ. Улар Россия фуқаролик кодексида ҳам йўқ эди, бу тушунчалар атиги ўтган 10 йил ичида киритилди. Очиғи, Ўзбекистон ҳозир яхши босқичда турибди, чунки агар ўрганмоқчи бўлса, тажрибани узоқдан қидириши шарт эмас. Унинг қўшнилари бу босқичдан сал аввалроқ ўтиб, ўз қонунчилигини шакллантирганлар. У ғилдиракни қайта кашф қилиб ўтирмай, қўшниларникига бир боқса етади. Ундан ташқари, судлар ўта муҳим. Айниқса, мулкка эгалик ҳуқуқлари жуда муҳим. Агар мулкинг савол остига олинса, судлар сени ҳимоя қила оладими? Менимча, бу ҳалиям инвесторларни хавотирга солади. Лекин, албатта, ҳаммасига вақт керак. Ўз тажрибамдан келиб чиқсам, Ўзбекистон иқтисодидаги баъзи соҳаларга кириш учун довюрак одам бўлишинг керак. Ҳар қандай давлатда ҳам агар минерал захиралар ё энергия соҳасига аралашмоқчи бўлсанг, нафақат ҳукумат манфаатлари, балки йирик маҳаллий ўйинчиларга дуч келасан. Лекин, агар хусусий капитал жамғармаларининг саноатларга киритадиган сармоясига келсак, майдон кенг очиқ. Менимча, Ўзбекистонда энг сезиларли силжишлар савдо ва истеъмол секторларида сезиляпти. Мен билан ишлаётган хусусий банклар молияга ўта муҳтожлар, чунки кичик ва ўрта бизнеслар уларга кредит сўраб мурожаат қиляпти. Биламан, Осиё Тараққиёт банки ва Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки бу банкларга кредит линияларини бериб, шу орқали бизнесни қўллаб-қувватлашга уринишяпти. Ўйлайманки, Ўзбекистонда жуда кўп иш қилинди, лекин улар паст даражали бўлгани учун янгиликларга чиқавермайди. Лекин, мана шу кичик ислоҳотлар билан иқтисодлар қайта шаклланади. Россияда ҳам ҳамма нарса нефть нархига боғлиқ эмасди, балки истеъмол саноатлари, истеъмолчилар харажатига ҳам таянганди. Агар Ялпи ички маҳсулот жон бошига 3 минг доллардан ошса ва одамлар пулини банкка қўйишни бошлашса, кичик қарз олишга қодир бўлса, улар пулини кўрпача остида сақламай, ҳақиқий иқтисодга қўшила бошлайдилар. Фақат қора қозонни қайнатишдан кейинги босқичга ўтадилар. Шундай экан, агар иқтисодий ўсиш давом этса, 5 ё 6 йил ичида айниқса шаҳарларда ҳақиқий юксалишни кўрасиз. Айниқса банк соҳаси, молиявий технологиялар ва уларнинг истеъмолчига очиқлигини ҳисобга олсангиз, менимча ижобий кайфиятда бўлишга кўп асос бор.

Би-би-си: Сиз Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия лойиҳалари билан ҳам ишлайсиз. Ўзбекистон бу соҳада дунёдан жуда орқада. Сизнингча, ҳукумат қанчалар бел боғлаган бу соҳани ривожлантиришга?

Скайнер: Қайта тикланувчи энергия соҳаси охирги 10 йил ичида ҳаммани ҳайратда қолдирди. Масалан, 10 йил аввалги ҳисоботларни ўқисангиз, қуёш панеллари, шамол турбиналарига сарфланган харажат ҳозиргиларидан 6 ё 8 баравар юқори бўлган. Бу вазият ўзгаришига яна хитойликлар сабаб. Улар ўта йирик кўламда жуда яхши технологияларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйдилар, ва бунинг ортидан қайта тикланувчи энергияни олиш нархлари пастга шўнғиди. 5-6 йил аввал бундай лойиҳаларни ҳукуматлар субсидиялаши керак бўларди, чунки яшил энергияни олиш харажати газ ё кўмирникидан юқори эди. Лекин, ҳозир субсидияга зарурат йўқ. Ўтган ой "Масдар" компанияси Навоий вилоятида 100 мегаваттлик лойиҳани қўлга киритди ва бунга 2,67 цент тикди. Демак, унга бир киловатт энергия учун 2,67 цент тўланади. Бу ҳеч нарса эмас. Гап шундаки, Ўзбекистон энергия секторида бир-бирини субсидиялаш жуда кучли. Ўзбекнефтегаз Ўзбекэнергога газ беришга мажбур, сўнг Ўзбекэнерго энергияни ишлаб чиқариб бозорга беради. Бу қийин масала. Менимча, энергия соҳаси шундай ислоҳ қилиниши керакки, электр энергияси нархи ишлаб чиқариш харажатига қараб белгиланиши керак. Ирония шундаки, қайта тикланувчи энергия бунга ёрдам беради. Чунки анъанавий энергия секторларида йирик газ станциялари, кўмир станциялари, атом станциялари устунлик қилади. Бунинг учун катта ўзатиш ва тарқатиш инфратизилмалари керак ва бунга кўп инвестиция кетади. Лекин, қайта тикланувчи энергия фарқи шундаки, сиз саноат шаҳарчаси ёки катта шаҳар ёнига йирик қуёш энергияси заводи ё шамол турбиналари майдонини қурсангиз бўлади, ва бунинг учун узатиш линиялари керак эмас. Чунки сиз ўша маҳаллий заводдан энергияни маҳаллий саноат ё шаҳарга узатасиз. Шундай экан, яшил технологиялар нархининг тушиб бориши ва узатиш харажатлари камлигини ҳисобга олсангиз, менимча, келгуси 1-2 йил ичида Ўзбекистонда бу яхши ечим эканини англаб етишади. Йилига 320та қуёшли кун билан сиз Ўзбекистонда ҳар куни текин энергияга уйғонасиз ахир. Ҳозир Ўзбекистонда субсидиялаш ва ким қандай вазифага масъул экани борасида ечилмаган масалалар бор, Ўзбекнефтегаз ислоҳ қилиняпти, Энергия вазирлиги эндигина тузиляпти. Аминманки, музокаралар осон кечмайди, лекин қайта тикланувчи энергия алал-оқибат яхши ечим бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek